Ўқитувчиларга имтиёз: ваъдалар нега қарорда қисқариб кетди?

Кеча 19:445 дақиқа

Педагогларга ваъда қилинган имтиёзлар қарорга келганда кескин қисқариб, энг зарур хизматлар рўйхатдан четда қолди. Бу ҳолат жамоатчиликда жиддий саволлар уйғотмоқда.

Ўқитувчиларга имтиёз: ваъдалар нега қарорда қисқариб кетди?

Давлат раҳбари 2025-йил 15-сентябрда Ўқитувчилар куни арафасида педагоглар учун бир қатор имтиёзларни 2026-йил январдан кучга киришини ваъда қилган эди.

Шунингдек, Президентнинг расмий табригида ҳам ўқитувчилар учун мўлжалланган имтиёзлар рўйхати алоҳида қайд этилган эди. Бироқ орадан тўрт ой ўтса-да, вазирлик имтиёзни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳақида сўз очмади.

Vaqt.uz 2026-йил 5-феврал куни аллақачон кучга кириши керак бўлган, аммо дараги номаълум имтиёзлар ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сўров юборган эди. Ўшанда вазирлик матбуот котиби қарорни тайёрлаш жараёни давом этаётганини, қачон эълон қилиниши бўйича муддат аниқ эмаслигини маълум қилганди.

Орадан икки ой ўтиб, яъни 16-апрелда Вазирлар Маҳкамасининг 175-сон қарори билан «кечиккан имтиёзлар» ниҳоят эълон қилинди. Аммо қарорга келгунча имтиёзлар қисқариб қолган.

Қарорга кўра қандай имтиёзлар берилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 175-сон қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, таълим ташкилотида меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи педагог шахслар учун айрим давлат хизматлари нархи хизматлар умумий қийматининг 50 фоизини ташкил қилиши белгиланди:

  • кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари;

  • муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари;

  • умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш бўйича давлат хизматлари;

  • тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топширишга рухсат бериш бўйича давлат хизматлари;

  • расмий ҳужжатларга апостил қўйиш бўйича давлат хизматлари ва бошқалар.

Бундан ташқари, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар директорлари ва директор ўринбосарлари 5 йилда 1 маротаба ишдан ажралган ҳолда, Маданият вазирлиги томонидан ташкил қилинадиган менежерлик ўқув курсларида ўқитилиши белгиланди.

Энди табиий савол туғилади: на Президент табригида, на топшириғида «айрим давлат хизматлари» деган қисм йўқ эди. Камига ваъда қилинган имтиёзлар фақат давлат хизматларидан иборат эмас, улар орасида ипотека ва таълим кредити, педагогларнинг фарзандларига контракт тўлашда чегирма, самолёт ва поезд чипталарига чегирма бериш масалалари ҳам бор эди.

Қандай имтиёзлар ваъда қилинган эди?

1-октябр — «Устоз ва мураббийлар куни» муносабати билан эълон қилинган Президент табригида қуйидагилар қайд этилган эди:

  • камида 15 йил иш стажига эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилиши;

  • давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилиши;

  • ўқитувчилар учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши;

  • педагоглар учун давлат хизматлари тўлови икки карра камайтирилиши;

  • бошланғич таълим ўқитувчилари учун миллий сертификат тизими жорий қилиниши ва унга устама тўланиши;

  • имтиёзли диплом билан ишга кирганларга автоматик малака тоифаси берилиши;

  • TOP-300 олийгоҳларга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли кредит ажратилиши;

  • энг яхши таълим муассасалари педагогларига транспорт чипталарида 15–20 фоиз чегирма берилиши.

Нега имтиёзлар қисқарди?

Қарор эълон қилингач, энг кўп эътибор давлат хизматлари қисмига қаратилди. Mаълумки, ваъдада барча давлат хизматларига чегирма назарда тутилган бўлса, амалда фақат 5 та хизмат қамраб олинган. Камига, рўйхатда ўқитувчилар учун аҳамияти паст ёки умуман долзарб бўлмаган хизматлар ҳам мавжуд.

Масалан, нега айнан тракторчи-машинист гувоҳномаси учун имтиҳон хизмати танланган? Ёки апостил қўйиш хизматлари улар ҳаётини қай даражада енгиллаштиради?

