Logo

Ишлаб чиқаришга 100 трлн, таълимга 7 трлн: Ўзбекистонда энг кўп инвестиция қайси соҳага тикилмоқда?

Бугун 08:002 дақиқа

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантириш учун қарийб 339 триллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилди.

Ишлаб чиқаришга 100 трлн, таълимга 7 трлн: Ўзбекистонда энг кўп инвестиция қайси соҳага тикилмоқда? © Foto: lunainc

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун 2026 йил январ–июн ойларида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 338,9 трлн сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилган.

Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 17,5 фоизга ошган.

Энг катта маблағ ишлаб чиқариш саноатига йўналтирилган — 100,5 триллион сўм. Кейинги ўринларда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 32,9 триллион сўм ҳамда қурилиш 32,5 триллион сўм билан қайд этилган.

Энергетика ва уй-жой

Электр энергияси, газ, буғ ва кондицияланган ҳаво соҳасига 29,9 триллион сўм инвестиция киритилган. Турар жой қурилишида ўзлаштирилган маблағлар 27,3 триллион сўмни ташкил этган.

Тоғ-кон саноатига 21,8 триллион сўм, ташиш ва сақлаш соҳасига 16,3 триллион сўм инвестиция тўғри келган. Улгуржи ва чакана савдо, шунингдек, автотранспорт воситаларини таъмирлаш соҳасига 13,7 триллион сўм йўналтирилган.

Сув билан таъминлаш, канализация, чиқиндиларни йиғиш ва қайта фойдаланиш соҳасида 7,4 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилган. Таълимга 7,2 триллион, ахборот ва алоқа соҳасига 5,8 триллион сўм сарфланган.

Хизматлар улуши қанча?

Яшаш ва овқатланиш хизматларига 5,6 триллион сўм инвестиция киритилган. Касбий, илмий ва техник фаолият ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларга 4,6 триллион сўмдан тўғри келган.

Молия ва суғурта фаолиятига 2,4 триллион, санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасига 2 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилган. Бошқа фаолият турларига эса 24,4 триллион сўм йўналтирилган.

Рақамлар инвестицияларнинг асосий қисми ишлаб чиқариш саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва энергетикага йўналтирилаётганини кўрсатади.

Теглар

Мавзуга оид