Жапаровнинг Москвага ташрифи Европа санкциялари билан боғлиқмиди? Президент изоҳ берди

Бугун 14:413 дақиқа

Москвага ташриф ва ЕИнинг янги чекловлари Қирғизистоннинг геоиқтисодий ҳолатини янада мураккаблаштирди.

Жапаровнинг Москвага ташрифи Европа санкциялари билан боғлиқмиди? Президент изоҳ берди © Kaktus.media

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия Федерациясига яқинда амалга оширган ишчи ташрифини «Kaktus.media» нашрига берган интервюсида изоҳлаб, бу сафар санкциялар ёки аҳоли пунктларини қайта номлаш масалалари билан боғлиқ эмаслигини айтди. Давлат раҳбари суверен мамлакат президентини ташқи томондан чақириш имкони йўқлигини таъкидлаб, Москвага бориш ташаббуси фақат ўзидан чиққанини билдирди.

Садир Жапаров сўзларига кўра, учрашув ҳақидаги қарор Остонадаги экологик саммитда иштирок этгандан кейин қабул қилинган бўлиб, шу имкониятдан фойдаланиб бир қатор масалаларни тезкор ҳал қилиш мақсад қилинган. Россия президенти Владимир Путин бу таклифни дарҳол қўллаб-қувватлаган.

Ташрифнинг биринчи куни лидерлар икки соатдан ортиқ Қирғизистон-Россия муносабатларининг кенг доирасини муҳокама қилган, шундан сўнг масалаларни батафсил кўриб чиқиш учун тегишли вазирлар шошилинч чақирилган.

Иккинчи куни кенгайтирилган таркибда учрашув бўлиб ўтган ва унинг натижасида асосий масалалар ҳал этилган. Садир Жапаров ҳамкорликнинг барча йўналишларида Россия томонидан сўнгги беш йил давомида узлуксиз қўллаб-қувватлаш учун Владимир Путинга миннатдорлик билдирди ва айнан шу ёндашув Россияни Қирғизистоннинг стратегик ҳамкори деб аташга асос бўлишини таъкидлади.

Европа санкциялари

Европа Иттифоқи Жапаров Москвага борган кунда (23-апрел) Қирғизистонга нисбатан санкцияларни айланиб ўтишга қарши курашиш механизмини (anti-circumvention tool) қўллади. Европа Комиссияси маълумотларига кўра, энди Қирғизистонга рақамли дастур асосида бошқариладиган дастгоҳлар, шунингдек, маршрутизатор ва коммутаторлар каби телекоммуникация ускуналарини экспорт қилиш бутунлай тақиқланади. Бу қарор мазкур товарларнинг Қирғизистон орқали Россияга реэкспорт қилиниш хавфи юқори экани билан изоҳланмоқда.

Украинада уруш бошланганидан бери Қирғизистон Европадан келаётган санкция остидаги товарлар учун асосий хаблардан бирига айланган эди. Таҳлилларга кўра, Эстониядан Қирғизистонга экспорт ҳажми 10000 фоизга, Финляндиядан 3100 фоизга, Полша ва Германиядан эса 1000 фоиздан кўпроққа ошган. Иқтисодчиларнинг фикрича, Қирғизистон аслида Россияга йўналтирилган Европа экспортининг бош манзилига айланиб қолган.

Санкциялар нафақат товарлар экспортини, балки молиявий тизимни ҳам қамраб олди. Хусусан, Бишкекда рўйхатдан ўтган «TengriCoin» ёпиқ акциядорлик жамияти Европанинг «қора рўйхати»га киритилди. Ушбу компания орқали санкцияларни айланиб ўтиб трансчегаравий ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун хизмат қилувчи, рублга боғланган A7A5 стейблкоини савдоси олиб борилган. 2026-йил бошига келиб ушбу инструментнинг айланмаси 100 млрд долларга етган.

Шунингдек, Қирғизистоннинг иккита йирик банки – «Керемет Банк» ва «Капитал Банк» ҳам Европа Иттифоқининг санкцияларига дуч келди.

Таъкидлаш жоизки, ЕИ санкцияларининг 20-пакети фақат Ўзбекистон ва Қирғизистон билан чекланиб қолмади. Унга Қозоғистон, Хитой, Беларус, Туркия ва БАА компаниялари ҳам киритилган. Европа Иттифоқи Россиянинг «соя флоти»га тегишли 46 та танкер, 12 та нефтни қайта ишлаш заводи ва 20 та йирик банкига нисбатан ҳам қатъий чекловлар ўрнатди.

Қирғизистон реакцияси

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев халқаро санкцияларни қўллаш масалалари бўйича ишчи йиғилиш ўтказди. Муҳокамада давлат органлари ва тегишли идоралар вакиллари иштирок этди. Жорий вазият, иқтисодиёт учун мумкин бўлган хавфлар ҳамда амалдаги чекловларнинг оқибатлари кўриб чиқилди.

Ҳукумат маълумотига кўра, халқаро мажбуриятларга риоя қилиш, ташқи иқтисодий фаолият шаффофлигини ошириш ҳамда экспорт-импорт операциялари устидан назоратни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Қирғизистоннинг Ғарбдаги шериклари билан санкциялар масаласидаги мулоқоти давом этаётгани қайд этилди.

Йиғилиш якунлари бўйича Адилбек Қосималиев давлат органларига бир қатор топшириқлар берди. Улар санкцияларнинг салбий таъсирини камайтириш ҳамда қирғизистонлик компанияларни Ғарб давлатларининг санкция рўйхатларидан чиқариш учун комплекс ечимлар ишлаб чиқишга қаратилган.

Теглар

Мавзуга оид