Шу боис ижтимоий тармоқларда ҳам бу масала кескин танқид ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Vaqt.uz ваъда қилинган имтиёзлар нима сабабдан қисқаргани, давлат хизматлари рўйхати нега чеклангани ҳамда бу рўйхат кенгайтирилиши режалаштирилаётгани юзасидан Адлия вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига расмий сўров юборди. Агар вазирликлар масалага ойдинлик киритса, қўшимча маълумот тақдим этилади.

«Ўқитувчига келганда ариқдаги сув тўхтаб қолмаслиги керак»

«Аввал иқтисод…» дастурининг навбатдаги сонида иқтисодчи Отабек Бакиров ўқитувчилар учун жорий этилган «имтиёзли» давлат хизматларининг қисқариб қолгани юзасидан фикр билдирди.

Унинг фикрича, тақдим этилган чегирмалар ўқитувчиларнинг кундалик эҳтиёжларига мос келмайди. Аксинча, улар кам фойдаланиладиган ёки умуман зарур бўлмаган хизматларга қаратилган. Натижада эса энг долзарб ва қиммат давлат хизматлари имтиёзлар доирасидан четда қолмоқда.

«Бу ўқитувчиларни ҳимоя қилиш эмас, уларнинг устидан кулшдир. Тасаввур қилинг, тракторчи-машинист гувоҳномасини олиш учун чегирма бериляпти. Қайси ўқитувчимиз тракторчи бўлишга боради?» — дейди Бакиров.

Шунингдек, у имтиёзлар шаклий ёндашув асосида жорий этилганини, яъни амалда фойдаси кам бўлган хизматлар рўйхатга қўшилганини қайд этди.

«Энг қиммат ва ҳаётий зарур давлат хизматлари четда қолиб, мутлақо фойдаланилмайдиганлари рўйхатга қўшилган. «Галочка» учун бердикми — бердик, тамом. Бу билан якунлаб бўлмайди — давлат хизматларининг таннархи нега ўқитувчининг бир ойлик маошидан баланд?» — дея қўшимча қилади у.

Аввалроқ, иқтисодчи давлат хизматлари нархи Ўзбекистонда жуда қиммат эканини мисол билан тушунтириб, ўқитувчи арзон автомобиль сотиб олган тақдирда ҳам уни расмийлаштириш учун 4 миллион 800 минг сўмгача тўлов қилишга мажбур бўлаётганини ​​қайд этган эди. Агар эълон қилинган имтиёзлар амал қилганида, бу харажат қарийб икки бараварга камайган бўлар эди.

Унинг сўзларига кўра, ўқитувчилар бу имтиёзларни талаб қилишга тўла ҳақли. Чунки гап марҳамат ёки эҳсон ҳақида эмас, балки йиллар давомида қилинган меҳнат учун қайтарилиши керак бўлган ҳақ ҳақида бормоқда.

«Ўқитувчиларга ваъда қилинган имтиёзлар марҳамат эмас — бу йиллар давомида қилинган меҳнат учун қайтарилиши керак бўлган ҳақдир. Агар бундай имтиёзлар бошқа соҳа вакиллари учун эълон қилинганида, тегишли қарорлар аллақачон қабул қилинган бўлар эди», — деди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ваъда ва ижро ўртасидаги масофа

Умуман олганда, педагогларга бериладиган имтиёзлар шунчаки ижтимоий ёрдам эмас, балки йиллар давомида қилинган меҳнат учун қайтарилиши лозим бўлган ҳақ. Афсуски, бугунги «кечиккан ва қисқарган» имтиёзлар рўйхати соҳа вакилларининг қадри ва эҳтиёжларидан анча узоқда эканини кўрсатмоқда. 

Агар ўқитувчи трактор ҳайдаш учун эмас, балки муносиб турмуш кечириши учун кўмак кутаётган бўлса, мутасаддилар рўйхатни «бори билан» эмас, «кераги билан» тўлдиришлари шарт. Ахир, ваъда қилинган 10 та имтиёзнинг ярми «музлаб», қолган ярми эса амалда ишламайдиган шаклда қолиши нафақат педагогларнинг ишончига, балки таълим ислоҳотларининг нуфузига ҳам зарба бермайдими?

Vaqt.uz вазиятни кузатишда давом этади. Умид қиламизки, Адлия ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари жамоатчилик кутаётган мантиқли ва адолатли изоҳни тақдим этади. Зеро, ўқитувчининг қадри «галочка»лар билан эмас, унинг ҳаётини ҳақиқатда енгиллаштирадиган амалий чоралар билан ўлчанади.

Теглар

Мавзуга оид