add

Олимлар Қуёш сирларидан бирини очди

Ҳавайи оролларидаги DKIST телескопи ёрдамида олимлар Қуёш ташқи атмосферасининг — тожининг нега миллионлаб даражагача қизишини аниқлашди. Бу кашфиёт астрономияда янги босқични бошлаши мумкин.

Олимлар Қуёш сирларидан бирини очди

Ўнлаб йиллар давомида астрономлар Қуёш сирларидан бирини ҳал этишга уринди: нега унинг ташқи атмосфераси — тожи миллионлаб даражагача қизийди, ҳолбуки Қуёш юзаси атиги 5500°C бўлса ҳам?

Daily Galaxy нашрининг ёзишича, бу саволга жавоб Ҳавайидаги Дэниэл Иноуе номи берилган DKIST телескопи ёрдамида топилди. Бу телескоп — дунёдаги энг йирик ердаги қуёш кузатув қурилмаси бўлиб, у коронада илк бор магнит тўлқинларни қайд этди.

Бу назарияни илк бор 1942 йилда швед физиги Ҳаннес Алфвен илгари сурганди. У бундай электромагнит тўлқинлар Қуёш атмосферасини иситишини тахмин қилган, аммо буни тасдиқлайдиган технологиялар йўқ эди. Энди эса DKIST’нинг махсус Cryo-NIRSP ускунаси ушбу тўлқинларни бевосита аниқлади.

Тадқиқот раҳбари Ричард Мортоннинг таъкидлашича, «алфвен тўлқинлари доимо мавжуд бўлиб, жуда катта миқдорда энергия ташийди, шу боис улар коронани қиздиришда асосий омил ҳисобланади». Бироқ олимлар бу жараённинг ягона сабаби эмаслигини ҳам қайд этмоқда. Улар магнит реконекция — магнит майдонлари бир-бирига туташиб, улкан энергия чиқариш жараёни ҳам муҳим рол ўйнашини айтмоқда.

NASAнинг Parker Solar Probe ва Yevropa космик агентлигининг Solar Orbiter миссиялари маълумотларига кўра, айнан шу икки жараён бир вақтнинг ўзида амалга ошиб, Қуёш тожининг улкан ҳароратини таъминлайди.

Олимлар бу кашфиёт Ердаги ҳаёт учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Тождаги жараёнларни англаш қуёш шамоли, портлашлар ва энергия чиқишини олдиндан башорат қилиш имконини беради. Бу эса сунъий йўлдошлар, алоқа тизимлари ва электр тармоқларини муҳофаза қилишда катта аҳамият касб этади.

DKIST натижалари қуёш физикасида янги босқични бошлаши мумкин. У нафақат Қуёш табиати ҳақида янги билимлар беради, балки бошқа юлдузлар фаолиятини ҳам яхшироқ тушуниш имконини очади.

Теглар

Мавзуга оид

Олимлар Қуёш сирларидан бирини очди | Vaqt.uz