
Кореяда ишни тарк этиш фуқароларга қимматга тушмоқда
Кореяда Е-7 ва Е-9 визаларида ишлаётган ўзбекистонликлар иш жойини норасмий ишларга алмаштирса, катта жарима, депортация ва имтиёзларни йўқотиш каби оғир оқибатларга дуч келмоқда.

Кореяда ишлашга рухсат берувчи Е-7 ва Е-9 визаларига эга бўлган айрим фуқаролар расмий иш жойини ташлаб, норасмий фаолиятга ўтиб кетаётгани Миграция агентлиги томонидан жиддий қонунбузарлик сифатида қайд этилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, иш берувчи билан келишмасдан иш жойини тарк этиш фуқаро мақомининг дарҳол бузилишига ва жиддий ҳуқуқий жазоларга сабаб бўлади.
Қонунларга мувофиқ, ишдан бўшатилган фуқаро бир ой ичида иш қидирувчи сифатида рўйхатдан ўтиши шарт. Шундан сўнг уч ой муддатда янги иш берувчи топиб, қонуний меҳнат шартномаси тузилиши талаб этилади. Бу талабларни бажармаслик катта миқдордаги жарима, ноқонуний мақомда қолиш ва депортация каби оғир чораларга олиб келиши мумкин.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, шартномадаги асосий талаблардан бири — иш жойини келишмасдан тарк этмаслик. Жорий йилда айнан шу шартни бузган 20 нафар фуқародан уч томонлама келишувни бузгани учун жами 660 миллион сўм жарима ундирилган.
Депортация қилинган фуқаролар эса давлат томонидан берилган барча имтиёзларни қайтариши шарт бўлади. Бундан ташқари, улар бир йил давомида ташкилий тартибда хорижга чиқарилмайди, бу эса меҳнат миграцияси орқали қонуний даромад топиш имкониятларини чеклайди.
SPAS базасида рўйхатда турганлар учун: агар сизга шартнома берилган бўлса, демак иш берувчи сиздан манфаатдор ва расман танлаган. Шу боис «танловда ёрдам бераман» деб пул талаб қилаётган ҳар қандай шахс — фирибгар. Бундай ҳолатда дарҳол 1282 рақамига мурожаат қилиш тавсия этилади.





