
Muamalat Time — Vaqt.uzʼда Ислом молиясига аталган янги лойиҳа
Янги туркум кўрсатувлар сериясида замонавий ислом молияси маҳсулотлари, халқаро тажриба, реал амалиёт ва ҳалол молиявий ҳаётга оид энг долзарб мавзуларни содда ва тушунарли тарзда муҳокама қилинади.
Ушбу лойиҳада биз замонавий ислом молияси маҳсулотлари, халқаро тажриба, реал амалиёт ва ҳалол молиявий ҳаётга оид энг долзарб мавзуларни содда ва тушунарли тарзда муҳокама қиламиз.
Кўрсатувнинг дастлабки сонида замонавий ислом молиясининг пайдо бўлиши тарихи, оёққа туриши ва бугунги кундаги аҳволи ҳақида суҳбатлашдик. Шунингдек, ислом молиясининг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга кириб келиши учун етилган шарт-шароитлар, бугунги кундаги аҳвол, келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз борди.
Кўрсатувда саволларга жавоб берувчи доимий спикерларимиз бор.
Искандар Турсунов — Исломий молия бўйича мутахассис, «Al Muamalat Consulting» асосчиси ва директори. INCEIF Университетида (Малайзия) амалий исломий молия бўйича магистратура даражасига эга бўлиб, шунингдек Истанбул Сабаҳаттин Заим Университетида исломий молия йўналишида таҳсил олган. AAOIFI томонидан бериладиган Сертификатланган Шариат маслаҳатчиси ва аудитори (CSAA) сертификатига эга. AAOIFIʼнинг Ўзбекистон Республикасидаги расмий тренинг ва имтиҳон маркази раҳбари сифатида фаолият юритади.
Вақф, сукук, исломий банк қонунчилиги, исломий молия ҳуқуқига мувофиқ молиявий маҳсулотлар ва тартибга солиш йўналишлари бўйича кўплаб амалий лойиҳаларни бошқариб келмоқда.
Ҳаётжон Азимов — халқаро эксперт, «Al Muamalat Consulting» молиявий маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўлими директори. INCEIF Университетида (Малайзия) исломий молия бўйича магистратура даражасига эга бўлиб, AAOIFI томонидан бериладиган Сертификатланган Шариат маслаҳатчиси ва аудитори (CSAA) сертификатига эга.
Молиявий инжиниринг, риск-менежмент ва лойиҳаларни бошқариш соҳаларида 15 йиллик профессионал тажрибага эга. Ўзбекистонда исломий банк дарчалари ва исломий суғурта (такафул)ни ташкил этиш ҳамда жорий қилиш бўйича амалий тажрибага эга мутахассис.
Исломий финтех, рақамли молия ва блокчейн технологиялари йўналишларида фаол амалиётчи бўлиб, шариатга мувофиқ инновацион молиявий ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этади.
Тез орада кўрсатувнинг иккинчи сонини эълон қиламиз. Унда Исломий молия экотизими ва у қандай ишлаши ҳақида гаплашамиз.





