
Миробод туманида электробус уриб юборган пиёда ҳалок бўлди
Миробод тумани Ислом Каримов кўчасида электробус ва енгил автомобил иштирокида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида уриб юборилган пиёда воқеа жойида вафот этди.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълумотига кўра, 9 декабр куни кеч соат 22:30 атрофида Тошкент шаҳар Миробод тумани Ислом Каримов кўчасида Yutong русумли электробус ҳайдовчиси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.Зарба оқибатида пиёда қарама-қарши йўналиш томонга йиқилиб, шу йўналишда келаётган Haval русумли енгил автомашина ҳам уни уриб юборган.
Ҳодиса оқибатида пиёда олган оғир жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Тошкент шаҳар ИИББ барча йўл ҳаракати иштирокчиларидан йўл қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраган.





