add

Мактаблардаги санитария ва инфратузилма муаммолари, сотилган автомобиллар миқдори ва ташландиқ жойни боғга айлантириб балога қолган Аванесян — 10 декабр дайжести

Кеча 22:311393 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Мактаблардаги санитария ва инфратузилма муаммолари, сотилган автомобиллар миқдори ва ташландиқ жойни боғга айлантириб балога қолган Аванесян — 10 декабр дайжести

«Қамчиқ» довони вақтинча ёпилди: об-ҳаво шароитлари оғир

10 декабрь куни соат 02:30 дан бошлаб «Қамчиқ» довонида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати «об-ҳаво шароитининг кескин ўзгариши, кучли қор ёғиши» ва Гидрометеорология хизмати маркази маълумотига кўра, «кўчки хавфи юзага келганлиги»ни инобатга олиб, бундай қарорга келинганини билдирган. Довон йўли очилиши бўйича қўшимча маълумот берилади.

Ўзбекистондаги 95 фоиз мактабларда ҳожатхоналар ташқарида жойлашгани маълум қилинди

Ўзбекистон мактабларининг аксариятида санитария ва инфратузилма муаммолари сақланмоқда. Маҳаллий семинарда тақдим этилган маълумотларга кўра, мактаблардаги санитария ҳолати бўйича муаммолар бўлиб, мактабларнинг 95 фоизида ҳожатхоналар ташқарида жойлашган. Шу жумладан, оқова тизими бўйича ҳолат ҳам қониқарсиз: мактабларнинг 88 фоизи канализацияга эга эмас.

Шунингдек, мамлакатдаги 48 фоиз мактабда доимий марказлашган сув таъминоти йўқ. 274 та мактаб ҳали ҳамон қўлбола печлар билан иситилади. Умуман олганда, мактабларнинг 79 фоизи иситиш учун кўмирдан фойдаланади.

Инфратузилманинг яна бир сезиларли муаммоси — ошхоналар етишмаслиги. Мактабларнинг 56 фоизи ўз ошхонасига эга эмас. Шу билан бирга, инклюзив таълим имкониятлари ҳам етарли даражада эмас. Мактабларнинг 44 фоизида ногиронлиги бўлганлар учун зарур инфратузилма — пандуслар, мос тушиш йўлаклари ва махсус санузеллар мавжуд эмас.

11 ой давомида Ўзбекистонда қанча автомобил сотилгани маълум қилинди

Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида жами 379 158 та машина сотилган.

Давр мобайнида UzAuto Motors бозорнинг асосий етакчиси бўлиб, 184 891 та автомобил сотди ва умумий бозорнинг қарийб ярмини эгаллади. Шу билан бирга, сўнгги икки йилда тез суръатда ўсиб келаётган Khorezm Auto 130 939 та транспорт воситаси сотиб, бозорда 34,5 фоиз улушга эга бўлди.

ADM Jizzax 40 504 та автомобил сотган бўлса, Хитой технологияси асосида ишлаётган BYD Uzbekistan Factory 21 236 та сотувга эришди. Шу билан бирга, Asaka Motors 1 109 та, SamAuto 400 та, Alyans Auto эса 79 та автомобил сотди.

Брендлар кесимида Chevrolet мутлақ лидер бўлиб қолди — 315 830 дона сотув қайд этилди. Ундан сўнг Kia 22 882 дона, BYD 21 236 дона, Chery 9 888 дона ва Haval 7 734 дона кўрсаткичга эришди. Моделлар орасида Cobalt (112 530), Damas (97 770) ва Tracker (41 159) мамлакатда энг кўп харид қилинган автомобиллар сифатида қайд этилди.

Тошкентда ташландиқ жойда боғ барпо этган фуқаро 82 млн сўм жаримага тортилди

Тошкентнинг Яшнобад туманидан бўлган фуқаро Арсен Аванесян икки йилдан ортиқ вақт давомида ташаббус сифатида ташландиқ ер ўрнида бунёд этган яшил ҳудуд учун 82,4 миллион сўм жаримага тортилди. Мазкур ҳудуд темирйўл ёқасидаги ташландиқ ва қаровсиз бўш ер бўлиб, у ўз ҳисобидан уни тозалаш, кўкаламзорлаштириш ва аҳоли учун дам олиш масканига айлантиришни мақсад қилган.

У ўз режасини 2022 йилда бошланган. Аванесяннинг айтишича, у минглаб дарахт ва кўчат эккан, йўлкалар қурган, ҳордиқ чиқариш учун ўриндиқлар, ёритиш тизими, видеокузатув ва суғориш коммуникацияларини ўрнатган. Ўрта ҳисобда 1500 дан ортиқ кўчат экилиб, уларнинг ярми сув таъминоти муаммолари сабаб қуриб қолган. Шу билан бирга, 300 га яқин қўшни ва маҳалла аҳолиси ҳудудни обод қилиш ишларида ихтиёрий иштирок этган. Йиллар давомида бу ишларга умумий 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ ҳам сарфланган.

Аванесян ишларни бошлашдан аввал маҳалла қўмитаси билан келишилганини айтади: «Қўшнилар билан йиғилиб гаплашдик, улар қўллаб-қувватлади. Хокимият ҳам хабардор эди», — дейди у.

Бироқ масъул идоралар бу фаолиятни ер қонунчилигини бузиш деб баҳолади. Текширувдан сўнг ташаббускорга 82,4 млн сўм жарима қўлланди ва ҳудудни «аввалги ҳолати»га — яъни, бўш ва қаровсиз ер кўринишига қайтариш талаб қилинди.

Мактаблардаги санитария ва инфратузилма муаммолари, сотилган автомобиллар миқдори ва ташландиқ жойни боғга айлантириб балога қолган Аванесян — 10 декабр дайжести

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Теглар

Мавзуга оид