Олий суд раиси ишдан олинди, 3 машина селда оқиб кетди, Мирзиёева наркожиноятларга қарши курашни ўз назоратига олди — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.
Наркожиноятларга қарши курашиш масаласини ўз назоратимга олдим – Саида Мирзиёева
20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси, муддатидан олдин озодликка чиқиш имкониятининг бекор қилиниши ва наркожиноятчиликка қарши кескин чоралар — ўтаётган ҳафта айнан шу янгиликлар билан бошланди. Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева наркожиноятларга қарши кураш масаласини шахсий назоратига олганини маълум қилди.
Шу кунларда қабул қилинган янги қонун наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни сезиларли даражада кучайтирди. Эндиликда яширин нарколабораториялар ташкил этиш, наркотикларни интернет орқали тарқатиш, наркожиноятларга ҳомийлик қилиш ва трансмиллий жиноий тармоқларда иштирок этиш каби қилмишлар учун қаттиқ жазо чоралари қўлланилади.
Янги тартибларга кўра, наркожиноят содир этган айрим шахслар жазони тўлиқ ўташи талаб этилади. Шунингдек, вояга етмаганларни наркотик воситалар истеъмолига жалб қилиш ёки уларни наркожиноятларга тортиш учун ҳам жазолар оғирлаштирилди.
Дебют: муносиб ўйин, тарихий гол ва мағлубият
Ўтган ҳафта Ўзбекистон учун тарихий воқеа бўлиб ўтди. Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этаётган «оқ бўрилар» Колумбияга қарши ўйинда майдонга тушиб, юқори даражадаги рақибларга муносиб қаршилик кўрсатди ва ўз тарихидаги биринчи мундиал голини урди.
Мехикодаги «Атстека» стадионида бўлиб ўтган учрашувда колумбияликлар биринчи бўлимда ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлим бошида Ўзбекистон миллий жамоаси ҳисобни тенглаштиришга эришди. Аббос Файзуллаев муаллифлик қилган ушбу гол терма жамоа учун Жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк гол сифатида қайд этилди. Бироқ учрашув якунида рақиб яна икки бор аниқ зарба бериб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиндан сўнг терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро футболчиларнинг ҳаракатини юқори баҳолаб, Колумбия каби кучли рақибга қарши баҳс осон кечмаганини айтиб, футболчиларидан фахрланишини билдирди ва жамоа хатолар устида ишлашини қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам терма жамоа футболчиларининг ўйинига муносабат билдириб, уларнинг кучли характер кўрсатганини таъкидлади. Давлат раҳбарига кўра, биринчи жаҳон чемпионатида урилган тарихий гол жамоа учун ҳам, мамлакат учун ҳам муҳим ютуқ сифатида баҳоланади.
Робахон Маҳмудова Олий суд раиси этиб сайланди
Бу ҳафта Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида муҳим кадрлар ўзгариши билан якунланмоқда. Президент томонидан Бахтиёр Исломовни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимидан озод этиш ҳамда ушбу лавозимга Робахон Анваровна Маҳмудовани сайлаш бўйича Олий Мажлис Сенатига тақдимномалар киритилди.
Қарорлар Сенат мажлисида кўриб чиқилиб, номзодлар бўйича тегишли муҳокамалар ўтказилди. Натижада Робахон Маҳмудова Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси этиб беш йил муддатга сайланди. Қарор Конституция ва амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ қабул қилингани таъкидланди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Бахтиёр Исломов 2022 йил август ойидан бу лавозимда фаолият юритиб келган бўлиб, унгача суд тизими ва ижро ҳокимиятининг турли босқичларида ишлаган. Робахон Маҳмудова эса суд-ҳуқуқ тизимида кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, илгари Олий суд раисининг биринчи ўринбосари ва бошқа масъул лавозимларда фаолият юритган.
Уруш тугади: АҚШ ва Эрон келишиб олди
Ўтаётган ҳафта халқаро майдонда АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликни юмшатишга қаратилган муҳим келишув билан бошланди. Томонлар уруш ҳолатини якунлаш ва стратегик аҳамиятга эга Ҳормуз бўғозида ҳаракатни қайта тиклаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаган.
Эрон ТИВ матбуот котиби Исмоил Бағоийга кўра, электрон шаклда имзоланган ҳужжатни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Эрон президенти Масъуд Пезешкиён тасдиқлаган. Маълум қилинишича, меморандум кучга кирган ва Ҳормуз бўғозидаги транспорт ҳаракатини тиклаш жараёни бошланган.
Шунингдек, Швейцарияда ўтказилиши кутилган учрашувда АҚШ ва Эрон вакиллари ядровий дастур масаласини муҳокама қилиши мумкин. Аввалроқ, томонлар Покистон воситачилигида тинчлик келишувига эришгани ҳам маълум қилинган эди.
