
Криптобиржа, брокер ва банкка айланмоқчи бўлаётган Telegram
Яқин орада криптовалюта юбориш мессенжер чати орқали оддий хабар жўнатиш каби осон бўлади Telegram ўз криптоҳамёнини иловага интеграция қилди, X (собиқ Twitter) эса X Money тўлов хизмати устида ишламоқда, Meta эса WhatsApp ичига молиявий инфратузилма жорий этяпти.

Йирик платформалар аста-секин мулоқот ва тўлов ўртасидаги чегарани йўқ қилмоқда — мессенжерлар тўлиқ молиявий муҳитга айланмоқда. Бу жараёнда криптовалюта тез ва глобал пул ўтказмалари учун табиий номзодга айланяпти. Савол: уни оммавий одатга ким айлантиради?
Telegram бир вақтнинг ўзида криптобиржа, брокер ва банкка айланди
Telegram Ўзбекистонда энг оммабоп иловалардан бири бўлиб қолмоқда, бироқ унинг криптоҳамёни ҳали кенг аудитория эътиборини тортгани йўқ. Бошқа платформалар криптотўловлар режаси ҳақида шов-шувли баёнотлар бериб турган бир пайтда, Telegram аллақачон иловада алоҳида мини-дастур сифатида бутун молиявий экотизимни яратди. Унинг функциялари оддий ҳамён эмас, балки биржа, брокер ва рақамли банкни эслатади.
Тезкор тасдиқлаш жараёнидан сўнг фойдаланувчи тўлиқ криптопортфелга эга бўлади: Bitcoin, Ethereum, Solana, Toncoin, TRX, Cardano, XRP, DOGE ва бошқа активлар — танлов ўртача криптобиржа даражасида. Шунингдек, глобал компаниялар — Tesla, Alphabet каби акциялар ва QQQ ёки S&P 500 индекслари каби ETF’лар ҳам қўллаб-қувватланади. Стейкинг ва депозит дастурлари учун алоҳида бўлим мавжуд: TON учун тахминан йиллик 7,5 фоиз, USDT учун 9 фоиз, айрим активлар эса бундан ҳам юқори даромад беришини ваъда қилмоқда.
Қўлланиш механизми жуда соддалаштирилган: бир клик билан активни стейкингга ўтказиш, бир клик билан танишга пул жўнатиш мумкин. Манзиллар, смарт-контрактлар ёки газ-комиссиялар йўқ — барчаси оддий мессенжер функцияси каби ҳис қилинади. Ана шу соддалик криптовалюта операцияларини кундалик мулоқотнинг табиий қисмига айлантиради.
Telegram ҳозирча тўғридан тўғри карта орқали криптовалюта харид қилишга рухсат бермаяпти — бу регуляторлик чекловлари ва маҳаллий тўсиқлар билан боғлиқ. Шу сабабли бу ерда ҳозирча фақат P2P (фаол эскроу ҳимоясида фойдаланувчилар орасида харид) фаолият юритмоқда. Аммо айрим давлатларда Telegram Wallet тўғридан тўғри банк карталаридан тўлдириш ва соддалаштирилган фиат ўтиш дарчаларини синаб кўрмоқда.
Telegram Wallet интерфейси содда кўринса-да, аслида у TON экотизимига кенгроқ кириш нуқтасига айланди. Сўнгги йилларда бу блокчейн тўлиқ Web3 муҳитига айланди — токенлар, стейблкойнлар, мини-дастурлар, NFT ва DeFi маҳсулотлар мессенжер ичида ишлайди. Ҳамён алоҳида сервис эмас — у фойдаланувчини бутун экотизимга интеграция қилади. Чатдаги пул ўтказмаси оддий хабардек кўринади, аслида эса бу блокчейн транзакцияси бўлиб, оддий UX орқали яширилган. Мана шу узлуксиз тажриба оддий фойдаланувчи учун криптовалютани технология эмас, балки функцияга айлантиради.
