add

Жарима баллари: рақамлашган назоратми ёки ҳайдовчилар учун янги синов?

Ўзбекистонда 2026 йил апрелдан бошлаб жарима баллари тизими рақамлаштирилади. Аммо aвтоблогер ва адвокат Камолиддин Бахавадинов фикрича, тизимдаги техник хатоликлар ҳал этилмаса, ҳайдовчилар асоссиз жарималар ва суд орқали сарсонликка дуч келиши мумкин.

Жарима баллари: рақамлашган назоратми ёки ҳайдовчилар учун янги синов?

Ўзбекистонда жарима баллари тизими 2025-йилнинг 1-июнидан бошлаб амалда. Ҳозирча бу тизим фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати  ходимлари томонидан расмийлаштирилган баённомалар асосида ишламоқда. 

Аммо янги тартибга кўра, 2026-йил 1-апрелдан бошлаб автоматлаштирилган фото ва видео тизимлар ‑ яъни камера ва радарлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳам ҳайдовчилар ҳисобига жарима баллари сифатида ёзила бошлайди.

Мутасаддилар бу тизим йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ўлим ҳолатларини камайтириш ва қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилишини айтишмоқда. Энди жарима баллари нафақат транспорт воситаси эгасига, балки уни ишончнома, суғурта полиси ёки йўл варақаси орқали бошқараётган шахсларга ҳам тааллуқли бўлади.

Аммо бу қарор ҳаммасини ҳал қиладими? Айрим бандлар ҳали ҳам очиқ қолмоқда. Автоблогер ва адвокат Камолиддин Бахавадинов бу борада ўз фикрларини билдирди.

Камолиддин Бахавадинов фикрлари:

«Энди жарима баллари ҳисобланадиган бўлса, демак, аввалги 1 апрел санасидан бошлаб энди камералар ҳам маъмурий ўзгаришларни қайд этади, аниқроғи, баҳолайди. Аммо бу ерда ҳаммаси биз хоҳлагандек идеал эмас. Оддий мисол келтираман — келинг, Вазирлар Маҳкамасининг шу қарори доирасида балл қўлланилиши мумкин бўлган қоидабузарликлардан бирини оламиз. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128³-моддаси — тезликка амал қилмаслик.

Бугунги кунда «погрешность» масаласи — мен яна шу нуқтага қайтаман — транспорт воситалари учун белгиланган ва кейинчалик Қонунчилик палатасига киритилган. Яъни, чегириладиган километрлар 5 дан 10 километрга ўзгартирилиши масаласи кўриб чиқилган эди. Дунё амалиётида транспорт воситаларининг шинасидан тортиб, спидометрдаги хатоликларини инобатга олиб, 20 километргача «погрешность», яъни хато чегараси белгиланган. Аммо Ўзбекистонда бу кўрсаткич 5 километр қилиб белгиланган.

Қайси мезонлар асосида бу шундай белгилангани эса бизга ноаниқ. Айнан мана шу 5 километрлик «погрешность» сабабли бугунги кунда ҳайдовчилар ўзлари хоҳламаган ҳолда техник хатолик қурбонига айланмоқда. Бунинг оқибати эса жарима бўлмоқда.

Энди тасаввур қилинг, сиз соатига 60 км тезликда ҳаракатланиш белгиланган жойда, деҳлик, 66 км тезликда ҳаракатландингиз. Бу ҳолат сизнинг хоҳишингизга боғлиқ бўлмаслиги мумкин — шина ўлчами, спидометрдаги ёки узатиш қутисидан келиб чиққан хатолик сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Натижада сизга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128³-моддаси асосида маъмурий баённома расмийлаштирилади ва 0,5 балл ёзилади.

Энди савол: «Погрешность» масаласи ҳал бўлмаган бир пайтда, 5 километрлик чегара асосида одамларни жаримага тортиш адолатлими? Бу ҳолатда ҳар қандай қоидага амал қилувчи фуқаро қисқа фурсат ичида 12 балл тўплаб қўйиши мумкин. Бу эса ўз-ўзидан ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлишга, кейин эса амалиётий ва назарий имтиҳонларни қайта топширишга, иқтисодий чиқимларга олиб келади.

Бу — биринчи эътироз. Кейингиси — 128⁴-модда. Бу модда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки ҳаракатни тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб ўтиши ҳақида.

Бугунги кунда энг оммалашган жарималардан бири — бу сариқ сигналга чорраҳани кесиб ўтиш билан боғлиқ ҳолат. Камералар жонсиз, улар фақат ҳолатни қайд этади. Аммо қонун ижроси бўйича масъуллар, яъни маъмурий амалиёт бўлимида инсон омили бор: ҳайдовчи ҳақиқатда қоида буздими? Сариқ сигналга ўтар экан, бошқа иштирокчиларга халақит бердими? Авариявий ҳолат яратдими?

