Крипто ўзи нима ва у қандай яралди?
Крипто ошди, крипто қулади, ноқонуний крипто схема фош бўлди. Охирги пайтларда бу каби жумлалар қулоққа тез-тез чалинадиган бўлди, тўғрими? Ҳўш, бу крипто дегани ўзи нима? Қачон ва нима сабабдан пайдо бўлган? Бугун ростан ҳам унга қизиқиш ортиб боряптими? Ушбу мақолада шу ҳақда сўз боради.
Криптовалюта нима?
Криптовалюта бу сизнинг қўлингиздаги қоғоз пул эмас. Уни на ушлаб кўра оласиз, на чўнтагингизга сола оласиз. Бироқ у билан дунёнинг исталган нуқтасига бир неча сониялар ичида пул юборишингиз, тўлов қилишингиз ёки бўлмаса сармоя киритишингиз мумкин. Мана шу – криптовалюта дейилади. Содда қилиб айтсак, криптовалюта – бу интернетда мавжуд бўлган рақамли пул. Уни ҳеч бир давлат ёки марказий банк чиқармайди ва бошқармайди. Барча транзакциялар махсус блокчейн деб аталадиган тизимда қайд этилади. Бу тизим орқали маълумотларни ўзгартириш ёки сохталаштириш жуда қийин.
Крипто отаси ким?
Ўтган асрнинг 80-йиллари. Сиз у биз билган ҳозирги Bitcoin, Ethereum ёки бошқа криптовалюталар ҳали мавжуд эмасди. Ҳатто интернет ҳам эндигина оммалашаётган давр эди. Аммо айнан ўша пайтда бир олим келажакдаги рақамли пуллар қандай ишлашини тасаввур қилиб улгурган эди.
АҚШдаги Беркли университети профессори Дэвид Чаум бугунги крипто оламининг илк пойдеворини қўйган инсонлардан бири ҳисобланади. У интернет орқали одамлар ўз шахсий маълумотларини ошкор қилмасдан қандай тўлов қилиши мумкинлиги устида бош қотирган.Чаум ҳатто бугунги блокчейн технологиясига ўхшаш тизим концепциясини ҳам ишлаб чиққан.Унинг мақсади оддий эди: фойдаланувчилар интернетда аноним ва хавфсиз тарзда пул ўтказа олиши керак.
Бу ғояни ҳаётга татбиқ этиш учун у «DigiCash» номли компанияни ташкил қилади. Компания банклар билан ҳамкорлик қилиб, уларга аноним электрон тўловларни амалга ошириш имконини берувчи дастурий таъминот таклиф қилади. Тизимдаги рақамли пуллар eCash , электрон тангалар эса CyberBucks деб аталган.
Афсуски, бу лойиҳа ўз давридан анча илгарилаб кетганди. Технологиялар ва бозор ҳали бунга тайёр эмасди. Оқибатда DigiCash бир неча йил ўтиб банкрот бўлди. Аммо Дэвид Чаумнинг ғоялари йўқолмади. Орадан йиллар ўтиб, айнан шу концепциялар Bitcoin ва бутун криптовалюта саноатининг пайдо бўлишига илҳом манбаларидан бирига айланди.
1992-йилга келиб криптовалюта тарихида янги инқилоб бошланди. Ўша йили шифропанклар (cypherpunk) деб ном олган норасмий онлайн ҳаракат шаклланади. Бу ҳаракат Дэвид Чаумнинг ғояларини давом эттирди ва уларни амалда исботлашга ҳаракат қилди.
Шифропанклар ким ўзи? Улар — дастурчилар, муҳандислар ва криптограф олимлардан ташкил топган гуруҳ ҳисобланади. Инсон эркинлигини энг олий қадрият деб билган шифропанклар давлатнинг интернет устидан назоратига шубҳа билан қарарди. Уларнинг фикрича, одамларнинг шахсий ҳаёти криптография, рақамли имзолар, аноним электрон почта ва электор пуллар орқали ҳимояланиши керак эди.