Telegram’нинг молиявий архитектураси аралаш моделга асосланган: операциялар TON тармоғида амалга ошади, бироқ ҳамёнга кириш Wallet LLC (Дубай) томонидан бошқарилади. Бу АҚШ бозорига чиқиш имконини берди, бироқ қаттиқ молиявий назоратга эга давлатлардаги мақомини савол остига қўйди. Split-key механизми киришни янгилашни енгиллаштиради, бироқ хусусий калитлар тўлиқ фойдаланувчи назоратида эмас. Агар Telegram аккаунти ёки электрон почта бузилса, активларга киришни йўқотиш хавфи ортиб кетади.
Ўзбекистонлик фойдаланувчилар учун ишонч муаммоси янада долзарб — чунки Telegram анъанавий равишда хавфсизлик жиҳатидан баҳсли платформа ҳисобланади. Бундай сервисдаги аккаунтга криптоҳамён боғланиши хавф даражасини оширади — ҳатто агар TON блокчейни техник жиҳатдан ҳимояланган бўлса ҳам.
«X Money»: криптомуваффақият ёки фақат туш?
Илон Маскнинг баландпарвоз баёнотларига қарамай, «X Money» ҳозирча тайёр маҳсулотдан кўра орзуларга яқинроқ. Компания ҳали ҳам АҚШда тўлов лицензияларини тўпламоқда, асосий ҳамённи синамоқда ва фақат яқиндагина лойиҳа учун муҳим жамоа аъзоларини танлашга киришди. Масалан, ноябр охирида «X» платформаси «X Money» учун техник раҳбар лавозими бўйича танлов эълон қилди. Бу — ҳали дастурлашга киришилмаган, балки эндигина ишга тушаётган лойиҳа эканини кўрсатувчи аниқ ишора эди.
Қизиғи шундаки, техник раҳбар вакансиясида блокчейн ёки криптовалюта ҳақида бир оғиз сўз йўқ. Бу эса асосий ҳақиқатни аён қилади: «X Money» анъанавий финтех тўлов хизмати сифатида қурилмоқда. Бу эса бозорнинг Маскдан кутган криптоинқилобига зиддир. Охирги йилларда у «Dogecoin» ҳақидаги ҳазиллари, молиявий тизимларни қайта қуриш ҳақидаги баёнотлари билан ҳаммада «X Money» криптоинфратузилмали илк йирик ғарб иловаси бўлади деган фикр уйғотганди. Аммо амалиёт бошқача тус олмоқда.
Ҳозирча «X Money» ҳақидаги барча расмий маълумотлар фақат фиат модел ҳақида: доллардаги пул ўтказмалари, Visa билан ҳамкорлик, карта боғлаш, ички баланс, P2P тўловлар ва обуна хисоб-китоблари. Булар — оддий финтех хизматининг белгилари. Банк карталарига боғланган, маблағларни марказлашган шаклда сақлайдиган тўлов иловаси. Яъни криптоҳамён эмас, балки анъанавий рақамли ҳамён.
Bitcoin, Dogecoin ёки стейблкойнлар ҳақида эса «X Money» доирасида ҳеч қандай расмий сўз йўқ. Умуман, АҚШ компанияси учун ҳар қандай рақамли активни интеграция қилиш — юридик томондан мураккаб ва узоқ муҳокамаларни талаб қиладиган жараён. Бу криптофункцияларни яқин истиқбол эмас, балки бюрократик тўсиқлар билан тўлган узоқ йўлга айлантиради.
Шунга қарамай, умидлар сўнмаяпти. Solana’нинг вакансия эълони остидаги изоҳи, Ripple ва бошқа блокчейнлар «X» билан ҳамкорлик қилиши мумкин деган блогерлар тахминлари, шунингдек, Маскнинг даврий шама-ишоралари — буларнинг барчаси криптофункция аслида режалаштирилаётган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Бироқ бугунги кунда бу нафақат реал йўл харитаси, балки ортиқча информацион шов-шув ва жамоанинг хомхаёллари, холос.
Аммо стратегик жиҳатдан «X Money» жозибали ғоя: ижтимоий тармоқ, чат, тўлов ва контент муаллифлари учун монетизация имкониятлари бирлаштирилса, янги молиявий экотизим юзага келиши мумкин. Лекин ҳозирча ҳақиқат шундай: Telegram аллақачон криптотўловларни амалга оширмоқда, «X» эса ҳали фақат концепция даражасида қолмоқда.
