add

Ими-жимида тасдиқланган бюджет: 41 трлн сўм маблағ қаерга сарфланди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил бюджети харажатларининг 41 трлн сўмга оширилиши жамоатчилик кўзидан яширинча тасдиқланди, аммо қўшимча маблағларнинг тўлиқ тақсимоти ва қарор қабул қилиш жараёнига оид очиқ маълумотлар ҳанузгача саволлар уйғотмоқда.

Ими-жимида тасдиқланган бюджет: 41 трлн сўм маблағ қаерга сарфланди?

Қонунчилик палатаси 2025 йил бюджети учун харажатларнинг 41 трлн сўмга ошишини ҳеч қандай трансляция ва хабарларсиз тасдиқлаган. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар топган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги парламент депутатларига бюджет харажатларининг нима сабабдан кескин ошгани, тузатишлар қандай кўриб чиқилгани ва қабул қилингани юзасидан расмий манбаларда маълумот очиқламаган.

Маълум бўлишича, ҳужжат 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети ва солиқ сиёсати тўғрисидаги қонун кўриб чиқилган кунларда, яъни 3–5 декабр кунлари муҳокама қилинган. Аммо бу ҳақда маълумотлар парламент сайтига жойлаштирилмаган.

18 декабр куни бўлиб ўтган Сенатнинг 12-ялпи мажлисида «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Қонун муҳокама этилаётгани маълум бўлган.

Тартибга кўра, қонун лойиҳалари аввало Қонунчилик палатасида уч ўқишда кўриб чиқилиб, шундан сўнг парламентнинг юқори палатаси — Сенатга юборилиши керак.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам йил давомида бюджет харажатларини ошириш бўйича ташаббусларни парламент муҳокамасига чиқармаган, қўшимча харажатларнинг зарурлигига оид маълумотларни депутатларга тақдим этмаган. Давлат бюджетига тузатишлар киритиш тўғрисидаги лойиҳа йил охирида Қонунчилик палатасига киритилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, йил тугашига бир неча кун қолганда белгиланган ортиқча ва аллақачон ишлатилган харажатларни парламентга тасдиқлатиш янгилик эмас. Аммо яширинча тасдиқлатиб олиш — аввал кузатилмаган ҳодиса.

Маълумот учун, 2024 йил якунида давлат органлари ва ташкилотларининг харажатлари қонунда белгиланганидан қарийб 10 трлн сўмга ошиб кетган. Болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар миқдори эса 2 трлн сўмга камайтирилган. Натижада, 2024 йилда давлат бюджети харажатлари 255,4 трлн сўмдан 265,4 трлн сўмга кўпайган. 2024 йилда тузатишларни кўриб чиқиш Қонунчилик палатасида 9 дақиқа давом этган ва ҳеч қандай саволларсиз депутатлар томонидан маъқулланган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2023 йилда ҳам йил якунига 15 кун қолганда давлат бюджети тўғрисидаги қонун ўзгартирилган эди. Депутатлар умумий бюджет тақчиллиги чегарасини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5,5 фоизга, йиллик ташқи қарз чегарасини эса 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача оширишни маъқуллашган. Бу қарор 20 дақиқа ичида тасдиқлаб берилган.

 

41 трлн сўм маблағ қаерга сарфланди?

2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш масаласи Сенат ялпи мажлисида Бюджет-иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев томонидан маълум қилинган.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатларининг секинлашуви, озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг ошиши, шунингдек, глобал молия бозорларида фоиз ставкаларининг кўтарилиши давлат бюджети сиёсатини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Шу шароитда инфляция босимини юмшатиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Дастлаб 2025 йил учун ЯИМ ўсиши 6 фоиз даражасида режалаштирилган бўлса, йил якуни бўйича ушбу кўрсаткич 7 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу эса давлат бюджети даромадларининг ҳам сезиларли ошишига хизмат қилмоқда.

Хусусан, 2024 йилга нисбатан фойда солиғи тушумлари 30 фоизга, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 26 фоизга, қўшилган қиймат солиғи 25 фоизга ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 17 фоизга ошиши прогноз қилинмоқда.

Давлат бюджетидан маблағ ажратишнинг чекланган миқдори 281,16 трлн сўмдан 322,5 трлн сўмни ташкил қилмоқда. Яъни, қўшимча қарийб 41 трлн сўм турли ижтимоий ва иқтисодий йўналишларга йўналтирилади.

Энг катта улуш аҳоли турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ харажатларга тўғри келади. Жумладан, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни ошириш учун қўшимча 5,8 трлн сўм ажратилган. 2025 йил 1 июлдан пенсия ва нафақалар 10 фоизга, 1 августдан бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи ва стипендиялар 10 фоизга оширилган. Ушбу мақсадлар учун жами 5,3 трлн сўм йўналтирилган.

Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимларининг иш ҳақларини ошириш учун 79 млрд сўм, маданият муассасалари ходимлари учун эса қўшимча 298 млрд сўм ажратилган. Миллий статистика қўмитаси ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини ўзгартириш билан боғлиқ харажатларга 76 млрд сўм сарфланган.