1998-йилда, атиги 22 ёшли шифропанк Вэй Дей бугунги биткоинга жуда ўхшаш бўлган b-money номли марказлашмаган электрон валюта концепциясини тақдим этди. Бу ғоя марказий банк ёки ҳукуматга боғлиқ бўлмаган рақамли пул яратиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ўша йилнин ўзида яна бир шифропранк Ник Сабо Bit Gold лойиҳасини тақдим этди. У нафақат биткоинга ўхшаш тизимни тасвирлаб берди, балки кейинчалик бутун блокчейн саноатини ўзгартирган ақлли шартномалар ғоясини ҳам ишлаб чиқди. Орадан 17 йил ўтиб 2015-йилда айнан шу концепция Ethereum платформасининг энг муҳим афзаллигига айланди. Шундай қилиб, 1990-йилларнинг охирига келиб шифропанклар деярли барча назарий асосларни яратиб бўлганди. Аммо дунё ҳақиқий ишлайдиган криптовалютани кўриши учун яна 10 йил кутишига тўғри келарди. Ана шундан кейин крипто майдонига сирли шахс – Сатоши Накамото кириб келади.
2008-йилнинг кузида криптовалюта тарихини бутунлай ўзгартирган воқеа содир бўлди. b-money концепцияси муаллифи Вэй Дей кутилмаганда номаълум дастурчидан элкетрон хат олади. Хат муаллифи ўзини Сатоши Накамато деб таништиради. У ўз хатида Вэй Дейнинг ғоясини амалда ишлайдиган тизимга айлантиргани, фақат айрим техник ўзгартиришлар киритганини ёзганди. Орадан кўп ўтмай, у шифропранклар ҳамжамиятига ўзининг марказлашмаган электрон пул тизими ҳақидаги ҳужжатни тақдим этди ва бир неча ой давомида уларнинг барча саволларига батафсил жавоб берди.
Ниҳоят, 2009-йил 3-январь куни тарихий воқеа содир бўлади.Ўша сирли шахс Сатоши Накамато биткоин тармоғини ишга туширди ва биринчи – Genesis Block, яъни бошланғич блокни яратади.Шу блок орқали илк 50 BTC «қазиб олинди» ва замонавий криптовалюта даври бошланди. Бироқ, Сатошининг мақсади шунчаки янги рақамли пул яратиш бўлмаганди.У биткоинни ҳукуматлар, марказий банклар ва молиявий институтлардан мустақил бўлган халқ валютаси сифатида тасаввур қилган. Айниқса 2008-йилги глобал молиявий инқироз дунёдаги анъанавий молия тизимига бўлган ишончни кескин пасайтирган бир пайтда, биткоин мутлақо янги ечим сифатида майдонга чиқиб келади.
Bitcoin қандай оммалашди?
Албатта, энг бошидан бери Сатоши ҳам одамлар янги рақамли пулга ишониш-ишонмаслигини билмасди. Боиси ундан олдинги лойиҳалар, жумладан юқорида тилга олинган DigiCash муваффақиятсизликка учраган эди.
Шунга қарамай Сатоши шаштини сустирмай, бир нарсага умид қиларди. Одамлар «балки келажакда керак бўлиб қолар», деган фикр билан оз миқдорда бўлса ҳам биткоин сотиб олишади. Агар шундай бўлса, тобора кўпроқ одамлар бу тизимга қўшилади ва биткоин ҳам ўз ўзидан қийматли активга айланади. Охир-оқибат Сатошининг фикри амалда ўс тасдиғини топди. Дастлаб биткоин ҳақида фақатгина технология ишқибозларигина биларди. Вақт ўтиши билан унга ОАВ ҳам эътибор қарата бошлади. Масалан, 2011-йил май ойида «Forbes» журнали биткоин ҳақида мақола эълон қилади.Бу эса криптовалюта тарихидаги мухим бурилишлардан бири бўлди десак муболаға бўлмайди.
Нашр эълон қилган мақоладан сўнг, инвесторларнинг қизиқиши кескин ошди.Ўша вақтда дунёдаги энг йирик криптобиржа ҳисобланган Mt.Gox’да биткоин нархи атиги бир ҳафта ичида 30 сентдан 30 долларгача, яъни қарийб 100 баравар ошди.Шу тариқа биткоин энди шунчаки дастурчилар тажрибаси эмас, балки бутун дунё эътиборини тортаётган янги молиявий ҳодисага айланди.
Лойиҳа тобора оммалишб машҳур бўлаётганда унинг эгаси саҳнадан ғойиб бўлади.2011-йилда Сатоши Накамото лойиҳадаги фаол иштирокни тўхтатди ва изсиз йўқолди.У ўзидан кейин ишлаётган биткоин тармоғи ва ўша даврда жуда катта ҳисобланган миқдордаги – таҳминан 1 миллион BTC ни қолдирди. Энг қизиғи, бу биткоинларнинг катта қисми ҳанузгача ҳаракатсиз.Сатоши аслида кимлиги эса ҳанузгача жавобсиз қолмоқда.
