Марказий банкдаги исломий «бурилиш», «Қўйлиқ»ни Нурафшон билан боғловчи янги йўл ва масжидлардаги янги огоҳлантириш тизими — 25-март дайжести

Кеча 23:053 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Марказий банкдаги исломий «бурилиш», «Қўйлиқ»ни Нурафшон билан боғловчи янги йўл ва масжидлардаги янги огоҳлантириш тизими — 25-март дайжести

Сунъий йўлдош маълумотлари Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик ошганини кўрсатди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сунъий йўлдош орқали олинган тунги ёруғлик маълумотлари асосида Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик сўнгги беш йилда сезиларли ошганини қайд этди. 2020–2025 йилларда аҳоли жон бошига ЯИМ 80,3 фоизга ўсиб, 2 090 доллардан 3 887 долларгача етган. Энг юқори ўсиш пойтахт Тошкент шаҳрида кузатилиб, бу тадбиркорлик, инфратузилма ва аҳоли зичлигининг ошиши билан изоҳланмоқда.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, иқтисодий фаоллик нафақат пойтахтда, балки вилоят марказлари атрофида ҳам кенгаймоқда. Тунги ёруғлик интенсивлиги юқори ҳудудлар сони 22 тадан 31 тага ошгани урбанизация жараёни тезлашганини тасдиқлайди. Мутахассислар бундай маълумотлар иқтисодий сиёсатни режалаштириш ва янги «ўсиш нуқталари»ни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.

Ўзбекистонда масжидлар орқали фавқулодда вазиятлар ҳақида огоҳлантириш тизими жорий этилди

Ўзбекистонда фавқулодда вазиятлар ҳақида аҳолини тезкор хабардор қилиш учун 272 та масжидда махсус огоҳлантириш тизими жорий этилди. Лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилиб, 6,5 миллионга яқин аҳолини қамраб олмоқда. Масжидлар ташқи овоз кучайтиргичлари орқали тезкор хабарларни тарқатиш марказига айлантирилди.

Тизимнинг муҳим жиҳати — у мобил алоқа ёки электр таъминоти узилганда ҳам ишлай олади. Қамров ҳудудлари 500 метрдан 2 километргача бўлиб, айниқса кексалар, болалар ва имконияти чекланган шахслар учун муҳим ахборот манбаи ҳисобланади. Шунингдек, қўшимча равишда аҳоли гавжум жойларда 28 та йирик экран ўрнатилиб, фавқулодда хабарларни тарқатиш имкониятлари кенгайтирилди.

«Қўйлиқ» ва Нурафшонни боғловчи янги йўл қурилади

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги «Қўйлиқ» бозоридан Тошкент вилояти Нурафшон шаҳригача тезюрар автобус (BRT) тизимини жорий этиш концепцияси тасдиқланди. Ушбу лойиҳа жамоат транспортини ривожлантириш, йўловчилар учун вақтни қисқартириш ва қатнов сифатини оширишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида узунлиги 23 километр бўлган, 6 тасмали янги йўл қурилади. Йўлнинг марказий қисмида фақат автобуслар учун мўлжалланган алоҳида йўлак ташкил этилади. Шунингдек, йўналиш бўйлаб 9 та бекат барпо этиш, пиёдалар учун йўлаклар, ерости ўтиш жойлари ва кўприклар қуриш режалаштирилган.

Янги тизим орқали замонавий тезюрар автобуслар қатнови йўлга қўйилиб, транспорт инфратузилмаси яхшиланади. Бу эса йўловчилар учун тезкор, хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш имкониятини кенгайтиради.

Uzcard 2025-йилда 100 млн доллардан кўпроқ фойда олди

«Ягона умумреспублика процессинг маркази» — Uzcard 2025 йил якунларига кўра 1,3 трлн сўм (103,8 млн доллар) соф фойда олди. Бу 2024 йилга нисбатан қарийб 37 фоизга кўп бўлиб, компания даромади ҳам 68 фоизга ошиб, 2,2 трлн сўмга етди. Асосий тушум транзакциялар процессинги (1,94 трлн сўм) ҳиссасига тўғри келган.

Компания активлари 48 фоизга ўсиб, 1,1 трлн сўмга, капитали эса 37 фоизга кўпайиб, 809 млрд сўмга етди. Шу билан бирга, IT Park резиденти сифатида берилган имтиёзлар сабаб фойда солиғи ҳажми бироз камайган. Uzcard фойдаси бўйича мамлакатдаги банкларнинг аксариятини ортда қолдирган бўлиб, фақат йирик тўрт банк — Миллий банк, SQB, Kapitalbank ва Hamkorbank ундан юқори натижа қайд этган.

Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади

Ўзбекистонда исломий молия хизматларини ривожлантириш мақсадида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди. Ушбу кенгаш соҳада стандартлар ишлаб чиқиш, ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш ва молиявий операциялар мувофиқлигини назорат қилиш билан шуғулланади.

Тақдимотда муробаҳа, музораба, мушорака, вакала, салам ва исломий ижара каби молия инструментларини жорий этиш режалаштирилаётгани айтилди. Шунингдек, айрим солиқ имтиёзлари ҳам кўзда тутилган. Жорий йилда камида битта банкда исломий «дарча» очиш, 2026–2030 йилларда эса тўлиқ исломий банклар ташкил этиш режалаштирилган. Бу орқали 1 миллиард долларгача инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган.

Теглар

Мавзуга оид