Илк IPO'сини ўтказган «UzNIF» 417 миллиард сўм зарар кўрди

Бугун 08:554 дақиқа

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси 2026 йилнинг биринчи чорагида 417,4 миллиард сўм соф зарар қайд этди. Мутахассислар фикрича, бу йўқотиш фонд бизнеси ёмонлашгани ёки реал пул йўқотишларини англатмайди.

Илк IPO'сини ўтказган «UzNIF» 417 миллиард сўм зарар кўрди © UzNIF

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) 2026 йилнинг биринчи чораги бўйича молиявий натижаларини эълон қилди. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида тайёрланган маълумотларга кўра, фонд ҳисобот даврини 417,4 миллиард сўм соф зарар билан якунлаган.

Бу кўрсаткич ўтган йил якунлари билан солиштирилганда кескин фарқ қилади. Хусусан, 2025 йил якунида фонд 1,4 триллион сўм соф фойда қайд этган эди. Биринчи чоракда эса операцион зарар 520 миллиард сўмдан ошди.

Акциялар қиймати таъсири

Ҳисоботда қайд этилишича, зарарнинг асосий қисми акцияларга киритилган инвестициялар бўйича адолатли қиймат ўзгариши билан боғлиқ. Фойда ёки зарар орқали адолатли қийматда ҳисобга олинадиган инвестициялар бўйича соф реализация қилинмаган зарар 520,7 миллиард сўмни ташкил этган.

Бу кўрсаткич фонд портфелидаги акциялар бозор қийматининг пасайганини англатади. Бироқ мазкур зарар реал эмас, яъни акциялар сотилмаган ва маблағлар чиқиб кетмаган. У фақат ҳисобот давридаги бозор баҳолари ўзгариши натижасида шаклланган.

Шу боис мазкур натижа фонд активларининг жорий бозор қийматига боғлиқ бўлиб, келгуси даврларда бозор конъюнктурасига қараб ўзгариши мумкин.

Шу билан бирга, KAP DEPO раҳбари Фаррух Ходжаев мазкур молиявий натижалар инвесторлар томонидан тўғри талқин қилиниши кераклигини таъкидлади.

Унинг фикрича, биринчи чоракда қайд этилган 417 миллиард сўмлик зарар сарлавҳаларда хавотирли кўриниши мумкин.

«Ҳозир бозор учун энг муҳим вазифа — фонднинг молиявий ҳисоботларини тўғри талқин қилиш ва активлар қийматининг бухгалтерия баҳоси ўзгаришини операцион муаммолар билан аралаштирмасликдир», — дейди у.

Ходжаевнинг таъкидлашича, манфий натижанинг катта қисми инвестиция портфели қийматининг қайта баҳоланиши ҳамда активлар алмашинуви операциялари билан боғлиқ. Яъни бу анъанавий маънодаги нақд пул йўқотилиши эмас.

Унинг сўзларига кўра, МҲХС талабларига биноан активлар адолатли қийматда ҳисобга олинганда, портфель қийматидаги ўзгаришлар ҳатто активлар сотилмаган тақдирда ҳам фойда ёки зарар кўрсаткичларига таъсир қилади. Шу сабабли мазкур ҳолатни «қоғоздаги зарар» сифатида баҳолаш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 25 февралда қабул қилинган ПҚ–74-сонли қарорга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар «Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси» АЖ устав капиталидаги 30 фоизгача акциялар халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи оммавий таклиф орқали сотилиши маълум қилинган эди. 29 апрел куни эса Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) 30 фоиз улуши учун IPO бошланганини эълон қилди. Акцияларнинг илк марта оммавий чиқарилиши London Stock Exchang ва Тошкентда икки томонлама, «дуал листинг» кўринишида ўтказилди.

