
Иловада олса бўладиган олтин, биржада арзонлашган буғдой ва қорамоллардаги касаллик — 4 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Шавкат Мирзиёев Қатарга ташрифини якунлаб, Вашингтонга жўнаб кетди
Президент Шавкат Мирзиёев Қатарга амалий ташрифини якунлаб, АҚШ президенти таклифига биноан «C5+1» саммитида иштирок этиш учун Вашингтонга жўнаб кетди. Ташриф доирасида у АҚШ президенти, Конгресс ва вазирликлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Учрашувларда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни, хусусан, савдо, инвестиция ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилади. Шунингдек, Мирзиёев АҚШнинг етакчи компания ва молия институтлари раҳбарлари билан учрашади.
Қорамолларда «Нодуляр дерматит» тарқалгани ҳақидаги хабарга расмий изоҳ берилди
Ветеринария ва чорвачилик қўмитаси қорамоллар орасида «Нодуляр дерматит» касаллиги тарқалаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Қўмита матбуот котиби Анвар Суюнов маълум қилишича, мамлакатнинг ҳеч бир ҳудудида бундай ҳолат аниқланмаган, тарқалаётган маълумотлар эса уйдирма ҳисобланади.
Расмий изоҳга кўра, айрим тадбиркорлар муддати яқинлашган дори воситаларини сотиш мақсадида «касаллик тарқалди» деган хабарларни атайлаб ёйишмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда эпизоотик вазият барқарор, дерматит белгилари лаборатория текширувларида ҳам тасдиқланмаган.
Биржада цемент ва буғдой нархларида пасайиш кузатилди
Ўтган ҳафта “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси”да цемент ва буғдой нархлари пасайиши кузатилди. 27 октябр – 2 ноябр кунлари ўтказилган савдоларда 38 мингдан ортиқ битим тузилиб, бюджет ва корпоратив буюртмачилар қарийб 150,6 млрд сўм маблағни тежади.
Маълумотларга кўра, цементнинг ўртача нархи 642,3 минг сўмдан 578,2 минг сўмга, буғдой нархи эса 3 172,6 минг сўмдан 3 140,5 минг сўмга тушди. Биржа маълумотига кўра, бозорда барқарор нарх динамикаси сақланмоқда.
Самарқанд ноябр ойида яна бир халқаро анжуманга мезбонлик қилади
Самарқанд ноябр ойида ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенциянинг 20-конференциясига (CITES COP20) мезбонлик қилади. Женевада бўлиб ўтган брифингда тадбирга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди, деб хабар берди Экология вазирлиги.
CITES бош котиби Ивонн Игуеро маълум қилишича, форумда 185 давлатдан 3 мингга яқин делегат иштирок этади. Самарқанддаги анжуман 2025 йилнинг энг йирик экологик воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда. Тадбир доирасида 100 дан ортиқ қўшимча сессия ва кўргазмалар ўтказилиб, ноёб турларни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш масалалари муҳокама қилинади.
Ўзбекистонда энди олтинни мобил илова орқали харид қилиш мумкин
Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Банклар томонидан қимматбаҳо металлар билан операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат банклар ва микромолия банкларига қимматбаҳо металлар билан савдо қилишнинг янги имкониятларини белгилайди.
Низомга мувофиқ, мижозлар эндиликда банкнинг мобил иловаси орқали ўлчовли олтин қуймаларни сотиб олиш ва уларни қайтариб сотиш имконига эга бўлади.
Тижорат банкларида қимматбаҳо металлар билан боғлиқ қуйидаги операциялар амалга оширилади:
— мижозлар томонидан ўлчовли олтин қуймаларни банкнинг мобил иловаси орқали сотиб олиш ва қайтариб сотиш;
— банклар томонидан ўлчовли олтин қуймаларни Марказий банкдан сотиб олиш орқали сотиш ва қайтариб сотиб олиш;
— банклар томонидан қимматбаҳо металларни электрон (жисмоний бўлмаган) кўринишда сотиш ва қайтариб сотиб олиш.
Шунингдек, банклар ва мижозлар ўртасида қимматбаҳо металлар билан операциялар мобил илова орқали амалга ошириладиган электрон шартнома — оферта тасдиқланганидан сўнг кучга киради.





