«Мутлақ камбағаллик» ноллаштирилади: аниқ мақсадми ёки статистика ўйини?

Ўзбекистон 2030-йилгача мутлақ камбағалликни нолга туширишни режаламоқда. Бироқ камбағалликни ҳисоблаш мезонлари ва минимал истеъмол харажатлари атрофидаги саволлар бу мақсад қанчалик реал эканига шубҳа уйғотмоқда.

«Мутлақ камбағаллик» ноллаштирилади: аниқ мақсадми ёки статистика ўйини?

Ўзбекистон 2030-йилгача минимал истеъмол харажатлари асосида ҳисобланадиган «мутлақ камбағаллик» даражасини 0 фоизга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 2026-йил 16-февралда қабул қилинган Президент фармонида маълум қилинган.

1

Эътиборли жиҳати, биринчи марта ҳужжатларда минимал истеъмол харажатлари қиймати «мутлақ камбағаллик» кўрсаткичи билан ифодаланмоқда. Хусусан, ҳукуматнинг «Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида»ги қарорига кўра, минимал истеъмол харажатлари «мутлақ камбағаллик» эмас, «камбағаллик» мезони этиб белгиланган.

Бир қарашда бу жуда катта ижтимоий мақсаддек кўринади. Аммо камбағаллик даражаси қандай ҳисобланиши ва унинг чегараси қаерда белгиланиши масаласи бу рақамларга бошқача қарашга ҳам мажбур қилади.

Камбағаллик қандай ҳисобланади?

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, камбағаллик даражаси минимал истеъмол харажатлари орқали аниқланади. Яъни одамнинг ойлик даромади шу чегарадан паст бўлса, у камбағал ҳисобланади.

2026-йил учун минимал истеъмол харажатлари 715 минг сўм этиб белгиланди. Бу кўрсаткич белгиланган муддатдан 43 кун кечикиб эълон қилинди. Аввалги кўрсаткич 669 минг сўм эди. Қизиғи, 2024-йилда ҳам кўрсаткич белгиланган муддатдан кеч эълон қилинган эди.

Аммо бу ерда муҳим савол пайдо бўлади: минимал истеъмол харажатлари реал ҳаётдаги нархлар билан қанчалик мос?

2025-йилда расмий инфляция 7,3 фоиз бўлган. Охирги марта минимал истеъмол харажатлари 2025-йил февралда индексация қилинганидан буён йиғилган инфляция эса камида 7,5–8 фоиз атрофида баҳоланади. Шунга қарамай, янги кўрсаткич атиги 6,88 фоизга оширилган.

Демак, минимал истеъмол харажатлари яна инфляциядан паст суръатда оширилган. Яъни бозордаги нархлар тезроқ қимматлашаётган бир пайтда, камбағалликни ҳисоблаш учун олинадиган минимал чегаранинг ўзи ундан секин оширилмоқда.

Рақамлар нимани кўрсатмоқда?

Миллий статистика қўмитаси ва Жаҳон банки кузатувларига кўра, 2025-йил якунида мамлакатда камбағаллик даражаси 3,1 фоиз пунктга пасайиб, 5,8 фоизни ташкил этган.

Бир йил давомида 302 минг эҳтиёжманд оила камбағалликдан чиқарилган.

Ҳудудлар кесимида ҳам сезиларли пасайиш қайд этилган. Масалан, Жиззах вилоятида камбағаллик 11,8 фоиздан 5,8 фоизга, Хоразмда 11,9 фоиздан 6,7 фоизга, Сирдарёда 11,3 фоиздан 6,2 фоизга тушган. Қорақалпоғистонда эса кўрсаткич 10,8 фоиздан 6,6 фоизга камайган.

Тошкент шаҳрида эса камбағаллик даражаси 7,3 фоиздан 3,5 фоизгача камайган.

Шаҳарларда камбағаллик даражаси 5,2 фоизни, қишлоқларда эса 6,4 фоизни ташкил этган.

Бугунги кунда мамлакатда камбағал аҳоли сони 2,2 миллион нафар деб баҳоланмоқда. Уларнинг энг катта қисми Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё ва Андижон вилоятларига тўғри келади.

Камбағаллик кўрсаткичи йилдан йилга қуйидагича бўлмоқда:

  • 2022 йилда 14 фоиз;

  • 2023 йилда 11 фоиз;

  • 2025 йилда 5,8 фоиз.

Камбағаллик даражаси 2,8 фоизгача туширилади

3

2026-йил учун янада кескинроқ мақсад қўйилмоқда. Режага кўра, камбағаллик даражаси 2,8 фоизгача, ишсизлик даражаси эса 4,5 фоизгача туширилиши керак.

Аввалроқ Президент Мурожаатномасида ҳам камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизгача камайтириш вазифаси эълон қилинган эди.

2025-йил якунлари билан расмий статистикада ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушгани айтилмоқда. Камбағаллик эса 8,9 фоиздан 5,8 фоизга пасайтирилган.

«Чегара паст бўлса, статистика ҳам яхши чиқади»

Статистикада кўрсаткичлар пасаймоқда, аммо ҳануз камбағаллик ҳисоблашда кўп ўлчовли камбағаллик кўрсаткичларига амал қилинмайди. Бу эса хиралашган манзарани кўрсатади.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, минимал истеъмол харажатлари етарлича индексация қилинмаса, камбағаллик статистикасини сунъий равишда пасайтириш осонлашади.

