
Мирзаобод тумани собиқ ҳокими жиноий жавобгарликка тортилди
Сардоба фожеасидан кейин уй-жой тақсимотида қонунбузарлик содир этган Мирзаобод тумани собиқ ҳокими Жонибек Яриевга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўз кучида қолдирилди.

2025 йил 17 октябрь куни Сирдарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Мирзаобод тумани ҳокими бўлиб ишлаган Жонибек Яриев иши юзасидан Ховос туман судининг 2025 йил 28 июлдаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди. Vaqt.uz муҳбири суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд материалларига кўра, Яриев 2020–2023 йилларда Мирзаобод тумани ҳокими сифатида хизмат вазифаларини суиистеъмол қилган. У «Сардоба сув омбори»даги техноген офатдан кейин «Янги Ўзбекистон» массивида қурилган еттита уй-жойни ноқонуний тақсимлаб, давлат ва жамият манфаатларига жуда катта зарар етказгани учун жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) бўйича айбдор деб топилган.
Шунингдек, у халқ депутатлари кенгаши қарорига зид равишда бир нечта фуқароларга икки ва ундан ортиқ уй ажратишга йўл қўйган.
Ховос туман суди унга иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ундирилиб, 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. шунингдек, 2 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Шунингдек, 28 миллион 350 минг сўм (БҲМнинг 105 баравари) миқдорида жарима жазоси белгиланган.
Кассация ҳайъати мазкур ҳукмни ўз кучида қолдирган. Шу билан, Оқолтин туман судининг 2024 йилдаги олдинги ҳукми ҳам, кейинги апелляция ва кассация босқичлари орқали ўзгаришсиз қолган.
Маълумот учун, 2020 йил ноябр ойида Мирзаобод туманига янги ҳоким тайинланганди. 2023 йил октябр ойида лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнини Сарвар Султонов эгаллаган.