Шунинг учун асосий савол шундай: «X Money» блокчейн функцияларига эга сервисга айланадими ёки яна бир фиат ҳамён бўлиб қоладими? Ҳозирги ҳолатда иккинчиси эҳтимоли юқори. Лекин бу — Маск. У билан ҳеч нарса аниқ эмас: баъзан у гап-сўзларни чиндан ҳам амалга оширади.
Meta: Libra лойиҳасидаги муваффақиятсизликдан сўнг — ҳозир фиат финтех, кейин стейблкойнлар
Meta — бу оммавий фойдаланувчилар учун ўзининг «криптопули»ни яратишга жиддий уриниб кўрган ягона йирик платформа. Libra/Diem лойиҳаси Facebook’ни стейблкойн ва Novi ҳамёни билан жаҳон миқёсидаги тўлов тармоғига айлантириши керак эди, аммо бу лойиҳа муваффақиятсизлик рамзига айланди: ҳамкорлар чекинишди, АҚШ ва Европа Иттифоқи регуляторлари лойиҳага йўл очмади ва 2022 йили Diem активлари сотилди. Шу орқали Meta криптовалюта концепциясидан расман чекинди, бироқ ўз иловалари ичида молиявий инфратузилмани қуриш ғоясидан эмас.
Бугунги кунда Meta анча эҳтиёткорлик билан иш тутмоқда ва классик финтех моделини танламоқда. Meta Pay — Facebook, Instagram, Messenger ва қисман WhatsApp учун ягона ҳамён вазифасини бажаради. Бразилия, Ҳиндистон ва Сингапурда WhatsApp орқали чатда тўғридан тўғри тўловлар ва пул ўтказмалари амалга оширилмоқда, Instagram эса илованинг ўзида тўлиқ checkout’ни синамоқда, Facebook эса Meta Pay орқали донатлар, харидлар ва Stars каби ички валюталарни қўллаб-қувватлаяпти. Қамров жиҳатидан бу ижтимоий тармоқлар ичидаги энг йирик фиат тўлов платформаларидан бири, аммо фақат банк карталари ва маҳаллий процессинг-партнёрлар орқали ишлайди.
Meta’нинг крипто стратегияси ҳозирча «уйқуда». Diem лойиҳаси муваффақиятсизликка учрагач, компания ўз криптовалютасини яратишга уринишни тўхтатди, бироқ стейблкойнларни ҳисоб-китоб тизими учун имконият сифатида ўрганмоқда. Алоҳида диққат — контент яратувчиларга тўловлар масаласига қаратилган: Meta блогерлар, стримерлар ва креаторларга тўловларни рақамли доллар кўринишида амалга ошириш вариантини кўриб чиқмоқда — тез ва арзон, халқаро ўтказмаларсиз. Бу йўналишда Plaid ва Stellar компанияларида тажрибага эга топ-менежер раҳбарлигидаги янги финтех жамоа иш бошлаган. Ҳозирча бу фақат «бозорни ўрганиш» босқичи, бироқ йўналиш аниқ: ўз криптоси эмас, балки мавжуд тўлов воситаларини интеграция қилиш.
Бу маънода Meta энди «яширин от» эмас, балки ҳаракати чекланган «йирик вазнли ўйинчи»га айланган. Libra ортидан регуляторлар очиқ сигнал беришди: хусусий метапуллар йўналишидаги ҳар қандай қадам қаттиқ қаршиликка дуч келади. Шу боис компания аста-секин ва максимал даражада назоратли равишда ҳаракат қилмоқда: фақат фиат тўловлар, лицензияга эга шериклар, айрим давлатларда синов лойиҳалари ва оммавий крипто ваъдаларсиз. Салоҳият эса жуда катта — икки миллиарддан ортиқ аккаунт, Meta Pay интеграцияси, «чат+харид» модели аллақачон ишлаб турибди — бироқ Meta марказий банкларнинг навбатдаги ҳужумига нишон бўлишни истамаяпти.
