Мирзиёев МДҲ доирасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади
10.10.2025 | 15:504 дақиқа
Душанбеда бўлиб ўтган МДҲ саммитида Шавкат Мирзиёев иқтисодий, транспорт, энергетика ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 октябр куни Душанбе шаҳрида ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишга Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон раислик қилди. Саммитда Озарбойжон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Арманистон раҳбарлари ҳамда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.
Йиғилишда Ҳамдўстлик доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Президент Мирзиёев нутқида глобал сиёсий беқарорликка қарамасдан, МДҲ ўз самарадорлигини сақлаб келаётганини таъкидлади. У сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги қўшма фаолият ижобий натижалар бераётганини қайд этди.
Президент МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва амалий шерикликни кенгайтиришдан Ўзбекистон манфаатдор эканини билдирди. У иқтисодий алоқаларни кучайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тартибларини соддалаштириш бўйича ташаббуслар илгари сурди.
Шунингдек, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, логистика марказларини яратиш ва хусусий инвестицияларни жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Мирзиёев транспорт инфратузилмасини янгилаш бўйича давлат-хусусий шериклик конференциясини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Президент инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш, саноат зоналари ривожини қўллаб-қувватлаш ва МДҲ Венчур платформасини яратиш ташаббусини билдирди. Шунингдек, Тошкентда Инновацион саноат форумини ташкил этиш таклиф қилинди.
Энергетика соҳасида анъанавий ва муқобил манбалардан фойдаланишни кенгайтириш, рақамли технологиялар, хусусан, сунъий интеллект соҳасида кўп томонлама ҳамкорлик йўлга қўйиш таклиф этилди.
Президент таълим ва фан соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, диплом ва малака дастурларини ўзаро тан олиш ҳамда 2026 йилда Хивада МДҲ Ёшлар форумини ўтказишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев минтақавий хавфсизлик, хусусан, Афғонистонда барқарор тинчликни таъминлашда ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорлик бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.





