Logo

Мусаев ишдан олинди, ўзбек амалдорлари ҳақоратланди, Тошкентда асфалт ўпирилди — ҳафта дайжести

Бугун 20:037 дақиқа

Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан Vaqt.uz дайжестида танишинг.

Каримов хотирланди

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг биринчи президенти бўлган марҳум Ислом Каримов хотирасини ёдга олди. 2-сентябр куни эса Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Давлат раҳбари Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасига бориб, биринчи президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Унга Каримовнинг рафиқаси, собиқ биринчи хоним Татяна Каримова ва ҳукумат вакиллари ҳамроҳлик қилди.

Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинди. Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.

Лавров баҳоси

Олдинроқ Марказий Осиёда «геосиёсий кураш» кучайгани ва минтақа давлатлари ким билан дўстлашишни Москвадан сўрамай қўйганидан хавотир билдирган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг фаолиятига тўхталди.

У ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга йўллаган табригида икки давлат ташқи сиёсат идоралари бундан кейин ҳам президентлар эришган кенг кўламли келишувларга мувофиқ икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиши, Марказий Осиё ва умуман Евросиёда барқарорлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга кўмаклашишини таъкидлади.

Ўзбек амалдорлари ҳақоратланди

Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Халқаро шахмат федерацияси президентлиги сайлови арафасида россиялик шахмат ташкилотчиси Марк Глуховскийга тегишли экани айтилган аудиоёзув тарқалди. Унда Ўзбекистон вакиллари ва ўзбеклар ҳақида ҳақоратли ҳамда камситувчи иборалар ишлатилгани эшитилади. Аудионинг тўлиқ контексти ва унинг таҳрир қилинган-қилинмагани мустақил равишда тасдиқланган эмас.

Марк Глуховский Россия шахмат муҳитида танилган шахс бўлиб, журналист ва шахмат ташкилотчиси сифатида фаолият юритган. У бир неча йил Россия Шахмат федерациясининг ижро директори бўлган.

Аудиоёзувда Глуховский 2018-йилда FIDE президенти сайловлари арафасида гўёки делегатларни қандай сотиб олгани ва овоз бериш схемаларини қандай ташкил қилгани ҳақида суҳбатдошига гапириб беради.

Ёзувда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳақида ҳам ҳақоратли фикрлар билдирилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг FIDE сайловидаги овози аҳамиятсиз экани мазмунидаги фикрлар ҳам айтилган.

Глуховский аудио муҳокамага чиққанидан сўнг, ёзув Нидерландияда унинг розилигисиз олингани ва қисмларга бўлиб тарқатилганини даъво қилди. У бу ҳолат бўйича полицияга мурожаат қилганини ҳам билдирди.

Можаро FIDE раҳбарлиги учун рақобат кучайган бир пайтда юз берди. Тимур Турлов ҳам ташкилот президентлиги учун курашаётган номзодлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон томонидан бу ҳолатга ҳозирча муносабат билдирилмади.

Мусаев ишдан олинди

Миграция агентлигининг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров томонидан ходимлар пулига «мармар гўшт» ейиш ва 150 минг долларлик автомобилни ўзлаштиришда айбланган Беҳзод Мусаев Миграция агентлиги директори лавозимидан олинди.

Унинг бошқа ишга ўтгани айтилди, аммо қаерга ва қайси лавозимга тайинлангани очиқланмади. Мусаев 2024-йилдан буён агентлик директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Мусаевнинг ўрнига Муҳсинхўжа Абдураҳмонов агентлик директори этиб тайинланди. У шу кунга қадар Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси лавозимида ишлаб келган.

2026-йилнинг май ойида Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи Азизбек Тоштемиров EPS–TOPIK имтиҳонларидаги эҳтимолий қонунбузарликлар сабаб халқаро қидирувга берилганди. У ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, коррупция ортида Мусаев турганини иддао қилган ва бу ҳақда «Корея 24 соат» Telegram-каналида маълумотлар тарқатган.

Шунингдек, у ўзининг ёки ҳамкасбларининг шахсий маблағлари ҳисобидан Беҳзод Мусаев учун ҳар икки ҳафтада Кореядан 10 килограммдан премиум «мрамор гўшт», лосос балиқлари ва қимматбаҳо косметикаларни мунтазам юбориб туришга мажбур қилинганини ёзган. Агентлик эса унинг иддаоларини рад этган.

Кейинчалик Тоштемиров Интерполнинг халқаро қидирув рўйхатидан сирли равишда олиб ташлангани маълум бўлди. Айни пайтда «Корея иши» доирасида 90 млн долларлик зарар билан боғлиқ жиноят иши бўйича бир неча собиқ мансабдор суд қилинмоқда. Улар орасида ДХХ собиқ зобити, подполковник Ганчаp Узоқов, ДХХ Ички хавфсизлик департаменти собиқ бошлиғи, полковник Алижон Ашуров, унинг ўринбосари Темур Шорихсиев ва Миграция агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган Сухроб Сайфутдинов бор.

Ногиронлик варақаси учун пора

Бир марта бўлса ҳам оилавий поликлиникага ишингиз тушган бўлса керак. Сиздан ҳам хизмат учун пул талаб қилишганми? Бу ҳафта тармоқларда тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимидаги коррупциявий ҳолатга оид навбатдаги норозилик кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ногиронлик ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига пул талаб қилингани айтилган шов-шувли мурожаатни эшитган бўлсангиз керак. Актёр Мусулмон Юнусов Instagram саҳифасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага видеомурожаат йўллаб, ногирон қизи ва унга қаравчи сифатида турмуш ўртоғига тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда пора сўралганини маълум қилди.