Фойдаланувчилари учун ҳозирча Meta кўпроқ донат ва намойиш платформаси сифатида намоён бўлмоқда, молиявий суперилова сифатида эмас. Facebook орқали маблағ йиғиш осон, Instagram савдо канали сифатида яхши ишлаяпти, аммо асосий транзакциялар ҳалигача банклар, LiqPay ёки тўлов ҳаволалари орқали амалга оширилади. Агар Meta контент яратувчилар учун стейблкойн орқали тўлов тизимини йўлга қўйса, украин креаторлар жаҳон аудиториясидан пулларни тез ва арзон қабул қилиш имконига эга бўларди.
Бироқ 2025 йил ҳолатига кўра бу ҳозирча имконият даражасида, амалий функция эмас. Telegram’dан фарқли ўлароқ, Meta учун крипто — бу ҳали «тугмадаги функция» эмас, балки ўтмиш сабоқларидан кейин эҳтиёткорлик билан яқинлашилаётган истиқболдир.
Нега ижтимоий тармоқлар келажаги — пул, пул келажаги эса — криптовалюта
Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар аста-секин ривожланишнинг янги — молиявий босқичига ўтиб бораётгани тобора яққоллашмоқда. Компаниялар энди фақат мулоқот учун мўлжалланган платформа бўлишни истамайди. Улар фойдаланувчи хулқ-атворининг бутун занжирини ўз ичига олишга интилмоқда: киши нафақат ёзишма олиб бора олсин, балки харидларни тўласин, дўстларига пул юборсин, донатлар олсин ёки ҳатто барча маблағларини битта иловада сақласин.
Бу тасодиф эмас: платформа фойдаланувчи пулига қанчалик яқин бўлса, экотизими шунчалик кучли ва таъсири шунчалик катта бўлади.
Айни шу нуқтада криптовалюта мода эмас, балки реал рақобатбардош устунликка айланмоқда. Анъанавий молиявий тизимлар парчаланган, давлат чегаралари ва банк иш вақтини ҳисобга олади; тўлов комиссиялари юқори, микротўловлар деярли самарасиз, халқаро пул ўтказмалари эса кунларча кечикиши мумкин. Криптовалюта бу тўсиқларни олиб ташлайди: глобал, тезкор ва арзон ҳаракат қилиш имконини беради. У мураккаб инфратузилмалар ёки кўп босқичли банк келишувларини талаб қилмайди.
Стейблкоинлар амалда рақамли долларга айланди, ҳамёнлар эса мессенжер интерфейсларига интеграция қилинди. Энди «хабар юборгандек пул юбориш» фантастика эмас — реал функция.
Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлар крипто тўловларга оммавий ўтиш учун идеал майдондир. Уларда аллақачон миллиардлаб фойдаланувчи, ҳар кунлик мулоқот одати ва ифода этилган ўзаро ишонч бор. Telegram криптовалютанинг чат ичида қандай табиий ишлаши мумкинлигини кўрсатмоқда. X (Twitter) ҳозирча фиат йўлини танлаган, аммо Илон Маскнинг муроса ҳақидаги имо-ишоралари бозор кутилмаларини тирик сақламоқда. Meta эса контент яратувчиларга тўловлар учун стейблкоин синовларини ўтказмоқда ва Diem муваффақиятсизлигидан кейин рақамли пуллар концепциясига қайта йўл қидирмоқда.
Барчаси битта нуқтага ҳаракат қилмоқда — мулоқот, контент ва молия бирлашадиган ягона муҳит яратишга.
Бу энди оддий мессенжерлар ўртасидаги рақобат эмас. Бу — янги турдаги тезкор, глобал ва силлиқ иқтисодиёт учун кураш. Бу ерда криптовалюта бонус эмас, балки ҳар қандай нуқтада универсал ва оммабоп молиявий қатламни яратадиган технологиядир. Ижтимоий тармоқлар сезилмасдан инфратузилмага айланмоқда, криптовалюта эса уларнинг ҳаракатга келтирувчи кучига.
Куни келиб, оммавий фойдаланувчи 50 долларни Аргентинадаги дўстига 0,03 сонияда ва комиссиясиз юбориш мумкинлигини тушунганда, ўйин якунланади. Ана ўша нуқтада рақамли платформаларнинг навбатдаги эволюцияси бошланади.