Алткоинлар, миллиард долларлик бозор ва «hodler»лар
Биткоин анча оммалашганидан кейин унинг атрофида бир савол пайдо бўлди: агар марказлашмаган рақамли пул яратиш мумкин бўлса, нега фақат битта криптовалюта бўлиши керак?
Сатоши биткоинни гўёки асосий криптовалюта сифатида кўрарди.У ўйлардики, бу тизим келажакда янада самарали электрон пулларнинг пайдо бўлишига йўл очиши мумкин. Шундай бўлди ҳам. 2011-йилдан бошлаб бозорда биткоинга муқобил бўлган янги криптовалюталар пайдо бўла бошлади. Улар кейинчалик алткоинлар, яъни алтернатив криптовалюталар деб аталди. Улар орасида Litecoin, Peercoin, Novacoin ва XRP каби лойиҳалар бўлган. Янги криптовалюталар биткоиндан турли жиҳатлари билан фарқ қилишга ҳаракат қилди. Айримлари бошқа криптография алгоритмлардан, бошқалари эса тармоқда келишувга эришишнинг муқобил усулларидан фойдаланди. Шу тариқа криптовалюта бозори аста -секин битта биткоиндан иборат тизимдан юзлаб, кейинчалик минглаб лойиҳалар мавжуд бўлган улкан экотизимга айлана бошлади.
Аммо биткоиннинг тарихи фақат технология ва пул билан боғлиқ эмас. У жуда тез давлат назоратидан максимал даражада мустақил бўлишни истаган одамларнинг ҳам эътиборини тортди. 2011-йилда техаслик ёш либертариан Росс Ульбрихт интернетда «Silk Road» номли маркетплейсни ишга туширди.У оддий интернет дўкон эмас, аксинча даркнет орқали ишлайдиган ва биткоин асосий тўлов воситаларидан бири бўлган онлайн дўкон ҳисобланарди. Платформада қонуний маҳсулотлар билан бир қаторда ноқонуний товарлар, жумладан гиёҳванд моддалар ва қуроллар ҳам пулланган. Ульбрихтнинг асосий ғояси давлат назоратидан холи бўлган мустақил бозор яратиш эди. «Silk Road» тобора ривожланиб борди ва 2 йил ичида платформа орқали амалга оширилган савдолар ҳажми 1,3 млрд долларга етган. Бироқ «бузоқнинг югургани сомонхонагача» деганларидек, Ульбрихтнинг бу тажрибаси оловдек сўнди.
2013-йилда АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари Росс Ульбрихтни Сан-Францискодаги жамоат кутубхонасининг фантастика бўлимида қўлга олди. Кўп ўтмай «Silk Road»га ҳам нуқта қўйилди. Ульбрихт эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди.Бир томондан — ҳукумат ва банклардан мустақил бўлишни ва молиявий эркинликни ваъда қилган янги технология. Иккинчи томондан эса — айнан шу анонимлик ва марказлашмаган тизим ноқонуний фаолият учун ҳам ишлатилиши мумкин эди.
Бу воқеалар фонида крипто оламида яна бир янги тушунча пайдо бўлди.У ҳам бўлса «HODL».
Биткоин нархи кескин қулаган пайтда айрим инвесторлар уни сотиш ўрнига шунчаки ушлаб туришни танлайди. Интернетдаги бир форумдаги машҳур ёзув — «HODL» — кейинчалик бутун крипто ҳамжамиятининг рамзига айланди. Яъни фикр оддий эди: нарх тушса ҳам сотма, ушлаб тур — балки эртага биткоин янада қимматлар.Ўша пайтда ҳеч ким бу ғоя келажакда бутун бир инвестиция маданиятига айланишини тасаввур ҳам қилмаганди.
2014–2015-йиллар: илк крипто музлаши, Tether ва Ethereum даври
2013-йилда рекорд даражага чиққан биткоин нархи бир йил ўтмай кескин қулаб, 300 долларга тушди. Бу унинг энг юқори нархидан қарийб 75 фоизга арзонлади дегани.