Юнусовнинг айтишича, Сергели туманидаги 71-поликлиника ҳамшираси унинг турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, қизининг 18 ёшгача ногиронлигини расмийлаштириш ва онасини қаравчи сифатида белгилаш учун 300 доллар сўраган. Бироқ пул берилмагач, қизига ногиронлик белгиланган, онасига эса қаравчилик мақоми берилмаган.

У масала юзасидан Сергели туманидаги ижтимоий ҳимоя бўлимига мурожаат қилган, бироқ муаммо ҳал этилмаган. Актёр имконияти чекланган фарзандлари бор, моддий муаммодаги оилалар учун бундай талаблар янада оғир эканини айтиб, ҳолатни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбариятидан назоратга олишни сўради.

Амалдаги тартибга кўра, 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун давлат томонидан ҳеч қандай бож, тўлов ёки йиғим ундирилмайди.

Тошкентда портлаш

Тошкент шаҳрининг Глинка кўчасида фавқулодда ҳолат содир бўлиб, бир киши жароҳатланди. Воқеа 3-сентябр куни содир бўлган. Расмий идоралар ҳодисадан сўнг дарҳол изоҳ берди.

«Veolia Energy» ҳеч қандай сизиб чиқиш ҳолати аниқланмаганини билдирган бўлса, «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали ҳудуддан юқори босимли газ қувури ўтмагани ҳамда ҳодиса табиий газ тармоқлари билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» эса авария ичимлик суви тармоқларига тегишли эмаслигини билдирди.

Пойтахт ҳокимлигининг ёзишича, диаметри 219 мм бўлган ерости газ қувуридан сизиб чиққан газ иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиб, авария ҳолатини юзага келтирган. Текширув давомида газ қувурининг тахминан 375 кв. см (15×25 см) майдонида бир нечта жойдан газ сизиб чиқаётгани аниқланган.

Айтилишича, айни пайтда соҳа мутахассислари ҳодиса сабаблари ва барча тафсилотларни батафсил ўрганишда давом этмоқда. Текширув якунлангач, йўл қопламасини тиклаш ишлари давом эттирилади ва яқин вақт ичида йўл транспорт ҳаракати учун очилади.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунларига кўра, айбдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди.

Ҳайдовчилардан ўз йўналишларини режалаштиришда ушбу чекловни инобатга олиш сўралган. Аммо ҳайдовчиларнинг моддий зарари ким томонидан қопланиши айтилмади.

«Ғамхўрлик» уйида зўравонлик

Андижонда ногиронлиги бўлган болалар калтакланди. Гап шундаки, улар учун мўлжалланган «Ғамхўрлик» марказида тарбиячилар болаларни столга боғлаб қўйган. Улар қўлларида калтак билан уларни назорат қилган. Эркак ходим болалардан бирини улоқтириб юборган. Тарбиячилардан бири болалардан бирига елкаларини уқалаган. Марказнинг техник ходими эса болалардан бирини камералар йўқ хонада дўппослаган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тарқалган видеоларда акс этган ҳолатлар билан боғлиқ 6 тарбиячи ва 1 ҳамшира ишдан бўшатилганини маълум қилди. Тарбиячи ходимларнинг иш фаолиятини етарлича назорат қилмаган масъул ходимларга нисбатан эса интизомий чоралар кўрилган.

Шифокорлар жалб қилиниб, марказдаги болалар тиббий кўрикдан ўтказилган. Тармоқларда тарбиячилар фақат ишдан бўшатилмасдан, уларга нисбатан жиддийроқ жазо қўлланиши ва бундай шахслар болалар билан ишлашга нолойиқ экани ҳақида фикрлар билдирилди.

Шунингдек, «Ғамхўрлик» марказидаги болалар учун мўлжалланган ўйин майдончалари атрофига қўшимча назорат камералари жойлаштирилгани маълум қилинди.

Аварияга учраган ҳоким

Жиззахнинг Зафаробод тумани ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов KIA Seltos русумли хизмат автомобилида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Тармоқларда рулда унинг ҳали мактабда ўқийдиган ўғли бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тан жароҳатлари олган ота-бола дастлаб Зафаробод туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Бироқ уларнинг аҳволи оғир бўлгани сабабли тез ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах шаҳридаги филиалига етказилган.

Шифокорларнинг маълум қилишича, Эшпўлатовнинг аҳволи оғир. У жонлантириш бўлимида даволанмоқда. Ҳокимнинг ўнг сони ва чап болдири синган. Ўғли ҳам жароҳатланган. Унинг аҳволи яхши экани, бироқ оёғида синиш борлиги маълум қилинган.

Эшпўлатов раҳбарлик қилаётган ҳокимлик матбуот хизмати эса рулда унинг ўғли бўлмаганини маълум қилиб, ЙТҲда юк машинаси ҳайдовчисини айбдор сифатида кўрсатди.

Эшпўлатов 2024-йил март ойидан буён Зафаробод туманига ҳокимлик қилиб келмоқда.

Ҳолат юзасидан Зафаробод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 69

Барчаси

Мавзуга оид