add

Жиззахда газ портлаши оқибатида ёш келин-куёв ҳалок бўлди

30.10.2025 | 13:107561

Ғаллаорол туманидаги хонадонда содир бўлган газ портлаши икки инсоннинг ўлимига сабаб бўлди.

Жиззахда газ портлаши оқибатида ёш келин-куёв ҳалок бўлди

25 октабр куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Суғумбой қишлоғида маиший газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Zamonuz нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, портлаш тахминан соат 6:50 атрофида содир бўлган. Ҳодиса жойида 2004 йилда туғилган эркак ва унинг 2006 йилда туғилган турмуш ўртоғи – ёш келин-куёв ҳалок бўлган. Улар портлаш бўлган хонадонда яшаб келган ва жасадлари вайрон бўлган уйдан топилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага маиший газ сизиб чиқиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳозирда аниқ сабаблар ва бошқа омиллар ўрганилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.

Ғаллаорол тумани ҳокимлиги қошида махсус комиссия ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига ҳокимлик вакиллари, Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳамда тегишли муҳандислик хизматлари киритилган. Комиссия газ таъминоти тизимини ва хавфсизлик чораларини текширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вақт.уз ҳудудлар кесимида ўтган йиллардаги ис гази билан боғлиқ фожиалар кўлами ва ўсиб бораётган рақамларни таҳлил қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Жиззахда газ портлаши оқибатида ёш келин-куёв ҳалок бўлди | Vaqt.uz