Кешбэк ўрнига таклиф қилинаётган лотерея, 1 сотихи 301 млн сўмга тушган пойтахт ерлари ва бождан озод қилинган юк машиналари — 8 июл дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«AKFA Aluminium» илк марта халқаро бозорда облигациялар чиқаришни режалаштирмоқда
«AKFA Aluminium Group» ўз тарихида илк бор халқаро бозорда облигациялар чиқариш имкониятини ўрганмоқда. Bloomberg маълумотига кўра, компания 13 июль куни Лондонда инвесторлар билан учрашувлар ўтказиш учун «Citigroup» ва «JPMorgan»ни жалб қилган.
Шу билан бирга, «AKFA Aluminium» акцияларни дастлабки жойлаштириш тўғрисидаги қарорни ҳам эълон қилди. Компания бу корпоратив шаффофликни ошириш, бошқарув тизимини такомиллаштириш ва ахборотни ошкор этиш амалиётини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидламоқда.
Ўзбекистонда заргарлик буюмлари рақамли маркировкаланиши мумкин
Ўзбекистонда қимматбаҳо металл ва тошлардан тайёрланган заргарлик ҳамда бошқа буюмларни босқичма-босқич мажбурий рақамли маркировкалаш таклиф қилинмоқда. Тизим заргарлик буюмлари айланмасини назорат қилиш, ноқонуний савдони чеклаш ва ҳар бир маҳсулот ҳаракатини кузатиш имконини беради.
Лойиҳага кўра, тажриба-синов босқичи 2027 йил охиригача давом этади. 2029 йил 1 январдан ишлаб чиқарувчи ва импортчилар, 1 апрелдан эса чакана савдо субъектлари учун рақамли маркировка мажбурий бўлиши мумкин. Харидорлар «Asl belgisi» ва «Soliq» иловалари орқали маҳсулотнинг ҳақиқийлигини, келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни текшириш имконига эга бўлади.
1 сотих ер 301 млн сўм: Тошкентда ер нархлари пасаймоқда
2026 йил I чорак якунига кўра, Тошкент шаҳрида 1 сотих ернинг ўртача нархи 301 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4 фоизга пасайди. Марказий банк буни шаҳар марказидан узоқроқ ҳудудларда ер таклифининг ошиб бораётгани билан изоҳламоқда.
Шу билан бирга, I чоракда кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 110,1 мингтага етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48,4 фоизга кўпайди. Бироқ 1 апрелдан эскроу тизими жорий этилгач, апрель ойида битимлар сони мартдаги 43,6 мингтадан 23,3 мингтагача камайган.
Ўзбекистонда айрим юк машиналари импорти бож ва утилизация йиғимидан озод қилинди
2027 йил 31 декабргача ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган айрим юк транспорт воситаларини импорт қилишда божхона божи ва утилизация йиғимининг ноль ставкалари қўлланилади.
Имтиёзлар қуйидаги транспорт воситаларига татбиқ этилади:
— Евро-5 ва ундан юқори экологик стандартларга жавоб берадиган юк автомобиллари ва тортувчи транспорт воситалари;
— тўла вазни 15 тоннадан ортиқ ёки юкхонасининг ички ҳажми камида 76 куб метр бўлган ярим тиркамалар.
Бунда имтиёзлардан фойдаланган ҳолда импорт қилинган транспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилган кундан бошлаб уч йил ичида экспорт қилинса ёки ёқилғи турини ўзгартиришдан ташқари қайта жиҳозланиб, ТИФ ТН коди ўзгарса, берилган имтиёзлар бекор қилинади. Бу ҳолатда тегишли божхона тўловлари белгиланган тартибда ундирилади.
Ўзбекистонда 1 фоизлик солиқ кешбэки бекор қилиниб, давлат лотереяларига ўтилиши мумкин
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги институт Soliq иловасида чекларни рўйхатдан ўтказганлик учун бериладиган 1 фоизлик кешбэкни тўхтатишни таклиф қилди. Бунга бюджет харажатлари ошиб бораётгани сабаб сифатида келтирилмоқда — кешбэк тўловлари 2022 йилда 820 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилда 1,8 трлн сўмга етиши прогноз қилинмоқда.
Оммавий кешбэк ўрнига тушумларни яшириш хавфи юқори бўлган соҳаларда чекларни рўйхатдан ўтказган харидорлар ўртасида давлат лотереяларини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Бунда автомобиллар, туристик йўлланмалар ва 5 млн сўмдан юқори қийматдаги совринлар ўйналиши мумкин. Ижтимоий реестрга киритилганлар учун 12 фоизлик ҚҚС кешбэки сақлаб қолинади.





