Logo

IT Park Ventures Ayan Capital’га 1 млн доллар сармоя киритди

Бугун 20:242 дақиқа

Жалб қилинган маблағлар компаниянинг сунъий интеллектга асосланган молиявий ечимларини ривожлантириш ва Ўзбекистондаги дастурчилар жамоасини кенгайтиришга йўналтирилади.

IT Park Ventures Ayan Capital’га 1 млн доллар сармоя киритди © Фото: IT Park Ventures

IT Park Ventures инвестиция жамғармаси Буюк Британиянинг Ayan Capital исломий финтех-стартапига 1 миллион доллар миқдорида сармоя киритганини маълум қилди. Бу маблағ 4 миллион долларлик инвестиция раундининг бир қисми бўлиб, унда Британия ва Швейцариядан келган халқаро инвесторлар ҳам иштирок этган.

Маълум қилинишича, жалб этилган капитал компания фаолиятини кенгайтириш, технологик ечимларни ривожлантириш ва жамоани кенгайтиришга йўналтирилади. Хусусан, 1 миллион долларлик сармоя компаниянинг технологик экотизимини мустаҳкамлаш, автоматик скоринг ва автокредитлаш жараёнлари учун сунъий интеллект (AI) ечимларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистондаги дастурчилар жамоасини кенгайтиришга сарфланиши режалаштирилган.

IT Park Ventures директори Далерхон Нодировнинг таъкидлашича, Ayan Capital асосчилари Марказий Осиёдаги энг йирик финтех бизнесларидан бирини барпо этишга муваффақ бўлган.

«Эндиликда улар Буюк Британияда янги авлод исломий рақамли банкни қуришга киришишган. IT Park Ventures’нинг устувор йўналишларидан бири — глобал бозорларда фаолият юритаётган ва шу билан бирга Ўзбекистонда кучли жамоалар шакллантираётган стартапларни қўллаб-қувватлашдир», — деди Нодиров.

VAQT.UZ аввалроқ IT Park Ventures ўз капиталини 10 миллион доллардан 30 миллион долларгача оширгани ҳақида хабар берганди. Бу орқали жамғарма 3 миллион долларгача бўлган инвестиция таклифларини кўриб чиқиш имкониятига эга бўлган.

Шу билан бирга, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда 5000 та стартап, 2 миллиард долларлик венчур инвестиция ҳамда баҳоси 100 миллион доллардан ошадиган 25 та стартап яратиш режалаштирилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида 10 та венчур фонд жами 24 та стартапга 148,6 миллион доллар инвестиция киритган. Ушбу битимлардан 16 таси маҳаллий стартапларга, қолганлари эса хориж бозорларида фаолият юритаётган компанияларга тўғри келган.

Ayan Capital ҳақида

Ayan Capital Буюк Британияда исломий молиявий хизматлар учун тўлиқ рақамли экотизимни ривожлантирмоқда. Стартап серияли тадбиркорлар Абдулло Қурбонов, Фирдавс Мирзоев ва Зуҳуршо Раҳматуллоев томонидан ташкил этилган. Улар аввал Alif платформасига ҳам асос солган.

Компания бугунги кунда жисмоний шахслар, тадбиркорлар ва бизнес учун тўлиқ рақамли «ҳалол» автомобил молиялаштириш хизматларини таклиф этади.

2025 йил Ўзбекистонда янги венчур фондлари сони бўйича рекорд йил бўлди. Бозорда «Yoshlar Ventures», «X-Togo», «United Ventures», «SQB Ventures», «Imkon Ventures», «Sarmo Ventures» ва «Asaka Pharm Ventures» каби еттита янги жамғарма фаолият бошлади.

Теглар

Мавзуга оид