Олимпиада совғаси: бошқаларга телефон, россияликларга эса — «шампун ва тиш пастаси»

Халқаро олимпия қўмитаси нега россиялик спортчилар ҳомийлар томонидан бериладиган совғадан маҳрум қилинганини тушунтирди.

Олимпиада совғаси: бошқаларга телефон, россияликларга эса — «шампун ва тиш пастаси»

Олимпия ўйинларида иштирок этган россиялик спортчиларга бошқа атлетлар каби смартфонлар совға қилинмади. Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси маълум қилди.

Ташкилотчилар ўйинлар бошланишидан аввал барча иштирокчиларга «Samsung» компанияси томонидан телефонлар совға қилиниши ҳақида хабар берган эди. Ушбу бренд Халқаро олимпия қўмитасининг расмий ҳомийларидан бири ҳисобланади.

Бироқ 17 феврал куни россиялик спортчи Никита Филиппов ўзи ва бошқа россиялик спортчилар смартфон олмаганини билдирди. Унинг айтишича, уларга фақат шампун ва тиш пастаси каби гигиена воситалари берилган.

Олимпия қўмитаси изоҳи

Халқаро олимпия қўмитаси бу ҳолатни Европа Иттифоқи қонунчилиги билан изоҳлади. Расмийларга кўра, айрим давлат спортчиларига электрон қурилмаларни тарқатиш тақиқланган. Бу чеклов санкциялар доирасида амал қилмоқда.

Маълумки, 2022 йилдан буён Европа Иттифоқи Россияга нисбатан ҳашаматли буюмлар етказиб беришни тақиқлаган. Қиймати 750 евродан юқори бўлган телефонлар ҳам ушбу тоифага киради.

Париж-2024 тажрибаси

Шу каби ҳолат 2024 йил Париж шаҳрида ўтган Олимпиадада ҳам кузатилган. Ўшанда ҳам россиялик спортчиларга ҳомийлар томонидан телефонлар совға қилинмаган эди.

Теглар

Мавзуга оид