Logo

Жаҳон таълимидаги инқироз: талабалар савияси сиз ўйлагандан-да пастроқ

Кеча 12:559 дақиқа

Университетларга келаётган биринчи курс талабаларининг билими нима учун пасайиб кетди? Пандемия, сунъий интеллект ва таълимдаги тизимли муаммолар қандай оқибатларга олиб келмоқда ва Ўзбекистон бу инқироздан қандай сабоқ олиши мумкин? Vaqt.uz’нинг галдаги материалида ана шулар ҳақида сўз боради.

Жаҳон таълимидаги инқироз: талабалар савияси сиз ўйлагандан-да пастроқ © Shutterstock

Сўнгги ҳафталарда Американинг энг йирик ва нуфузли давлат университетларидан бири — Калифорния университетининг 1800 дан ортиқ математика ва аниқ фанлар ўқитувчилари очиқ хат билан чиқди. Уларнинг таъкидлашича, биринчи курс талабалари университетда ўқишни эплаш учун зарур бўлган энг оддий кўникмаларга ҳам эга эмас. Бу нафақат битта университет ёки битта мамлакатнинг, балки бутун дунё таълим тизимининг фожиаси ҳамдир.

Даҳшатли статистикалар: айрим талабалар ўн ёшли болалардан ортиқ натижа кўрсата олмаяпти

Олий ўқув юртларида таълим олаётган талабаларнинг саводхонлиги ва математик қобилиятлари кескин пасайиб бормоқда. «The Economist» ўтказган тадқиқотларга кўра, бугунги кунда олий таълим муассасаларида ўқиётган талабаларнинг қарийб 8 фоизи атиги 10 ёшли мактаб ўқувчисидан кутиладиган ўқиш ва тушуниш қобилиятига эга, холос.

Бошқача айтганда, улар ҳатто матнни тўлиқ ўқиб, мағзини чақишга қийналади. Ўн йил олдин ҳар 20 талабадан биттаси бошланғич синф даражасидаги саводхонликка эга бўлган бўлса, бугун бу кўрсаткич ҳар 7 талабадан биттасига тўғри келмоқда.

Давлатлар кесимидаги тафовут ҳам катта: Эстонияда талабаларнинг 2 фоиздан камроғи энг қуйи чегарада ёки ундан паст баҳо олган бўлса, Польшада бу кўрсаткич саводхонлик бўйича бешдан бир қисмни, Чилида эса математика бўйича деярли чорак қисмни ташкил қилди.

Гуманитар фанлар профессорларининг айтишича, адабиёт ва тарих йўналиши талабалари биронта бутун китобни охиригача ўқиб тугатиш қобилиятини йўқотгандек. Диққатни жамлаш ва таҳлилий фикрлаш қобилияти инқироз ёқасида турибди.

Инқирознинг илдизлари қаерда?

Қандай қилиб дунёнинг энг яхши университетларига тайёргарлиги ўта паст авлод кириб борди? Бунинг бир нечта тизимли сабаблари бор:

Пандемия ва мактабларнинг ёпилиши: талабаларнинг ҳозирги аҳволи учун биринчи галда пандемия айбдор. «Тhe Economist» маълумотларига кўра, дунё бўйлаб мактаблар ўртача 20 ҳафта ёпиқ қолган. Бу давр мобайнида масофавий таълим кўплаб ўқувчиларда билимларнинг тизимли ўзлаштирилишини таъминлай олмади. Энг ёмони, ёшларда доимий ўқиш, машқ қилиш ва меҳнатга бўлган муносабат бузилди.

Сунъий интеллектнинг оммалашуви: ChatGPT каби воситалар ўқувчиларни мустақил фикрлашдан маҳрум қилмоқда. Ўқувчилар уй вазифалари ва иншоларни АI ёрдамида осонликча ёзиб беришга ўрганган. Оқибатда мия маълумотларни таҳлил қилиш, мантиқий боғлиқликни топиш ўрнига тайёр натижани кўчиришга мослашиб қолмоқда.

Тизимдаги назоратнинг сусайиши: Кўп давлатларда, айниқса, мактаб таълимида рейтинг ортидан қувиш, стрессни камайтириш баҳонасида имтиҳонларни соддалаштириш, қатъий назоратни йўқотиш урфга айланди. Ислоҳотчилар ўқувчиларни баҳолаш тизимини юмшатди, бунинг ортидан мактабни қониқарсиз баҳоларга битирган, аммо сунъий равишда юқори кўрсаткичларга эга бўлган «шиширилган» авлод пайдо бўлди.

