Мартда ёғган қор: мевали дарахтларни совуқ урдими?

Ўзбекистонга кириб келган совуқ ҳаво ва ёғган қор дарахтлар куртак чиқариш ва гуллашни бошлаган паллада қишлоқ хўжалигига катта зарар етказиши мумкин.

Мартда ёғган қор: мевали дарахтларни совуқ урдими?

7-март куни Ўзбекистонга совуқ антициклон кириб келди. 10-мартга келиб совуқ антисиклон мамлакат ҳудудини тўлиқ қамраб олади. Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилди. Ҳарорат +2...+5 даража илиқ, 0...-5 даража совуқ бўлди.

Кунлар исиб, дарахтлар куртак ёза бошлаган, экинлар ҳам кўкара бошлаганда ҳаво ҳароратининг бирдан ўзгариши қишлоқ хўжалигига қандай таъсир қилди?

«Керакли чора-тадбирлар қўлланилмаган дарахтларга яхшигина таъсир қилади», – дейди VAQT.UZнинг қишлоқ хўжалиги вазирлигидаги манбаси.

Гап совуқ ҳаво кириб келишидан олдин вазирлик томонидан ишлаб чиқилиб, деҳқон ва фермерларга етказилган қуйидаги тавсиялар ҳақида кетмоқда:

Қўшимча озиқлантириш. Экинларни микроэлементлар ва аминокислоталарга бой препаратлар билан озиқлантириш зарур. Виусид, Биотраc каби бор элементи мавжуд озуқаларни баргдан озиқлантириш учун ишлатиш яхши натижа беради.

Азотли ўғитлардан фойдаланиш. Экинларнинг ўсиш жараёнини тезлаштириш мақсадида тез таъсир этувчи сулфат аммония каби азотли минерал ўғитлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Иссиқликни сақлаш чоралари. Ҳаво ҳарорати паст бўлса, экинларни эгат устига шаффоф плёнка билан ёпиш орқали ҳимоя қилиш мумкин.

Суғориш ва тупроқ намлигини сақлаш. Тупроқдаги намликни сақлаш ва совуқ таъсирини камайтириш учун суғоришни мунтазам амалга ошириш керак.

VAQT.UZ манбаси тагидан сув ўтказиш, қатор ораларига тутатиш каби чоралар кўрилган дарахтларнинг 10-15 фоизи совуқдан зарар кўришини, аммо ҳеч қандай чора кўрилмаганларнинг зарари каттароқ бўлишини айтади.

Агроном, мевачилик соҳасида халқаро эксперт Шуҳрат Аброровнинг VAQT.UZʼга маълум қилишича, совуқдан кейинги зарар одатда қуёш чиққандан 2-3 соат кейин баҳоланади. 

«Бугун кечга яна совуқ ҳаво бўлиши кутилмоқда. Шунинг учун, совуқ ҳаволи кунлар тўлиқ ўтиб бўлмагунча  охирги зарарни айтиш қийин», – дейди у.

Қайси ҳароратда қайси дарахтга зарар етади?

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, баҳорда дарахтлар гуллаганидан кейин тушадиган совуқлар энг хавфли агрометеорологик омиллардан бири ҳисобланади. Чунки бу пайтда гул, ғунча ва ёш мевалар жуда нозик бўлади. Совуқ даражаси паст бўлса ҳам, гуллаш даврида у ҳосилнинг 50–90 фоизгача йўқолишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўрик энг сезгир дарахтлардан бўлиб, ғунча босқичида 1-2 даража совуқ, гул очилганда 0,5-1 даража совуқ, ёш мевада -1 даража совуқ зарарли бўлади. Ўрик илк гуллайди ва энг тез совуқ уради.

mart qor

Шафтоли ва нектарин учун бу гулда 1-2 даража совуқ, ёш мевада 1,5 даража совуқ; гилос ва олча учун гулда 2 даража совуқ, ёш мевада 2-3 даража совуқ; олма учун ғунчада 2-3 даража совуқ, гулда 2 даража совуқ, ёш мевада 2-4 даража совуқ; нок учун гулда 2 даража совуқ, ёш мевада 3 даража совуқ хавфли бўлади.

Гулдаги ҳужайралар сувга бой бўлади. Кескин совуқда ҳужайра ичида муз кристаллари ҳосил бўлади. Натижада гул қорайиб тўкилади. Чангланиш тўхтайди. Мева тугилмайди. Гуллашдан кейинги 1-3 даража совуқ ҳам хавфли бўлиши мумкин. Айниқса ўрик ва шафтоли энг тез зарар кўради.

Совуқ уриш оқибатлари

Ҳароратнинг бундай ўзгариши ҳосил камайишига олиб келиши мумкин. Бу бир неча иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга сабаб бўлади. Масалан, мева-сабзавот нархи ошади. Бозорда маҳсулот кам бўлса, талаб юқори бўлиб қолади ва нархлар кўтарилиши мумкин. Фермерлар даромади камаяди. Ҳосил оз бўлгани учун сотиладиган маҳсулот ҳам камаяди, бу эса фермерларнинг фойдасига таъсир қилади.

Экспорт камайиши мумкин. Агар мамлакат одатда мева ёки сабзавот экспорт қилса, ҳосил кам бўлганда экспорт ҳажми пасайиши мумкин.

Шунингдек, ички бозорда танқислик пайдо бўлиши мумкин. Айрим маҳсулотлар камайиб кетса, уларни бошқа давлатлардан импорт қилишга тўғри келади. Бу озиқ-овқат саноатига ҳам таъсир қилади. Масалан, шарбат, консервалар ёки қуритилган мевалар ишлаб чиқариш камайиши мумкин.

Ўзбекистонда олдин ҳам баҳорда гуллаган дарахтларга совуқ уриб, ҳосил камайган ҳолатлар бўлган. 2021-йил феврал охири ва март ойида Ўзбекистонда икки марта совуқ тўлқини бўлган. Шу сабабли айниқса ўрик, бодом ва гилос дарахтлари катта зарар кўрган. Айрим ҳудудларда эрта гуллаган ўрик навларининг 80–95 фоиз ҳосили йўқолган.

 

Совуқ ҳаво сақланиб қоляпти

«Ўзгидромет» маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳудудида 11-12-март кунлари ҳаво ҳарорати кечалари 0-3 даража совуқ, шимолда +7…+10 даража совуқ, кундуз кунлари 0…-5 даража илиқ бўлади.

11-мартда республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.

Теглар

Алибек Бейжанов

Алибек БейжановМақолалар сони: 295

Барчаси

Мавзуга оид