Logo

Ислом цивилизацияси марказига икки ойда ярим миллион сайёҳ ташриф буюрди

Кеча 22:094 дақиқа

Президент ҳузуридаги тақдимотда айтилишича, 1 июн ҳолатида марказнинг кунлик ташрифчилар сони ўртача 6 минг нафарни ташкил этган.

Ислом цивилизацияси марказига икки ойда ярим миллион сайёҳ ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти натижалари ва уни янада ривожлантириш режалари юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда ўтган даврда марказ томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Марказ жорий йилнинг 17 март куни расман иш бошлади. 1 июнь ҳолатига кўра, марказга ярим миллион нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар келган. Кунлик давомат сони ўртача 6 минг нафарни ташкил этмоқда.
Мажмуа таркибида Болалар музейи ташкил этилди, Имом Бухорий инновацион музейининг фаолияти йўлга қўйилди. Бинода Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази жойлаштирилди. Гид-экскурсоводлар ва назоратчилар хизмати ташкил қилинди. Илмий ва инновацион йўналишда 810 та лойиҳа амалга оширилди. Бу ишларда 2 мингга яқин маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этди.

Марказда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ва китоб тақдимотлари ташкил этиб келинмоқда. Ушбу тадбирларга бугунга қадар 5 мингдан зиёд иштирокчи жалб этилди.

Маданий меросни қайтариш ва фондларни бойитиш йўналишида мингдан зиёд артефакт Ўзбекистонга қайтарилди. Марказ кутубхона фонди таркибида 3 мингдан ортиқ нодир нашр мавжуд бўлиб, 762 таси имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган. Фонд рақамлаштирилмоқда, электрон чиплар ўрнатилмоқда.

Муассаса фаолиятига замонавий технологиялар ва рақамли инновациялар ҳам кенг жорий этилмоқда. Меҳмонлар учун робот-гидлар харид қилинди, мультимедиа ва интерфаол қурилмалар экспозицияларга жойлаштирилди. Марказ “Дунёнинг энг йирик ислом цивилизацияси музейи” сифатида “Гиннесснинг жаҳон рекордлари китоби”га киритилди.

Тақдимотда марказни янада ривожлантириш бўйича келгуси режалар ҳам кўриб чиқилди.

Аввало, илмий-тадқиқот ва нашр ишларини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Марказнинг илмий журналини халқаро “Scopus” ва “Web of Science” базаларига киритиш, илмий марказларнинг ягона интеграциялашган платформасини яратиш, қўлёзмаларнинг рақамли каталогини тайёрлаш режалаштирилган.

Диний-маърифий соҳадаги магистр ва докторантлар учун “Ислом маърифати” стипендиясини жорий этиш, дунёга машҳур олим ва экспертларнинг китоблари тақдимотларини ташкил этиш режалаштирилган. Келгуси босқичда 20 минг нафар ёшлар, диний-маърифий соҳа вакиллари, жумладан, имом-хатиблар ва отинойиларни марказ фаолиятига жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Маданий меросни қайтариш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Мазкур йўналишда жаҳон аукционлари, музейлар, хусусий коллекциялар ва халқаро санъат бозорларида Ўзбекистонга мансуб нодир артефактларни излаш, аниқлаш, илмий ўрганиш, экспертизадан ўтказиш, музокаралар олиб бориш ва уларни қайтариш бўйича доимий механизм яратиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, дунё бўйлаб Ўзбекистон маданий меросини доимий мониторинг қилиш, маданий мерос объектларининг ягона рақамли маълумотлар базаси ва халқаро реестрини шакллантириш, Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш режалаштирилган.

Бу борада Хитой, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия каби хорижий мамлакатларда сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига оид коллекциялар бўйича ҳам ишлар олиб борилади.

Медиа ва халқаро тарғибот ишларини кучайтириш режалари ҳам муҳокама қилинди.

“Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусида I халқаро Ислом форумини ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, БМТнинг Нью-Йорк ва Женевадаги тузилмалари ҳамда UNESCОнинг Париждаги қароргоҳида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий илмий меросига бағишланган махсус тақдимотлар ўтказиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Марказ тақдимотларини 55 та давлатда ташкил этиш, “Исломда аёлларнинг ўрни” мавзусида халқаро конференция ва кўргазма ўтказиш, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, ICESCO, IRCICA, TURKSOY ва бошқа халқаро ташкилотлар билан қўшма илмий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишга кўрсатма берилди.

Хорижий журналистлар ва халқаро медиа тузилмалар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида пресс-турлар, халқаро медиа клублар ва медиа анжуманлар ташкил этилади. Марказ брендини глобал миқёсда мустаҳкамлаш учун фотокўргазмалар, тематик тақдимотлар ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналарда давра суҳбатлари ўтказилади.

Шунингдек, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига келувчи зиёратчи ва сайёҳлар учун янада қулай шароитлар яратиш, уларга ахборот ва гид хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой маданий мероси, маърифатпарварлик анъаналари ва Янги Ўзбекистоннинг маънавий юксалишини дунёга намоён этадиган маскан бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Мутасаддиларга марказ фаолиятини тизимли ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва нашр ишларини кенгайтириш, маданий меросни қайтариш бўйича доимий механизм яратиш, музей фондларини бойитиш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро медиа тарғиботни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.

Теглар

Мавзуга оид

Ислом цивилизацияси марказига икки ойда ярим миллион сайёҳ ташриф буюрди | Vaqt.uz