add

Исроил Ғазо секторида янги ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўрмоқда

Бугун 08:582 дақиқа

Исроил армияси март ойида Ғазо шаҳрига йўналтирилган янги ҳарбий амалиёт режасини ишлаб чиқди, аммо уни амалга ошириш АҚШ позициясига боғлиқ.

Исроил Ғазо секторида янги ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўрмоқда

Исроил мудофаа армияси — ЦАҲАЛ март ойида Ғазо секторида жанг ҳаракатларини қайта жонлантириш сценарийсини тайёрлаган. Бу ҳақда «The Times of Israel» нашри исроиллик мансабдор шахс ва араб дипломатига таяниб хабар берди.

Режага кўра, ЦАҲАЛ Ғазо шаҳри томон йирик ҳужум уюштириб, анклавда Исроил назоратидаги ҳудудни кенгайтиришни кўзламоқда. Айни пайтда ҳарбийлар «Сариқ чизиқ» деб аталувчи, оташкесим чизиғи бўйлаб жойлашган. Манбаларга кўра, янги режада ушбу чизиқ Ғазо соҳили томон сурилиши мумкин.

Нашр қайд этишича, операцияга тайёргарлик ҳақидаги маълумотлар ЦАҲАЛнинг яқиндаги зарбалари натижасида Ғазо аҳолисидан уч нафар киши ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан пайдо бўлган. Исроил армияси версиясига кўра, ҳалок бўлганлар ҳарбий бўлинмаларга хавфли даражада яқинлашган.

Араб дипломатининг таъкидлашича, янги амалиёт АҚШ қўллаб-қувватловисиз амалга ошиши қийин. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон ҳозирча октябрда эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувини иккинчи босқичга ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Бу босқич ҲАМАСни қуролсизлантиришни назарда тутади.

Манбанинг айтишича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашувда ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш масаласида ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Бироқ у ҲАМАСни тўлиқ қуролсизлантириш мумкинлигига ишонмайди. Шу сабабли, манбаларга кўра, Нетаняҳу ЦАҲАЛга эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар режасини тайёрлашни топширган.

Шу билан бирга, «The Wall Street Journal» маълум қилишича, ҲАМАС тўлиқ қуролсизланишни рад этмоқда ва ўз ҳарбий салоҳиятини тиклашга эътибор қаратяпти. Араб манбаларига кўра, гуруҳ оғир қуролларнинг қолдиқларини топширишга тайёр, аммо ўқотар қуроллардан воз кечиш ниятида эмас. Исроил баҳолашича, ҲАМАС ихтиёрида ҳозирча тахминан 60 мингта винтовка ва 20 мингга яқин жангари қолган. Шунингдек, молиявий оқимлар тиклангани ортидан гуруҳ сўнгги пайтларда жангчиларига маош тўлашни қайта йўлга қўйган.

Теглар

Мавзуга оид