Ишсиз қолганларга вақтлироқ бериладиган пенсия, 84,1 млрд долларлик ташқи қарз ва Қорабоғдаги ўзбек ҳарбийлари — 1 октябрь дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Айрим ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинланади
Ҳукуматнинг 2026 йил 28 сентябрдаги (519-сонли) қарорига мувофиқ, меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинган фуқароларга муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинлашнинг янги тартиби тасдиқланди. Унга кўра, умумий меҳнат стажи 25 йилдан кам бўлмаган 58–60 ёшдаги эркаклар ҳамда 20 йилдан кам бўлмаган 53–55 ёшдаги аёллар ЯИДХП орқали тегишли сўровнома юбориши мумкин. Агар маҳаллий меҳнат органи 3 ой давомида ушбу фуқароларга мақбул иш топиб бера олмаса, улар ишсиз деб эътироф этилади ва Пенсия жамғармасига муддатидан олдин пенсия тайинлаш бўйича тақдимнома киритилади (бунда пенсия тайинлангач, ишсизлик нафақаси тўхтатилади).
Шунингдек, мазкур регламент асосида ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 30 календарь кун ичида ЯИДХП орқали мурожаат қилса, унга собиқ иш жойидан учинчи ой учун ҳам ўртача ойлик иш ҳақи олиш ҳуқуқини берувчи маълумотнома тақдим этилади (30 кундан кейинги мурожаатлар кўриб чиқилмайди). Ушбу давлат хизматлари тўлиқ бепул кўрсатилади.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ошди
Марказий банкнинг 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 84,1 млрд долларга етди. Ушбу маблағнинг 41,7 млрд доллари давлат ташқи қарзига, 42,4 млрд доллари эса корпоратив (давлат кафолатисиз, хусусий сектор ва банклар ўз маблағлари ҳисобидан тўлайдиган) ташқи қарзларга тўғри келади. Давлат қарзи таркибига ҳисобланган, аммо тўланмаган фоизлар ҳамда бозор нархида қайта ҳисобланган суверен халқаро облигациялар ҳам киритилган.
Шунингдек, ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилган. Олтин сотувининг камайиши ортидан умумий экспорт 8,6 фоизга қисқариб, 15,4 млрд долларни ташкил қилган (бироқ олтинсиз товарлар экспорти 27 фоизга, хизматлар экспорти эса 45 фоизга ўсган). Шу билан бирга, импорт ҳажми 24 фоизга ошиб, 28,8 млрд долларга етганлиги сабабли товар ва хизматлар савдосидаги тақчиллик 13,4 млрд долларни ташкил этган. Бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг ижобий қолдиғи бу фарқни қисман қоплаб, якунда жорий операциялар ҳисоби қарийб 6,2 млрд долларлик тақчиллик билан шаклланган.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва БАА Покистон портларига чиқувчи янги темирйўл лойиҳасини ишлаб чиқади
Қозоғистон ва Ўзбекистон транспорт вазирликлари ҳамда БАА Энергетика ва инфратузилма вазирлиги ўртасида Покистоннинг денгиз портларига чиқиш имконини берувчи «Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» (CASA) темирйўл лойиҳасини биргаликда тайёрлаш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ташаббус Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт узвийлигини таъминлаш ҳамда халқаро юк ташиш ва логистика йўлакларини ривожлантиришни кўзда тутади.
Келишув доирасида томонлар зарур инфратузилмаларни барпо этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан техник ва иқтисодий тадқиқотлар олиб боради. Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг транзит салоҳияти ҳамда БААнинг инвестицион ва логистик тажрибасини бирлаштирган ҳолда лойиҳанинг молиявий ва техник жиҳатларини комплекс ўрганиш учун махсус Ишчи гуруҳ тузиш кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон, Озарбойжон ва Туркия ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқда
Жорий йилнинг 21 сентябридан 1 октябрига қадар Озарбойжоннинг Қорабоғ иқтисодий ҳудудидаги «Қизилға» ўқув марказида Ўзбекистон, Озарбойжон ва Туркия ҳарбий хизматчилари иштирокида «Бирлик кучи — 2026» қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтди. Жараёнларни Озарбойжон мудофаа вазири Зокир Ҳасанов, Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер ва Ўзбекистон мудофаа вазири Шухрат Холмухамедов бевосита кузатиб борди.
Машғулотлар давомида аҳоли яшаш пунктларида жанг олиб бориш, ҳудудларни миналардан тозалаш, шартли террорчилар эгаллаган қуруқлик ва денгиз объектларини озод қилиш, гаровдагиларни қутқариш ҳамда дронлар ҳужумига қарши ҳаракатлар каби турли жанговар сценарийлар амалда синовдан ўтказилди. Қўшма тадбирлар доирасида Ўзбекистон ва Озарбойжон мудофаа вазирликлари ўртасида 2027 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режаси ҳам имзоланди.