Ўзбекистон учун қандай хулосалар қилиш мумкин?

Ғарб университетлари профессорлари ва «The Economist» нашри бонг ураётган талабалар саводхонлигининг кескин тушиб кетиш ҳолати фақатгина ривожланган давлатлар муаммоси, деб ўйлаш хато. Ушбу глобал таълим инқирози — пандемия оқибатлари, сунъий интеллектга тобелик ва баҳолашдаги назоратнинг сусайиши — Ўзбекистон таълим тизимининг шундоқ ҳам нозик бўлган нуқталарини юзага чиқарди.

Буни Ўзбекистон илк бор иштирок этган PISA–2022 халқаро баҳолаш тадқиқоти натижалари тўлиқ тасдиқлайди. Ушбу рейтингда ўзбекистонлик 15 ёшли ўқувчилар математик, табиий-илмий саводхонлик ва матнни ўқиб тушуниш бўйича 81 давлат ичида 72–80-ўринларни эгаллади. Энг хавотирли томони шундаки, ўқувчиларнинг қарийб 60–70 фоизи халқаро стандартларга кўра энг минимал бўлган «таянч даража»га ҳам етиб бормаган. Яъни, уларнинг аксарияти ўқиган матнининг мағзини чақишга, берилган маълумотларни таҳлил қилиб, оддий ҳаётий-математик масалаларни ечишга қодир эмас. Бу — «The Economist» ёзган «10 ёшли болалар даражасида қолиб кетган талабалар» ҳақидаги хавотирларнинг Ўзбекистондаги реал исботидир.

Вазиятни олий таълимдаги сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, хусусан, қамровнинг кескин ошиши (9 фоиздан қарийб 40 фоизгача) янада мураккаблаштирмоқда. Сўнгги беш-олти йил ичида Ўзбекистонда университетларга қабул квоталари бир неча баробар оширилди, бироқ сифат кўрсаткичлари бу тезликка мослаша олмади. Олий таълим муассасаларига кириш учун минимал ўтиш балларининг йиллаб 56,7 балл (максимал 189 баллдан атиги 30 фоизи) даражасида ушлаб турилиши худди Ғарбдаги каби «имтиҳонларни соддалаштириш ва сунъий юмшатишлар»нинг маҳаллий кўринишидир. Оқибатда, фундаментал ва таҳлилий базаси ўта заиф, мактаб дастурини етарли ўзлаштирмаган ёшлар қатлами ҳеч қандай қийинчиликсиз талаба мақомини олмоқда.

Бунга қўшимча равишда, сунъий интеллект ва тайёр материалларга қарамлик Ўзбекистон олий таълимида ҳам чуқур илдиз отиб улгурди. Талабалар ўртасида курс ишлари, иншо ва мустақил ишларни турли Telegram-ботлар, ChatGPT ёки плагиат орқали тайёрлаш одатий ҳолга айланган. Бу ҳолат ёшларни мустақил изланиш, ахборотни филтрлаш ва танқидий хулоса чиқариш каби меҳнат талаб қиладиган жараёнлардан бутунлай узоқлаштирмоқда.

Хўш, бу муаммоларнинг илдизи қаерда ва уларни қандай ҳал қилиш мумкин? Биз бу саволлар билан таълим эксперти Азамат Акбаровга мурожаат қилдик.

«Муаммо мактабдан эмас, олий таълимдан бошланади»

Ўзбекистон мактабларида реал баҳолаш тизими ва ўзлаштира олмайдиган ўқувчиларни синфдан-синфга қолдириш тенденцияси нега ишламайди?

«Авваламбор, муаммо олий таълим тизимидан бошланади», — дейди эксперт.

Унинг айтишича, сифатсиз олий таълим оқибатида мактабларга етарли малакага эга бўлмаган битирувчилар ишга кирмоқда. Бу ҳолат йиллар давомида давом этиб келаётганини инобатга олсак, фожианинг кўлами ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Коррупция туфайли олий таълим муассасаларида ўқимаган ёки етарли билим олмаган талабалар ҳам турли номақбул йўллар билан ўқишни тугатади ва мутахассис сифатида ишга киради. Бундан ташқари, ўқитувчилик касби ҳали ҳам юқори даромад келтирадиган ёки ёшлар учун нуфузли касб ҳисобланмайди. Шу сабаб ҳам мактабларга энг кучли кадрлар эмас, балки ўртача ёки нисбатан заифроқ кадрлар ишга киради.

