
Исроил Google’ни қандай ўз измига солди?
Google ва Amazon суд чекловларини четлаб ўтиш мақсадида Исроил ҳукумати билан яширин келишувлар тузган.

Исроил Google ва Amazon компанияларини ўз маълумотлари чет эл ҳокимиятларига узатилганда огоҳлантириш олиш учун махфий сигнал тизимига рози бўлишга мажбур қилди. The Guardian газетаси ўтказган тергов натижасида, «кўз қисиш» деб номланган бу механизм 2021 йилда имзоланган 1,2 миллиард долларлик «Project Nimbus» кенг қамровли шартномасининг бир қисми бўлгани аниқланди.
Исроил икки корпорация булутида сақланаётган армия, разведка ва давлат тузилмаларининг махфий маълумотлари суд сўровлари орқали бошқа мамлакатларга етиб қолишидан хавотирда эди. Ахборот сизиб чиқишининг олдини олиш учун амалдорлар алоқанинг махсус усулини талаб қилганлар: Google ва Amazon бундай ҳолатлар ҳақида Тел-Авивга шифрланган тўловлар орқали сездирмасдан хабар беришлари керак эди.
Тизим оддий ишларди. Масалан, агар маълумотни АҚШ сўраса, компания 1 000 шекел ўтказган — бу мамлакат телефон коди +1 билан уйғунлашган. Италия учун 3 900 шекел, Германия учун 4 900 шекел белгиланган. Агар компания сўровчи мамлакатни ошкор этиш ҳуқуқига эга бўлмаса, 100 000 шекел миқдорида тўлов қилиш мажбурияти юклатилган. Барча тўловлар маълумот топширилгандан сўнг бир кун ичида амалга оширилган.
Исроил Молия вазирлиги ўз хизмат хатида компаниялар «вазиятнинг нозиклигини тушунишини ва Исроилнинг шартларига рози эканиини» тасдиқлаган.
АҚШлик ҳуқуқшунослар бу схемани хавфли ва ҳуқуқий жиҳатдан баҳсли деб баҳоладилар. Собиқ прокурорлар таъкидлашича, механизм расман қонунни бузмаса-да, унинг моҳиятига зид. Америкалик экспертлардан бири бу ғояни «доҳиёна, аммо ниҳоятда хавфли» деб атади: агар бу ҳақда суд хабар топса, корпорациялар жиддий оқибатларга дуч келиши мумкин.
Бундан ташқари, Nimbus шартномаси Google ва Amazon компанияларига Исроил идораларининг ўз технологияларидан фойдаланишини чеклашни тақиқлайди — ҳатто улар ҳарбий мақсадларда қўлланилса ёки инсон ҳуқуқларини бузса ҳам. Яқинда Исроил армиясини ўз хизматларидан маҳрум қилган Microsoft’дан фарқли ўлароқ, бу икки компания ҳамкорликни тўхтатмаслик мажбуриятини олган.
Google ва Amazon қонунларни четлаб ўтиш бўйича айбловларни рад этди. Бироқ, The Guardian газетаси ҳавола қилган ҳужжатлар шуни кўрсатадики, Исроил мисли кўрилмаган имтиёзларга эришган ва глобал булутли инфратузилмадаги ўз маълумотлари устидан деярли тўлиқ назоратни қўлга киритган.





