Ишдан олингани айтилаётган Энергетика вазири, Тошкент марказидаги янги BRT йўлаги ва Сирожиддин Одилов устидан суд — 24 июл дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тошкентнинг Шаҳрисабз кўчасида BRT линияси қурилиши бошланди
Тошкентда 24 июлдан 9 августгача Шаҳрисабз кўчасининг Шаҳрисабз–Миробод–Шота Руставели айланма чорраҳасидан Амир Темур шоҳ кўчасигача бўлган қисмида BRT (Bus Rapid Transit) йўлагини қуриш ишлари олиб борилади. Янги йўлак аввал барпо этилаётган Шота Руставели кўчасидаги BRT линияси давоми бўлади.
Қурилиш даврида транспорт ҳаракати тўлиқ тўхтатилмайди — автомобиллар учун кўчанинг икки четки қатнов қисми очиқ қолади, ишлар эса марказий йўлакларда амалга оширилади. Шунингдек, келгусида BRT тармоғини Амир Темур шоҳ кўчаси ва Янги Сергели кўчаси томон кенгайтириш ҳам режалаштирилган.
Фарғонада ноқонуний криптоактивлар савдоси билан шуғулланган шахс қўлга олинди
Фарғона вилоятида ноқонуний криптоактивлар савдоси билан шуғулланганликда гумон қилинган шахс қўлга олинди. Тезкор тадбир давомида унинг хонадонидан ноутбук, иккита мобил телефон ва 43 та банк пластик картаси ашёвий далил сифатида олинган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, гумонланувчи ушбу воситалар орқали умумий қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг USDT криптоактивлари билан ноқонуний операцияларни амалга оширган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278−8-моддаси (криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш рейтингида топ 50 таликка кирди
Numbeo платформасининг Health Care Index рейтингида Ўзбекистон 101 давлат орасида 49-ўринни эгаллаб, 64,4 балл тўплади. Шу билан мамлакат Марказий Осиёда биринчи ўринни қайд этди, Тошкент эса шаҳарлар рейтингида 65,7 балл билан минтақада Остонадан кейин иккинчи бўлди. Рейтингда Ўзбекистон тиббий хизматлар нархи, муассасаларнинг аҳолига яқинлиги ва шифокорларнинг беморларга муносабати бўйича юқори баҳоланган.
Рейтинг фойдаланувчиларнинг сўнгги 36 ойдаги баҳолари асосида шакллантирилади ва тиббиёт ходимлари малакаси, хизмат сифати, диагностика, хизматлардан фойдаланиш имконияти ҳамда нарх каби мезонларни қамраб олади. Рейтингда Тайван биринчи, Жанубий Корея иккинчи ва Япония учинчи ўринни эгаллаган. Мутахассислар фикрича, Ўзбекистоннинг кейинги ўринларни яхшилаши учун тиббий суғурта қамровини кенгайтириш, рақамлаштириш ва замонавий тиббий инфратузилмани ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Манба: Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилди
Vaqt.uz'нинг бир-биридан мустақил икки манбасига кўра, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилган. У мазкур лавозимда 2022 йил сентябридан буён фаолият юритиб келаётган эди.
Жўрабек Мирзамаҳмудов вазир этиб тайинланишидан аввал, 2020–2022 йилларда «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. Ҳозирча унинг ўрнига ким тайинланиши ёки лавозимдан озод этилиш сабаблари юзасидан расмий маълумот берилмаган.
Блогер Сирожиддин Одилов устидан иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди
24 июл куни Жиззах шаҳар судида блогер Сирожиддин Одилов (Sirojiddin Media)га оид жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда кўриб чиқилиши режалаштирилган олтита эпизоднинг бештаси ўрганилиб, жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди ҳамда улар судя, прокурор ва адвокатлар томонидан сўроқ қилинди.
Одилов товламачилик ва фирибгарлик моддалари бўйича айбланмоқда. У жорий йилнинг 9 март куни қўлга олинган эди. Иш бўйича навбатдаги суд мажлиси 27 июль кунига белгиланган.