IPO доирасида оддий акциялар ва глобал депозитар тилхатлар (GDR) таклиф этилди. Таклиф қилинган барча қимматли қоғозлар жамғарманинг ягона акциядори ҳисобланган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан сотувга чиқарилди. Жами 1,56 трлн дона акция таклиф қилинди, бу жамғарма акциядорлик капиталидаги 31 фоиз улушга тўғри келади. Битта глобал депозитар тилхат 64 700 та акцияга тенг қилиб белгиланди.

Тошкент фонд биржасида қарийб 47,9 млрд дона акция сотилди. Жисмоний шахслар учун акция нархи 4,65 сўм қилиб белгиланган бўлиб, 12 млрд сўмгача буюртма берган инвесторларга 5 фоизлик чегирма қўлланилди.

Натижада улар акцияларни 4,41 сўмдан харид қилди. London Stock Exchang биржасида эса 1,5 трлн донага яқин акция 23,4 млн дона глобал депозитар тилхат — GDR шаклида жойлаштирилди.

Ҳар бир GDR нархи 25 доллар қилиб белгиланди. Жалб қилинган маблағларнинг умумий суммаси қарийб 603,6 млн долларни ташкил этди.

Барча қимматли қоғозларни амалдаги акциядор — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сотгани сабабли, компаниянинг ўзи IPO маблағларини олмайди.

Шунингдек, келгуси 30 кун ичида қўшимча жойлаштириш опциони доирасида яна 3,5 млн донагача GDR сотилиши мумкин. Агар ушбу механизм тўлиқ ишга туширилса, IPO доирасида сотилган улуш 35 фоизгача, жалб қилинган маблағ ҳажми эса 692 млн долларгача етади.

Бирламчи жойлаштириш нархидан келиб чиқиб, Миллий инвестиция жамғармасининг бозор капитализацияси 1,95 млрд долларга баҳоланди.

IPO натижалари

IPO жараёнида инвесторлар талаби таклиф ҳажмидан тўрт баробардан кўпроқ бўлиб, умумий талаб 2,9 млрд долларни ташкил қилди. Бунда асосий қизиқиш Буюк Британия (41 фоиз) ва АҚШ (37 фоиз) ҳисобига тўғри келди. Асосий инвесторлар қаторида BlackRock, Franklin Resources ва Redwheel иштирок этди.

Инвесторлар орасида тақсимланган акцияларда эса Буюк Британия яққол пешқадам бўлди — 59 фоиз. АҚШдаги инвесторлар учун IPO'дан 30 фоиз улуш тақдим қилинди.

Маҳаллий инвесторларнинг IPO'даги улуши эса 3 фоиз бўлиб, 214,6 млрд сўм ёки 17,7 млн долларни ташкил қилди.

Бунда акцияларнинг 71,6 фоизи чакана инвесторлар ҳисобига тўғри келди. «UzNIF» IPO'сида 5 мингга яқин маҳаллий чакана инвестор қатнашган бўлса, уларнинг ўртача хариди 31,5 млн сўм бўлди.

GDR'лар савдоси London Stock Exchang 13 майдан бошланди. «Тошкент» республика фонд биржасида эса UZNF тикери остида 18 майдан муомалага чиқарилди. 18 май, савдоларнинг биринчи кунида «UzNIF» акциялар Тошкент фонд биржасида 70 фоиздан кўпроқ қимматлади. 1 дона акция нархи 7,5 сўмгача кўтарилди.

Бироқ, кейинчалик шу куни бозорда нархларнинг тўғирланиши содир бўлди ва акциялар кунни 5,46 сўм нарх билан якунлади. 20 май ҳолатига кўра, жамғарманинг 1 дона акцияси нархи 5,78 сўмни ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, «UzNIF» Ўзбекистондаги 13 та стратегик давлат активлари улушидан шакллантирилган. Улар орасида Uzbekistan Airways, Саноатқурилишбанк, Ўзбекистон темир йўллари каби йирик активлар бор.

Теглар

Мавзуга оид