Logo

Криптобиржалар мижозларни учинчи томон орқали текшириши мумкин

Бугун 10:203 дақиқа

Ўзбекистонда криптоактивлар хизматлари провайдерлари учун янги назорат талаблари жорий этиш режалаштирилмоқда.

Криптобиржалар мижозларни учинчи томон орқали текшириши мумкин © Ijtimoiy tarmoqlar

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари учун янги назорат қоидаларини таклиф қилди. Тегишли ҳужжат 12-август куни жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди.

Лойиҳа жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши ички назоратни кучайтиришга қаратилган. Ҳужжатда «криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдери» тушунчасини киритиш ҳам таклиф этилмоқда.

Янги тартибга кўра, лицензия олган провайдер бир ой ичида ички назорат учун масъул ходим тайинлаши керак бўлади. У раҳбар ўринбосарлари орасидан белгиланади ва унинг маълумотлари ИЛМАга тақдим этилади. Масъул ходим ўзгарса, бу ҳақда янги ходим тайинланган иш кунидан кечиктирмай хабар бериш талаб этилади.

Мижозни ким текширади?

Мижозни идентификация қилиш ва уни лозим даражада текшириш жараёнида провайдерлар учинчи томон хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади. Бунда шахсга доир маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашга ихтисослашган Ўзбекистон ёки хорижий ташкилотлар жалб қилиниши мумкин.

Провайдерлар мижознинг фаолияти, мулкчилиги ва бошқарув тузилмасини тушуниши, уни ишончли манбалар ва ҳужжатлар асосида идентификация ҳамда верификация қилиши керак бўлади. Олинган маълумотлар камида йилига бир марта янгиланади.

Раҳбарлар ва масъул ходимларга ҳам янги талаблар қўйилади. Терроризм, коррупция, иқтисодий ва айрим бошқа жиноятлар билан боғлиқ судланганлиги тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахсларни раҳбарликка тайинлаш тақиқланиши мумкин. Халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатлардаги айрим шахслар ва компанияларнинг провайдерлар устав капиталида иштирок этишига ҳам чеклов қўйилади.

Ҳамёнлар ҳам назоратда бўлади

Лойиҳада шубҳали операциялар рўйхати ҳам кенгайтирилмоқда. Масалан, криптоактивларни оффшор ҳудудлардаги шахсларга ўтказиш, бир хил миқдорда турли ҳамёнларга мунтазам юбориш, қисқа вақтда бир неча марта алмаштириш ёки 24 соат ичида кўплаб йирик битимларда фойдаланиш шубҳали белги бўлиши мумкин.

Янги очилган ёки узоқ вақт ишлатилмаган ҳамёнлардан катта миқдорда активлар ҳаракати, хусусий ёки аноним ҳамёнларга ўтказмалар, илгари жиноий мақсадларда фойдаланилган ҳамёнлардан актив қабул қилиш ҳам текширилади. Мижознинг одатий айланмасига мос келмайдиган катта суммадаги криптоактивларни қабул қилиши ҳам шубҳа уйғотиши мумкин.

IP-манзилни яширувчи дастурлардан мунтазам фойдаланиш, бир IP-манзилдан кўплаб ҳамёнлар очиш, электрон почта, домен, IP-манзил ёки ҳамён эгаси ҳақидаги маълумотларни тез-тез ўзгартириш ҳам назорат мезонларига киритилмоқда. Янги криптоактив нархининг кескин ўсиши, унинг фақат битта платформада айланиши ёки нарх манипуляцияси белгилари ҳам шубҳали ҳолат сифатида баҳоланиши мумкин.

Шубҳали операция аниқланганидан кейинги иш кунидан кечиктирмай махсус ваколатли давлат органига хабар бериш талаб этилади. Бундай хабарлар криптографик ҳимояланган электрон тизимлар, махсус электрон почта ёки шахсий кабинет орқали юборилади.

Ўзгартишлар лойиҳаси 22-августгача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.

Теглар

Мавзуга оид