
Маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун вилоятларга 20 трлн сўм ажратилади
Президент 2026 йилда маҳаллаларни ривожлантириш маблағлари туманлар иш натижаларига қараб тақсимланишини билдириб, самара кўрсатган ҳудудлар кўпроқ ресурс олишини таъкидлади.

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 20 триллион сўмлик маблағ вилоятлар ихтиёрига топширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда айтиб ўтди. Давлат раҳбарига кўра, ушбу маблағ барча туманлар ўртасида тенг бўлиб берилмайди, аксинча ҳудудларнинг лойиҳаларни амалга оширишдаги натижаларига қараб тақсимланади.
Президент мисол сифатида Дўстлик тумани тажрибасини келтирди. Туманда 5 миллиард сўм мақсадли сарфланиб, Чинобод маҳалласидаги икки километрли кўча инфратузилмаси тубдан яхшиланди ва кун-у тун фаолият юритувчи ҳудудга айлантирилди. Натижалар самарали бўлгани учун ҳудудга қўшимча 10 миллиард сўм ажратилган ва бу маблағ ҳисобига дарё бўйи ободонлаштирилиб, савдо-сервис учун янги майдон яратилган. Лойиҳалар туфайли 130 та тадбиркор фаолият бошлаган ва 700 нафар киши иш билан таъминланган.
Шу билан бирга, президент Учкўприк, Бектемир, Жомбой, Китоб ва Тошкент туманларида маблағ ажратилганига қарамай, ҳали бирор натижа кўринмаганини танқид қилди.
«Энди қайси ҳоким тез ҳаракат қилиб, аниқ лойиҳа асосида натижа кўрсатса, ўша туман кўп маблағ олади», — деди президент.
Вилоят ҳокимларига иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва маҳалла инфратузилмасини яхшилашга хизмат қиладиган лойиҳаларни танлаб, барча тайёргарликни шу йилнинг охиригача якунига етказиш топширилди.