Президентнинг 2025 йил 3 мартдаги қарорига мувофиқ, ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун 2,7 трлн сўм маблағ йўналтирилади. Бу маблағлар, айниқса, куз-қиш мавсумига тайёргарликни кучайтиришга хизмат қилади.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш доирасида соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам қўшимча маблағлар ажратилмоқда:

  • тиббий хизматлар сифатини яхшилаш учун 435 млрд сўм;

  • соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш учун 311 млрд сўм.

  • «Камбағаллик ва фаровонлик сари» дастури учун 2025 йилда белгиланган 3,2 трлн сўмдан ташқари яна 1,6 трлн сўм қўшимча маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

  • Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни молиялаштириш учун қўшимча 3,6 трлн сўм ажратилади. Хусусан, пахта хомашёси учун берилаётган субсидиялар ҳамда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш учун 308 млрд сўм йўналтирилади.

  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳажми 59,2 трлн сўмдан 59,9 трлн сўмга етказилади. Бундан ташқари, мактабгача ва умумтаълим муассасаларини қуриш ва жиҳозлаш учун қарийб 192 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.

  • Шунингдек, марказлашган инвестиция лойиҳалари ва ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш учун 5,8 трлн сўм қўшимча маблағ йўналтирилади.

Қонунга киритилаётган ўзгартиришларга қарамай, консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмайди ва аввал тасдиқланган параметрлар доирасида сақланиб қолади.

Сенатдаги муҳокамаларда қўшимча харажатларнинг 26 трлн сўмга тенг йўналишлари санаб ўтилган. Қолган 15 трлн сўм қандай тақсимлангани аниқлаштирилмаган.

 

Иқтисодчилар нима дейди?

Иқтисодчи журналист Баҳодир Абдуллаевнинг ёзишича, бюджетнинг нафақат тақчиллигига, балки харажатларнинг ўзгаришига нисбатан ҳам чекловчи қоидалар жорий этилиши мақсадга мувофиқ. Бу кучли тебранувчан даромад ва харажатларнинг барқарорлик ва самарадорликка таъсирини юмшатади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса масаланинг бошқа томонига эътибор қаратган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда бюджет тақчиллигига нисбатан фискал қоидаларни ишлаб чиқиш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилиб келинмоқда. Бироқ масалага фақат тақчиллик доирасида қараш муаммонинг тўлиқ манзарасини очиб бермайди.

Унинг фикрича, асосий хатар нафақат харажатларда, балки даромадларнинг шаклланишида ҳам яширинган. Хусусан, олтин ва мис каби хомашё ресурслари жаҳон бозорида қимматлашган даврларда давлат бюджетига қўшимча тушумлар келиб тушади. Бундай шароитда тизимдаги институционал заифлик ва интизом етишмаслиги ортиқча даромадларни оқилона бошқариш ўрнига, уларни тез ва назоратсиз ўзлаштиришга мойилликни кучайтиради.

Отабек Бакировнинг қайд этишича, агар аниқ чекловлар ва ишлайдиган механизмлар бўлмаса, ҳар қандай қўшимча маблағга мос равишда «лойиҳа» ҳам топилади.

Шунингдек, иқтисодчи Миркомил Холбоев ҳам харажатлар ўсишининг потенциал хатарларига эътибор қаратган. Унинг таъкидлашича, қулай ташқи шароитлар — хусусан, олтин ва бошқа хомашё нархларининг юқори бўлиши — қисқа муддатда бюджет даромадларини ошириши мумкин. Аммо бу ҳолат харажатларни доимий равишда кенгайтириш учун барқарор асос бўла олмайди.

«Даромадларнинг пасайиши фонида ошиб кетган харажатларни қисқартириш энг оғриқли жараён ҳисобланади. Қисқартиришлардан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами энг катта зарар кўриши мумкин», — деб ёзмоқда Холбоев.

Бундан ташқари, харажатларнинг тез ўсиши инфляцион босимни кучайтиради, реал валюта курсининг мустаҳкамланишига олиб келади ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини пасайтиради. Энг катта хавф эса шундаки, хомашё нархлари пасайган тақдирда даромадлар кескин қисқаради, аммо аввал ошириб юборилган харажатларни қисқартириш жуда оғриқли жараёнга айланади.

Бундай вазиятда фискал сиёсат орқали иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш имкониятлари чекланади, давлат қарзига босим ортади ва иқтисодий пасайиш чуқурроқ ҳамда узоқроқ давом этиши мумкин. Шу боис, юқори даромадлар даврида уларни тўлиқ харажатга йўналтириш эмас, балки жамғариш ва эҳтиёт механизмларини кучайтириш муҳим.

«Мусиқа тўхтаганда» ўзимизни яхшироқ ҳис қилишимиз учун ҳозирдан шу шарт-шароитга тайёргарлик кўрилиши энг тўғри йўл бўлар эди, — дейди Холбоев.

Эслатиб ўтамиз, 25 декабр куни Ўзбекистонда 2026 йил учун Давлат бюджети расман тасдиқланди. Жумладан, мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун ижара тўловларининг энг кам ставкалари белгиланди. 

Бундан ташқари, чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кириши ва мамлакат орқали транзити учун ундириладиган йиғимлар ставкалари ҳам тасдиқланди. Мазкур чоралар ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш, инфратузилма харажатларини қоплаш ва давлат даромадларини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Мазкур Қонун 2026 йил 1 январдан кучга киради ва йил давомида бюджет сиёсати учун асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 26

Барчаси

Мавзуга оид