Қонунга кўра, сариқ сигналга ҳам айрим шароитларда ўтиш мумкин — агар тўхташ чизиғи олдида кескин тўхташ имкони бўлмаса. Аммо бугунги кунда шундай ҳолатда ҳам ҳайдовчиларга жарима ёзилмоқда.

Камера буни қайд этса, автоматик равишда 1 балл берилади. Бундай ҳолат ой давомида ўн марта такрорланиши мумкин ва ҳайдовчи фақат бир ойдаёқ 10 балл тўплайди. Демак, йил кутмай, икки ойдаёқ 12 балл йиғилиши мумкин. Бу қанчалик адолатдан?

Агар ҳайдовчи сариқ сигналда чорраҳани хавфсиз тарзда кесиб ўтган бўлса, бунда жамият учун хавф даражаси қай даражада? Бу масалага таҳлилсиз ёндашиш мумкин эмас.

Кейинги модда — 128⁵. Бу транспорт воситасини бошқаришда бошқаларга халақит бериш, авариявий ҳолат яратиш ёки қаршилик томонга чиқиш ҳақида.

Тасаввур қилинг, йўлда чуқурлик ёки тўсиқ бор, ҳайдовчи уни четлаб ўтиш учун қисман қарши томонга чиқди — камера эса буни «қарши ҳаракат» деб баҳолайди ва жарима ёзади.

Сиз эса бунинг аксини исботлаш учун вақт сарфлайсиз. Судларга юклама ортади, минглаб ҳайдовчилар ариза ёзади. Судлар бу оқимга тайёрми?

Демак, камералар фақат қайд этади, лекин қарор чиқараётганлар одамлар. Улар ҳар бир ҳолатни ўрганиши керак. Агар бу иш амалга ошмаса, «ярим Ўзбекистон қоидабузарга айланади».

Шу билан бирга, камералар ва радарларнинг техник ҳолати ҳақида очиқ маълумот йўқ. Уларнинг сертификати борми? Охирги текширув қачон бўлган? Буни ҳайдовчи қаердан билиши мумкин? Онлайн маълумотлар базаси йўқлиги ҳам саволлар уйғотади.

Натижада шундай тизим жорий этилса-ю, лекин унинг механизми халқ ва мамлакат реаллигига мослаштирилмаса, бу катта норозиликка олиб келади. Судларга ортиқча юклама тушади, ҳайдовчилар оммавий равишда жарималарга қарши даъво қила бошлайди.

Шахсан мен ҳар қандай йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган амалиётни қўллаб-қувватлайман, аммо унинг механизми мамлакат кесимида мослаштирилиши керак. Мамлакатга одамларга мослаштирилиши керак, чунки савол туғилади: балли тизимга қанчалик зарурат бор эди? Одамлар тайёрми? Жамият тайёрми? Суд бунга тайёрми? Механизми қанчалик мукаммал? Ура-ура жорий қилинаётган қоидалар одамларнинг катта эътирозига саба бўлиши мумкин ва юқорида айтганимдек судларга ортиқча юклама пайдо бўлади. Яъни ҳар 3 та одамнинг 2 таси ёки 2 та одамнинг 1 таси судлашишга мажбур бўлади. Чунки ҳеч ким асоссиз равишда жарима бали ишлаб олишни ва ҳайдовчилик воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлишни истамайди», — дейди мутахассис.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун халқаро тажрибада ўзини оқлаган бундай механизмларнинг жорий этилиши, албатта, ижобий. Чунки рақамлаштириш орқали инсон омилидан холи назорат тизимини яратиш — тартиб ва адолатни кучайтиради. 

Аммо шу билан бирга, савол ҳам ўринли: бунга нафақат ҳайдовчилар, балки тизимнинг ўзи — судлар, маъмурий жарима органлари ва ҳатто техник инфратузилма тайёрми? Чунки жарима баллари шунчаки рақам эмас — улар инсон тақдирига, ҳайдовчилик ҳуқуқига, ҳатто оилавий даромадга ҳам бевосита таъсир қилади.  Шу боис, бу тизим фақат жазо эмас, йўлларда тартибни таъминлаш,  ҳаракатга адолатли баҳо нериш механизми сифатида ишлаши зарур.


Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 8

Барчаси

Мавзуга оид

Жарима баллари: рақамлашган назоратми ёки ҳайдовчилар учун янги синов? | Vaqt.uz