add

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон президенти раислигида ўтган саммитда янги форматдаги минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди

16 ноябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Саммитда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этди.

«Моҳиятан биз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этмоқдамиз, ҳамкорликнинг ягона маконини шакллантиришга йўл очмоқдамиз. Бу икки минтақанинг стратегик боғлиқлиги ва барқарорлигини кучайтириши шубҳасиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, ҳудудий масалалар узил-кесил ҳал этилди, чегара пунктлари очилди, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди, транспорт алоқалари қайта тикланди, фаол савдо-инвестициявий ва гуманитар алоқалар учун қулай шароитлар яратилди.

«Бугунги кунда Марказий Осиё – барқарор ўсиш ва фаровонлик учун олдимизда янги имкониятлар очаётган жадал тараққиёт ва самарали ҳамкорлик маконидир», – деди давлат раҳбари.

Минтақанинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб, глобал масалалардаги роли ортиб бормоқда, «Марказий Осиё плюс» форматидаги муносабатлар кучаймоқда, минтақа нуфузли халқаро майдонларда ягона позиция билан майдонга чиқмоқда.

Форматга Озарбойжоннинг қўшилиши билан минтақанинг жаҳон ҳамжамиятидаги овози янада салмоқли бўлишига ишонч билдирилди.

Давлат раҳбари мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро сиёсий жараёнлар шароитида минтақа мамлакатларининг ҳамжиҳатлиги ва бир-бирини қўллаб-қувватлашини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

«Ишончим комилки, бугун биз минтақамизнинг Янги Марказий Осиё сифатидаги тарихий уйғониш даври остонасида турибмиз. Биз ҳамкорлигимизнинг институционал асосларини янада мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга нисбатан таҳдидларга ўзаро мувофиқлаштирилган жавобни ишлаб чиқишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз. Биз учун ҳозирнинг ўзида минтақамизни бундан 10-20 йилдан кейин қандай кўришни хоҳлашимиз бўйича аниқ тушунчага эга бўлиш муҳимдир», – деди Шавкат Мирзиёев.

Маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, солиқ ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, эркин иқтисодий ва саноат зоналаридан биргаликда фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Сўнг Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон етакчилари сўзга чиқди. БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Теглар

Мавзуга оид