Жиззахдаги селда 3 та машина оқиб кетди
Якунланаётган ҳафта Жиззах вилоятининг тоғли ҳудудларида кучли ёғингарчилик оқибатида сел кузатилиб, 3 та енгил автомобиль оқиб кетди. Ҳодиса 18 июнь куни Зомин ва Бахмал туманларининг айрим тоғ ва тоғолди ҳудудларида содир бўлган, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Маълумотларга кўра, сел оқими йўл участкаларидан ўтиб кетган ва нотўғри жойда қолдирилган транспорт воситалари сув оқими таъсирида ҳаракатланиб кетган. Расмийларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг айрим туманларида ҳам кучли сел оқими қайд этилиб, аҳоли вақтинча эвакуация қилинган эди.
Имтиҳонсиз «права» олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш кўпчилик учун мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён сифатида баҳоланади. Айнан шу ҳолатдан фойдаланиб, имтиҳонсиз «права» олиб беришни ваъда қилган шахс Жиззах шаҳрида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.
Маълумотларга кўра, 1995 йилда туғилган шахс фуқаролар ишончига кириб, автомактабда ўқимаган шахсларга ҳам ҳужжат расмийлаштириб беришни ваъда қилган ҳамда бу хизмат эвазига олдиндан 10 миллион сўм талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида у Жиззах шаҳридаги «Ўратепалик» маҳалласи ҳудудида пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи аввал ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган.
Ҳозирда унга нисбатан фирибгарлик ва пора беришга уриниш билан боғлиқ моддалар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 180 млрд доллардан ошиши мумкин
Ўтаётган ҳафта иқтисодиёт йўналишидаги энг муҳим хабарлардан бири Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти бўйича эълон қилинган янги прогнозлар билан боғлиқ бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида мамлакат иқтисодиёти кутилганидан тез суръатларда ўсиб бораётганини таъкидлади.
Давлат раҳбарига кўра, аввал 2026 йил учун белгиланган 100 млрд долларлик марра жорий йилнинг ўзидаёқ 180 млрд доллардан ошиши мумкин. Шунингдек, 2025 йил якунида ЯИМ 7,7 фоизга ўсиши, иқтисодиётга 43 млрд доллар инвестиция жалб қилиниши ҳамда халқаро захиралар 70 млрд доллардан ошиши кутилмоқда.
Президент таъкидлашича, барқарор ўсиш ва яхшиланиб бораётган инвестиция муҳити натижасида Ўзбекистон халқаро рейтингларда ҳам позициясини мустаҳкамлаб бормоқда. Жумладан, мамлакат «Иқтисодий эркинлик индекси»да 14 поғона юқори кўтарилиб, илк бор «мўътадил эркин иқтисодиёт» қаторига кирди.
Лукашенко Зеленскийдан узр сўради
Бу ҳафта Беларус Президенти Александр Лукашенко «Ал-Арабия» телеканалига берган интервюсида Украина Президенти Владимир Зеленскийдан аввалги кескин баёнотлари учун узр сўради. «Балки қаердадир ҳаддан ошгандирман. Агар Владимир Александрович бундан ранжиган бўлса, ундан узр сўрайман», деди Лукашенко.
Интервюда у Беларуснинг бу урушга қўшилиб кетишини истамаслигини ва Беларус томондан Украинага ҳеч қандай ҳарбий хавф йўқлигини таъкидлади. Лукашенко Владимир Путин ҳам Беларуснинг можарога тўғридан-тўғри аралашишидан манфаатдор эмаслигини билдирди ва «Беларуснинг урушга кириши фойдадан кўра зарарлироқ», дея унинг сўзларини келтирди.
Шу билан бирга, у Беларус ҳарбий жиҳатдан заиф эканини ва агар Украина унинг ҳудудига ҳужум қилса, асосий саноат ва логистика объэктлари зарба остида қолишидан хавотир билдирди. Унинг айтишича, Украина ҳарбийлари Беларус ҳудудида 500 га яқин эҳтимолий нишонни белгилаб қўйган.
Шу сабабли Лукашенко Зеленскийни эҳтиёткор бўлишга ва кескин баёнотлар бермасликка чақирган.
37 кг наркотик контрабандаси
Ўтаётган ҳафта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига катта миқдорда гиёҳванд моддаларни контрабанда йўли билан олиб кириш ҳолатлари фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, жами 37,6 кг гиёҳвандлик воситалари аниқланган.
Сурхондарё вилоятида ўтказилган махсус операция давомида 25 кг 444 грамм «опий» ва 11 кг 86 грамм «гашиш» моддалари ноқонуний йўллар билан мамлакатга олиб кирилгани маълум бўлган. Ушбу моддаларни Самарқанд шаҳрида қабул қилиб олиш вақтида икки нафар маҳаллий ва икки нафар хорижлик шахс ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Термиз халқаро савдо марказида 1 килограммдан ортиқ «опий»ни 5 минг доллар эвазига сотишга уринаётган икки нафар Афғонистон фуқароси ҳам қўлга олинган. Текширувларда улар гиёҳванд моддаларни мамлакат ҳудудига «жонли контейнер» усулида яширинча олиб киргани аниқланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Теглар