«Минимал истеъмол харажатларини қанча муддат индексация қилмай турсангиз, нафақат камбағаллик даражасини 2,8 фоизга тушириш мумкин, балки “камбағаллик синф сифатида тугатилди” деб ҳам эълон қилиб юборса бўлади», — деб ёзмоқда Бакиров блогидa.

«Аввал иқтисод…» дастурида ҳам иқтисодчи камбағаллик ўлчови республика бўйича бир хил белгиланмаслиги кераклигини айтган эди. Хусусан, Тошкент шаҳри билан Бўзатов, Шуманай ёки Шерободдаги яшаш шароити, нархлар ва даромадлар кескин фарқ қилади.

Иқтисодчига кўра, агар камбағаллик пул орқали ўлчанадиган бўлса, бу кўрсаткич камида инфляция даражасидан юқори суръатда индексация қилиниши лозим. Аксинча, сўнгги йилларда минимал истеъмол харажатлари инфляциядан паст даражада ошириб келинмоқда. Бу эса камбағаллик чегарасини сунъий равишда пастга туширади.

Шунингдек, минимал истеъмол харажатлари таркибида айрим муҳим мажбурий харажатлар ҳисобга олинмаган. Масалан, ер ва мол-мулк солиқлари сўнгги йилларда 25–30 фоизга индексация қилинган бўлса-да, солиқ харажатлари камбағаллик ўлчовига киритилмаган.

Энг муҳими, камбағаллик фақат даромад билан ўлчанмаслиги керак. Газлашмаган хонадонлар қиш фаслида кўмир ва ўтин учун катта маблағ сарфлайди. Бозор нархларида бир тонна сифатли кўмир 1,5–2 миллион сўм атрофида. Ичимлик суви масаласида ҳам катта тафовутлар мавжуд: айрим ҳудудларда аҳоли сувнинг бир тоннасини 15 минг сўмдан сотиб олишга мажбур.

Шу боис иқтисодчи камбағалликни кўп ўлчовли тизим асосида баҳолашга ўтиш зарурлигини қайд этади. Энергия таъминоти, сув имконияти, иқлим омиллари ва мажбурий тўловлар каби кўрсаткичлар пул ўлчовига қўшимча тарзда инобатга олиниши лозим.

Бундан ташқари, минимал истеъмол харажатлари фақат статистик кўрсаткич эмас — қатор ижтимоий тўловлар ҳам айнан шу мезонга боғланган.

Яъни айрим нафақалар ва ижтимоий ёрдамлар минимал истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун бу кўрсаткич қанчалик паст бўлса, давлатнинг ижтимоий тўловлари ҳам шунчалик кам бўлиши мумкин.

«Балким шу йўл билан ижрочилар Ўзбекистонда камбағаллик даражасини маъмурий равишда паст кўрсатишни ва бюджет харажатларини айнан камбағал қатламларга бериладиган тўловлар ҳисобидан қисқартиришни маъқул кўраётгандир», — дея ёзади иқтисодчи.


Ижтимоий харажатлар камаймоқда, бошқарув харажатлари ошмоқда

Бакиров фикрича, сўнгги йилларда яна бир тенденция кузатилмоқда — ижтимоий харажатлар қисқариб бораётган бир пайтда давлат бошқаруви харажатлари эса ўсишда давом этмоқда.

Масалан, 2025-йилда давлат бошқаруви ва ҳокимият органлари, вазирлик ва идоралар, адлия тизими, прокуратура ҳамда судларни сақлаш учун 22,3 триллион сўм сарфланган. Бу режалаштирилган 18,6 триллион сўмдан қарийб 3,7 триллион сўмга ёки тахминан 20 фоизга кўп.

Шу билан бирга, нафақалар, моддий ёрдам ва бошқа имтиёзли тўловлар учун ажратилиши режалаштирилган 17,3 триллион сўм ўрнига амалда 15,3 триллион сўм сарфланган. Бу режа кўрсаткичидан 11,6 фоизга кам.

Бакиров айтганидек, «доим камбағални туянинг устида ит қопади ёки нони туя бўлади».

Умуман олганда, расмий статистикада камбағаллик тез камайиб бораётгандек кўринади. Аммо камбағалликни ҳисоблаш учун олинган минимал чегара реал нархлар ортидан етиб бормаса, рақамлар табиий равишда «яхшиланади».

Бу эса муаммо йўқолгани эмас, фақат статистикада кичрайганини англатади. Оддий қилиб айтганда, камбағалликни камайтириш учун уни ўлчайдиган мезонни паст қўйиш — касални даволаш эмас, фақат ҳарорат ўлчагични синдиришга ўхшайди.

Шу сабаб камбағалликни ҳақиқатан камайтириш одамларнинг даромади ва яшаш шароитини яхшилаш билан боғлиқ бўлиши керак. Акс ҳолда 2030-йилда «мутлақ камбағаллик ноллаштирилди» деган чиройли рақам пайдо бўлиши мумкин, аммо бу реал ҳаётдаги муаммо тўлиқ ҳал бўлганини англатмайди.

Теглар

Мавзуга оид