Meta компанияси Facebook, Instagram ва WhatsApp учун пуллик обуналарни ишга туширди: Улар нима беради?

Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун миллиардлаб доллар сарфлаётган Meta компанияси ўз харажатларини қоплашнинг янги йўлини топди. Эндиликда Facebook, Instagram ва WhatsApp фойдаланувчилари, шунингдек, Meta AI чат-ботидан фаол фойдаланувчилар учун пуллик тарифлар жорий этилмоқда.

Meta компанияси Facebook, Instagram ва WhatsApp учун пуллик обуналарни ишга туширди: Улар нима беради?

Хўш, ушбу обуналар неча пул туради ва улар оддий фойдаланувчилар, блогерлар ҳамда бизнес учун қандай эксклюзив имкониятларни тақдим этади? Тафсилотлар мақолада.

 

Обуналар нархи қанча ва улар нима учун керак бўлди?

Компания сунъий интеллект ва маълумотлар марказларини қуриш учун 2026 йилда 145 миллиард долларгача капитал инвестиция киритишни режалаштирган. Ушбу улкан харажатларни молиялаштириш мақсадида Meta аллақачон ходимларининг 10 фоизини қисқартирди ва янги пуллик обуналарни ишга туширди. Янги тарифлар қуйидагича нархланади:

· Facebook Plus ва Instagram Plus: Ойига $3,99.

· WhatsApp Plus: Ойига $2,99.

· Meta AI пуллик тарифлари: Базавий пакет учун ойига $7,99 ва премиум пакет учун $19,99.

Янгиликлар эълон қилингач, инвесторларнинг хавотирларига қарамай, Meta акциялари 3,7 фоизга кўтарилди.

Facebook ва Instagram Plus қандай имкониятларни беради?

Пуллик обуна эгалари ижтимоий тармоқларда бир қатор эксклюзив функциялардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишади:

· Stories (Ҳикоялар) учун кенгайтирилган имкониятлар: Ҳикояларни стандарт 24 соатдан кўпроқ муддатга сақлаб қўйиш, уларни қайта кўрганлар сонини кузатиш ва эълон қилишдан олдин олдиндан кўриб чиқиш (preview) функцияси пайдо бўлади.

· Аудиторияни бошқариш: “Яқин дўстлар” рўйхатидан ташқари чекланмаган миқдорда махсус аудитория рўйхатларини тузиш ва янги постларни обуначилар тасмасида (лента) кўрсатмасдан, фақат профилнинг ўзида эълон қилиш мумкин бўлади.

· Визуал янгиланишлар: Stories учун анимирилган «супер-юраклар» реакциялари, профил тавсифи учун махсус шрифтлар ва илова учун кастом белгилар (иконкалар) тақдим этилади.

 WhatsApp Plus ва Meta AI тарифларидаги ўзгаришлар

Мессенжер фойдаланувчилари учун WhatsApp Plus кастом рингтонлар, илованинг янги мавзулари, кўпроқ чатларни юқорига маҳкамлаш (пин қилиш) имконияти ва кенгайтирилган стикерлар тўпламини таклиф этади.

Ўз навбатида, Meta AI чат-ботининг бепул талқини сақланиб қолган ҳолда, пуллик тариф эгалари учун мулоҳаза юритиш режими (Thinking Mode) лимитлари оширилади ҳамда видео ва тасвирларни юқори сифатда генерация қилиш имконияти очилади. Қайд этиш жоизки, рекламадан ташқари обуналар ва пуллик хабарлардан келадиган даромадлар аллақачон Meta учун юзлаб миллион доллар қўшимча фойда келтирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид