add

Инсон аъзолари трансплантациясида янги тартиб ва 38 давлатда тан олинадиган Ўзбекистон дипломи — 24 ноябр дайжести

Кеча 21:523273 Дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Инсон аъзолари трансплантациясида янги тартиб ва 38 давлатда тан олинадиган Ўзбекистон дипломи — 24 ноябр дайжести

Ўзбекистон қишда Қирғизистонга электр етказиб беришни бошлайди

Келишувга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумида Қирғизистонга электр энергияси етказиб беради. Қирғизистон эса қишда камроқ электр ишлаб чиқариб, Тўхтағул сув омборида сув тўплаш имконига эга бўлади. Жамғарилган сув эса 2026 йилги вегетация даврида Қозоғистон ва Ўзбекистонга йўналтирилиб, жанубий ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги майдонлари учун барқарор суғориш имкониятини таъминлайди. Бу чорлов минтақада сув ва энергия тақчиллиги хавфи кучайган шароитда стратегик аҳамиятга эга.

Ўзбекистон энергетика тизими электр етказиб бериш, транзит ва тизим мувозанатини таъминлаш бўйича техник тайёрлигини билдирди. Қозоғистон ҳам хўжалик ва сув хўжалиги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда қўшимча электр ҳажмларини етказиб беришга тайёрлигини тасдиқлади.

Трансплантация амалиёти учун тиббий хулосалар бериш тартиби белгиланди

21 ноябрда Адлия вазирлиги Инсон аъзоларини трансплантация қилиш ҳақида реципиентлар ва донорларга тиббий хулосалар бериш бўйича низомни рўйхатдан ўтказди. Ушбу низомда реципиент (қабул қилувчи) ва донорларни тиббий текширувлардан ўтказиш ҳамда трансплантация амалиёти учун тиббий хулосалар бериш тартиби белгиланди. Унга кўра, реципиент ва тирик донор тиббиёт муассасаларида 3 ой ичида тиббий текширувлардан ўтиши керак.

Шунингдек, тиббий текширув хулосаларига кўра трансплантация амалиётига рухсат бериш фақат Ҳукуматнинг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарорида кўрсатилган давлат тиббиёт муассасаларининг тиббий консилиуми томонидан амалга оширилади. Тиббий консилиум реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, донорга эса трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулосани беради ёки беришни рад этади.

Ўзбекистонда олинган диплом 38 та давлатда тан олиниши мумкин

Ўзбекистон Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияни ратификация қилди. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги хабар берди. Агентлик конвенция асосида Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон дипломлари Ўзбекистонда амал қилиши ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Ўзбекистонда хорижий давлатлар дипломларини тан олиш тегишли қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Тегишли низом билан мамлакатда тўғридан-тўғри тан олинадиган хорижий давлатларда олинган ҳужжатлар тоифалари белгиланган.

Жумладан, Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан-тўғри тан олиниши белгиланган. Мазкур конвенция ЮНЕСКО шафелигида ишлаб чиқилган биринчи шартнома ҳисобланади. Унинг 4-моддасида конвенциянинг аъзоси бўлган иштирокчи давлат конвенциянинг аъзоси бўлган бошқа иштирокчи давлатларда эгалланган ва ҳужжатлар орқали тасдиқланган малакаларни тан олиш мажбурияти кўрсатилган.

Рақобат қўмитаси «пулли парковка» бўйича ўрганиш бошлади

Рақобат қўмитаси пойтахтдаги пулли автотураргоҳ операторларини устун музокара кучи сифатида алоҳида ўрганишни бошлади. Қўмитага кўра, улар устун бозор ўйинчиси эмас, аммо битим шартлари, хизмат ҳудуди ёки нархга бир томонлама таъсир кўрсатиши мумкин бўлган субъектлар қаторига киради. Шу боис тариф белгилаш ва шартлар бўйича амалиётлари чуқур таҳлил қилинмоқда.

Жами 66 та корхона шундай “устун музокара кучи”га эга субъект сифатида рўйхатга киритилган ва доимий назорат қилинади. Пулли парковка операторларига оид ўрганишда қонун бузилиши аниқланса, белгиланган тартибда чора кўрилади. Қўмита «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси асосида бозорда тенг рақобат ва шаффофликни таъминлашни мақсад қилганини таъкидлаган.

Ўзбекистонда 10 ойда қарийб 70 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди

Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–октябр ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан электр энергия ишлаб чиқариш 103,8 фоизни, йирик корхоналар томонидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш эса 88,9 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Жумладан, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида мамлакатда жами 69,2 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 66,7 млрд kWh'ни ташкил этган.

Шунингдек, 2025 йилнинг 10 ойида республикадаги йирик корхоналар томонидан 15,7 млн Gkal иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилди. Солиштириш учун, 2024 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 17,6 млн Gkal бўлган.

Теглар

Мавзуга оид