«Mercedes» ҳарбий техника ишлаб чиқариши мумкин

Бугун 18:002 дақиқа

Германиянинг йирик автоконцерни «Mercedes-Benz» глобал хавфсизлик таҳдидлари кучайиб бораётган бир шароитда ҳарбий техника ишлаб чиқариш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«Mercedes» ҳарбий техника ишлаб чиқариши мумкин

«Mercedes-Benz» бош директори Ола Каллениус «The Wall Street Journal»га берган интервьюсида компания Европа мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш жараёнида иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди. Унинг фикрича, дунё тобора хавфли ва ноаниқ муҳитга айланиб бормоқда, шу сабабли Европа давлатлари мудофаа соҳасини кучайтиришга мажбур.

Компания манфаати

Каллениуснинг таъкидлашича, компаниянинг қурол-яроғ ёки ҳарбий техника соҳасига кириши аввало иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлиши керак. Унинг сўзларига кўра, эҳтимолий мудофаа бизнеси концерн фаолиятининг кичик қисмини ташкил этади ва асосий йўналиш сифатида фуқаролик автомобиллари ишлаб чиқариш сақланиб қолади.

Шу билан бирга, топ-менежер мудофаа саноати келажакда энг тез ўсадиган соҳалардан бирига айланиши мумкинлигини қайд этди. Бу эса Европа автосаноатида янги тенденция шаклланаётганини кўрсатмоқда.

Яна бир автоконцерн қурол ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

Аввалроқ «Financial Times» Германиянинг яна бир автоконцерни — «Volkswagen» Исроилнинг «Rafael Advanced Defense Systems» билан ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказаётганини хабар қилган эди. Томонлар Оснабрюкдаги заводни «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими учун компонентлар ишлаб чиқаришга мослаштириш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Бироқ «Volkswagen» вакиллари «Deutsche Welle»га берган изоҳида компания қурол ишлаб чиқаришни режалаштирмаётганини билдирган. Айни пайтда, 2027 йилда мазкур заводда ишлаб чиқариш тўхтатилиши кутилаётгани сабабли, концерн турли бозор иштирокчилари билан истиқболли лойиҳалар юзасидан музокараларни давом эттирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

«Mercedes» ҳарбий техника ишлаб чиқариши мумкин | Vaqt.uz