Бунга бир нечта омиллар сабаб бўлди. Хусусан, Хитой ҳукумати криптовалюталарга нисбатан чекловлар жорий қила бошлади. Энг қақшатқич зарба эса ўша вақтлардаги дунёнинг энг йирик криптобиржаси Mt.Gox’нинг хакерлар ҳужумига учраши бўлди. Оқибатда, 850 мингта биткоин ўғирланди. Ўша даврдаги ҳисоб китобларга кўра, бу 450 миллион долларга тенг. Бозордаги ваҳима тобора ортиб борди ва биткони бўлса қарийб 87 фоизгача пасайди.
Бу инқироз фонида яна бир мухим лойиҳа старт олди. 2014-йили Tether ишга туширилди. Бу тарихдаги илк оммалашган стейблкоин бўлиб, унинг қиймати 1 долларга тенг қилиб белгиланди. Шу боис одамлар криптовалютанинг қулайлигидан фойдаланар, лекин биткоин каби кескин нарх тебранишларидан хавотир олмасди. Орадан бир йил ўтиб эса яна бир тарихий воқеа юз берди.
2015-йилда атиги 19 ёшли Виталик Бутерин Ethereum блокчейнини ишга туширди. Агар биткоин асосан рақамли пул бўлса, Ethereum блокчейни дастурчиларга ўз иловаларини яратиш имконини берди. Натижада ақлли шартномалар, марказлашмаган иловалар (дАппс), DeFi, NFT ва ДАО каби бугунги крипто оламининг энг муҳим йўналишлари айнан Ethereum туфайли пайдо бўлди.
Шу тариқа Ethereum криптовалютани оддий тўлов воситасидан бутун бошли рақамли иқтисодиёт платформасига айлантириш йўлини очиб берди.
Криптовалюта Ўзбекистонга қачон кириб келди?
Дунёда кўплаб инвесторлардан тортиб оддий одамларгача биткоинга қизиқиш билдираётган бир махалда Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четдан қолмади. Гарчи мамлакатда криптовалютага қизиқиш 2017-йилнинг охирларида, биткоин нархи илк бор 20 минг долларга яқинлашган пайтда пайдо бўлган бўлса-да, бу соҳани тартирбга соладиган қонунчилик йўқ эди. Кўпчилик Telegram гуруҳлари, форумлар ва хорижий криптобиржалар орқали таний бошлади.
2018-йилга келиб вазият ўзгарди. Ўша йилниннг 3-июлида президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори қабул қилиниб, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва крипто-активлар соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.Ҳужатда биринчи марта «майнинг», «крипто-биржа», «крипто-депозитарий» ва бошқа крипто хизматлари расман белгиланди. Айнан шу қарор Ўзбекистонда криптовалютани ҳуқуқий жиҳатдан тан олиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Орадан 2 ой ўтиб, 2-сентябрда криптобиржалар фаолиятини ташкил этиш бўйича яна бир президент қарори қабул қилинади. Шу тариқа Ўзбекистон Марказий Осиёда криптони давлат даражасида тартибга солишга киришган илк мамлакатлардан бирига айланди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда юз минглаб фойдаланувчилар лицензияланган крипто платформалари орқали крипто-активлар билан операцияларни амалга оширмоқда. Крипто-активлар соҳасидан олинадиган айрим даромадлар 2029-йилга қадар солиқдан озод қилинган. Соҳани тартибга солиш ва давлат назорати эса Миллий истиқболли лойиҳалар агентлиги томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон крипто-бозори ҳолати қандай?
Бу бўйича Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги кичик ҳисоботни тақдим этди.
Унга кўра, крипто-аквтивлар айланмаси соҳасида 21 та лицензияланган провайдер фаолият юритмоқда. Шунингдек, провайдерлар томонидан рўйхатга олинган мижозлар сони эса 702 минг 532 нафарга етгани маълум бўлди. Шундан 697 минг 873 нафари Ўзбекистон резидентлари, 4659 нафари эса норизидентлар ҳисобланади.
Бундан ташқари, крипто-биржалар сони 3 тадан 2 тага тушган. «Uznex» крипто биржасидаги фаолиятини тугатган. Ҳисоботда майнинг билан шуғулланаётган расмий фирмалар сони ҳозирча 1 та экани қайд этилган. «Besqala mining valley» орқали турли имтиёзлар бериб борилмоқда.
Теглар






