add

Илҳом Алиев Ўзбекистон ва бошқа туркий давлатларни ҳарбий ҳамкорликка чақирди

Унга кўра, дунёда халқаро ҳуқуқ эмас, фақат куч устуворлик қилаётган бир пайтда, ҳар бир давлат ўз ҳарбий қудратини биринчи ўринга қўйиши шарт.

Илҳом Алиев Ўзбекистон ва бошқа туркий давлатларни ҳарбий ҳамкорликка чақирди

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркий давлатлар ташкилоти аъзоларини ҳарбий соҳада яқинроқ ҳамкорлик қилишга чақирди. У дунёда «халқаро ҳуқуқ» деган тушунча йўқлигини, фақат куч, ҳамкорлик ва иттифоқ борлигини таъкидлади.

Алиев 5 январ куни маҳаллий телеканалларга берган интервюсида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини билдирди. У ўтган йил октябрда Габалада ўтган саммитда Озарбойжонда туркий давлатларнинг қўшма ҳарбий машғулотларини ўтказишни таклиф қилганини эслатди.

Президентнинг сўзларига кўра, Озарбойжон ва Туркия ўртасида аллақачон мустаҳкам ҳарбий иттифоқ мавжуд — ўтган йилда икки томонлама ва кўп томонлама 25 дан ортиқ қўшма машғулот ўтказилган.

«Бизнинг оиламиз бўлган туркий давлатлар ҳам бу соҳада ҳамкорлик қилиши яхши бўларди», - деди у.

Алиев бу таклиф янги ҳарбий блок («турк НАТОси») яратишни эмас, балки мавжуд ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутишини қатъий таъкидлади. Унинг фикрича, бугунги глобал таҳдидлар шароитида ҳар бир давлат ўз ҳарбий қудратини биринчи ўринга қўйиши, шу билан бирга туркий оила ичида бирлашиши керак. Бу ҳамкорлик энергетика, транспорт ва савдо соҳаларидаги муваффақиятларни ҳарбий йўналишга ҳам ўтказиш имконини беради.

Илҳом Алиев интервюда дунёдаги ҳозирги вазиятни «халқаро ҳуқуқ йўқ, фақат куч бор» деб баҳолади ва ҳар бир давлат ўз хавфсизлигини мустаҳкамлаши лозимлигини айтди.

«ТДТ аъзолари — Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва бошқалар — ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш туркий дунёнинг бирлигини янада мустаҳкамлайди», - дея қўшимча қилди у.

Теглар

Мавзуга оид