Реал баҳолаш тизими ишламаслигининг яна бир сабаби шундаки, бўлажак ўқитувчилар тўрт йил давомида асосан назарий билим олади, замонавий баҳолаш стратегиялари бўйича амалий тажрибаси эса етарли эмас. Хусусан, мезонларга асосланган баҳолаш ва форматив баҳолаш тамойилларини амалда қўллаш кўникмаси суст ёки умуман ривожланмаган. Малака ошириш институтларининг ўзи ҳам малакасини ошириши керак.

Халқаро тажрибада ўқувчи бошқа ўқувчилар билан эмас, балки олдиндан белгиланган ўқув мақсадлари ва аниқ баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади. Ўқитувчи Bloom таксономиясининг юқори даражадаги кўникмаларини (таҳлил, баҳолаш ва яратиш) ривожлантирадиган топшириқлар тайёрлаши, аниқ рубрикалар ишлаб чиқиши ва мунтазам конструктив фикр-мулоҳаза (feedback) бериши керак. Бундай баҳолаш ўқувчининг ҳақиқий билим ва компетенцияларини аниқлашга хизмат қилади, бироқ буни сифатли ташкил этиш кўпроқ вақт, меҳнат ва методик тайёргарликни талаб қилади. Шу сабабли айрим ўқитувчилар анъанавий, содда ва тезкор баҳолаш усулларини афзал кўради.

Ўқувчини синфдан-синфга қолдириш масаласига келсак, бу кўпинча мактаб раҳбарияти томонидан мактаб фаолиятининг салбий кўрсаткичи сифатида қабул қилинади ва мактаб обрўсига путур етказади, деган қараш мавжуд. Совет даврида ўзлаштирмаган ёки суст ўқувчилар ҳақиқатда синфдан-синфга қолдирилган бўлса, ҳозир кўпинча ҳисоботларда барча кўрсаткичлар ижобий бўлиши кераклиги сабабли ўқувчилар сунъий равишда кейинги синфга ўтказилади. Синфдан-синфга қолиши керак бўлган ўқувчилар учун кўпинча хусусий мактаблар «чиқиш йўли» бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, ота-оналарнинг босими ҳам сезиларли омиллардан биридир. Кўп ҳолларда синф раҳбари ёки фан ўқитувчиси ота-оналар билан юзага келадиган низоларни ҳал қилиш имкониятига эга бўлмайди ёки малакаси етмайди. Оқибатда баҳолашнинг асосий мақсади — ўқувчининг ҳақиқий билим даражасини аниқлаш ва уни ривожлантириш — иккинчи даражага тушиб қолади.

Шу боис реал баҳолаш тизими самарали ишлаши учун фақат баҳолаш мезонларини ўзгартириш етарли эмас. Олий таълим сифатини ошириш, коррупцияни бартараф этиш, ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлигини кучайтириш, замонавий баҳолаш методлари бўйича мунтазам малака оширишни йўлга қўйиш ҳамда мактабларни фақат юқори ўзлаштириш кўрсаткичлари эмас, балки ўқувчиларнинг реал таълим натижалари асосида баҳолаш зарур.

«ChatGPT’ни тақиқлаш эмас, жараённи баҳолаш керак»

«ChatGPT ёки бошқа сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш деярли имконсиз», —  деб тушунтиради эксперт.

Шунинг учун муаммо тақиқлашда эмас, балки баҳолаш тизимини ўзгартиришда. Агар баҳолаш фақат якуний матн ёки курс ишига асосланган бўлса, албатта сунъий интеллект ундан фойдаланишни осонлаштиради. Аммо баҳолаш жараёнга, танқидий фикрлашга ва мустақил таҳлилга йўналтирилса, ChatGPT фақат ёрдамчи восита бўлиб қолади.

Бундан ҳам муҳим муаммо шундаки, таълим тизимида технологиянинг дарс жараёнидаги ўрни ва улуши бўйича аниқ стратегия ҳали шаклланмаган. Бугунги кунда кўплаб ўқитувчиларнинг ўзи рақамли технологиялар ва сунъий интеллект воситаларидан самарали фойдаланиш кўникмаларига эга эмас. Бунинг ортидан технологияни яхши ўзлаштирган ўқувчи билан анъанавий усулларда дарс бераётган ўқитувчилар ўртасида сезиларли тафовут юзага келмоқда. Шундай экан, сунъий интеллектни тақиқлаш эмас, балки ўқитувчиларни янги технологиялар билан ишлашга тайёрлаш ва уларни таълим жараёнига мақсадли интеграция қилиш муҳимроқ вазифа ҳисобланади.

