
Италия бош вазири фақат Мирзиёевнинг совғасини сотмоқчи бўлдими?
Италия бош вазири Жоржиа Мелони ўзининг дипломатик совғаларини аукционга қўймоқчи бўлди ва бу ташаббус сиёсий баҳс мавзусига айланди. Совғалар орасида Мирзиёев берган олмосли маржонлар, Покистон бош вазири берган бир қоп гуруч ҳам бор.

Италия Бош вазири Жоржиа Мелони давлат мулкини қонуний ва шаффоф бошқариш мақсадида бошқа давлат раҳбарлари берган дипломатик совғаларни аукционга қўймоқчи эди. Унинг ташаббуси дастлаб оддий маъмурий қарор сифатида кўрилганди. Бироқ қисқа вақт ичида ушбу масала оммавий ахборот воситалари орқали сиёсий ва дипломатик баҳс мавзусига айланди.
Италия қонунчилигига кўра, бош вазир ёки ҳукумат аъзолари хорижий давлат раҳбарларидан олинган қиймати 300 евродан ошадиган совғаларни шахсий мулк сифатида сақлаб қолиш ҳуқуқига эга эмас. Бундай совғалар автоматик равишда давлат мулки ҳисобланади. Шу сабабли, йиллар давомида турли халқаро ташрифлар ва учрашувлар чоғида тўпланган юзлаб дипломатик совғалар Римдаги ҳукумат қароргоҳи — Палаццо Кижида махсус хоналарда сақланиб келган.
Мелонининг ташаббуси айнан шу масалани тизимли ҳал қилишга қаратилган эди. Очиқ манбаларга кўра, гап 273 та расмий совғадан иборат коллекция ҳақида борган. Уларнинг умумий қиймати тахминан 800 минг евро деб баҳоланган.
Совғалар орасида рамзий эсдаликлар, миллий либослар, санъат асарлари, маиший буюмлар ва қимматбаҳо заргарлик маҳсулотлари мавжуд бўлган, деб ёзмоқда Politico нашри. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, аукционга қўйилиши режалаштирилган буюмлар алоҳида давлат ёки алоҳида шахс билан боғлиқ эмас, балки йиллар давомида шаклланган умумий давлат коллекцияси эди.
Бироқ айрим ОАВлар воқеани соддалаштириб, ҳатто чалғитувчи сарлавҳалар орқали талқин қилди. Айниқса, айрим хорижий нашрлар гўёки Мелони фақат Шавкат Мирзиёевнинг Италияга 2023 йил январ ойидаги ташрифи чоғида совға қилинган заргарлик буюми — олмос, олтин ва сетрин кварцли маржонларни сотишга қарор қилгандек таассурот уйғотди.
Аслида эса, шу коллекцияда Аргентина президенти Хавиер Милей берган ҳайкалча, Покистон боз вазири Шаҳбоз Шариф томонидан совға тариқасида берилган бир қоп гуруч, АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден тақдим этган чинни буюмлар, Украина президенти Володимир Зеленский берган iPad ва бошқа кўплаб давлат раҳбарларининг совғалари ҳам бор эди.
Аукционни амалга ошириш учун Римда жойлашган «Bertolami Fine Art» аукцион уйи танланган. Режага кўра, савдолардан тушган маблағларнинг асосий қисми хайрия ташкилотларига йўналтирилиши, қолган қисми эса аукцион харажатларини қоплашга сарфланиши керак эди. Бу амалиёт халқаро тажрибада учрайдиган, давлат мулкини ижтимоий фойдага йўналтириш усулларидан бири ҳисобланади.
Бироқ айнан шу босқичда лойиҳа тўхтаб қолди. Сабаб — «Bertolami Fine Art»га нисбатан археологик артефактларни ноқонуний айлантириш билан боғлиқ жиноий тергов бошлангани ҳақида ОАВда хабарлар тарқалиши бўлди.
Италия прокуратураси ушбу компания орқали ўғирланган маданий бойликлар бошқа қонуний аукционлар орқали «ювилган» бўлиши мумкинлигини текширмоқда. Жоржиа Мелони девони тергов суд махфийлиги доирасида бўлгани учун бу ҳақда олдиндан хабардор бўлмаганини билдирди ва хабарлар чиққан заҳоти ҳамкорликни бекор қилган.
Муҳим жиҳат шундаки, мазкур иш бўйича Мелони ёки унинг маъмуриятига нисбатан ҳеч қандай айблов илгари сурилмаган. Шу билан бирга, бу воқеа давлат ташаббусларида ҳамкорларни танлашда чуқур текширув нақадар аҳамиятли эканини кўрсатмоқда.
Маълумот учун, Мирзиёев 6 ноябр куни Вашингтондаги Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда АҚШ раҳбари Доналд Трампга икки рамзий совға — Самарқанддаги Регистон мажмуасининг миниатюра нусхаси ва Трампнинг ўзбек тилига таржима қилинган «Келишиш санъати» китобини совға қилган эди.
Теглар