Бунинг учун баҳолаш мезонлари criterion-referenced assessment (мезонларга асосланган баҳолаш) тамойиллари асосида қайта ишлаб чиқилиши керак. Баҳолашнинг асосий қисми якуний натижага эмас, балки бутун жараёнга қаратилиши мақсадга мувофиқ. Масалан, талабанинг мавзу танлаши, адабиётлар таҳлили, дастлабки режа, бир неча қоралама вариантлари, ўқитувчи берган фикр-мулоҳазалар (feedback) асосида киритилган ўзгаришлар ва якуний ҳимояси алоҳида баҳоланиши мумкин.

Шунингдек, форматив баҳолаш улуши оширилиши лозим. Талабалар семестр давомида кичик ёзма топшириқлар, синфдаги муҳокамалар, оғзаки савол-жавоблар, кейс таҳлиллари ва лойиҳа ишлари орқали мунтазам баҳоланиб борилиши керак. Бундай ёндашув сунъий интеллектдан нотўғри фойдаланиш хавфини камайтиради.

Иншо ва курс ишларининг ўзи ҳам ўзгариши керак. Фақат маълумотни йиғиш ёки назарияни баён қилиш ўрнига, маҳаллий муаммоларни таҳлил қилиш, шахсий кузатувлар, амалий тадқиқотлар, интервьюлар ёки реал ташкилотлар мисолида ечим таклиф қилиш каби вазифалар берилиши мақсадга мувофиқ. Бундай топшириқларни сунъий интеллект тўлиқ бажариб бера олмайди, чунки улар талабанинг ўз тажрибаси ва таҳлилига таянади.

Бундан ташқари, талабалардан сунъий интеллектдан қандай фойдаланганини очиқ кўрсатиш талаб қилиниши мумкин. Масалан, қайси қисмларда ChatGPT’дан фойдалангани, қандай промптлар бергани ва олинган жавобни қандай таҳрир қилгани қисқача илова қилинса, академик ҳалоллик кучаяди. Бунда баҳоланадиган нарса ChatGPT’дан фойдаланишнинг ўзи эмас, балки унинг натижаларини танқидий баҳолаш, текшириш ва мустақил равишда такомиллаштириш қобилияти бўлади.

Асосий мақсад ChatGPT’ни тақиқлаш эмас, балки уни калькулятор ёки қидирув тизими каби масъулият билан фойдаланиладиган таълим воситасига айлантиришдир. Чунки меҳнат бозорида битирувчилардан сунъий интеллектдан фойдаланмаслик эмас, балки ундан самарали, танқидий ва этик тарзда фойдаланиш кутилади. Шунинг учун баҳолаш тизими ҳам айнан шу компетенцияларни ўлчаши керак.

Хулоса

Жаҳон миқёсида юз бераётган таълим сифатидаги инқироз Ўзбекистон учун шунчаки хавотирли тенденция эмас, балки иқтисодиёт ва келажак тараққиёти учун тўғридан тўғри таҳдиддир. Эксперт фикрлари ҳам шуни тасдиқлайди: муаммонинг илдизи нафақат мактаб, балки бутун таълим занжири — олий таълим сифати, ўқитувчилар тайёргарлиги ва баҳолаш маданиятида ётибди.

Энди Ўзбекистон олдида олий таълимда миқдорий кўрсаткичлардан (қамровни оширишдан) воз кечиб, диққатни сифатга қаратиш, мактабларда таҳлилий фикрлашни ўргатувчи замонавий методикаларни жорий этиш, баҳолаш тизимини жараёнга йўналтирган ҳолда қайта қуриш ҳамда университетларда академик ҳалолликни (плагиатга қарши курашни) қатъий назоратга олиш каби кечиктириб бўлмайдиган радикал вазифалар турибди. Акс ҳолда, олий маълумот тўғрисидаги дипломга эга, бироқ энг оддий мантиқий ва профессионал кўникмалардан мосуво бўлган «шиширилган» авлод меҳнат бозорида жиддий инқирозни келтириб чиқариши муқаррар.

Теглар

Жавҳар Чоршанбиева

Жавҳар ЧоршанбиеваМақолалар сони: 33

Барчаси

Мавзуга оид