add

Ўзбекистон 2026 йилда 5 млрд доллар ташқи қарз жалб қилади

02.12.2025 | 14:252762 дақиқа

2026 йил бюджети лойиҳасида тақчиллик 3 фоиз этиб белгиланди ва 5 млрд долларлик ташқи қарз шартномалари имзоланиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон 2026 йилда 5 млрд доллар ташқи қарз жалб қилади

ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди. Лойиҳада 2026 йил умумлаштирилган бюджет тақчиллигининг юқори чегараси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз этиб белгиланмоқда. Бу кўрсаткич давлат молияси барқарорлигини таъминлаш ва бюджет харажатларини самарали режалаштиришга қаратилган.

Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинадиган ташқи қарзлар бўйича янги битимлар ҳажми йиллик 5 миллиард доллар билан чекланади. Уни икки йўналишга ажратиш таклиф этилмоқда: Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун 2,5 миллиард доллар ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун яна 2,5 миллиард. Мазкур ёндашув инфратузилмавий дастурларни амалга ошириш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ва валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2026 йилда чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 30 триллион сўм этиб белгиланди. Бу ички бозорда молиявий инструментлар улушини ошириш ва қарзни арзонроқ манбалар ҳисобидан таъминлашни кўзлайди.

Давлат-хусусий шериклик асосида мажбуриятларни талаб этувчи янги лойиҳаларнинг умумий қиймати 6,5 миллиард доллардан ошмаслиги белгиланди. Бу механизм идоравий ҳавф эҳтимолларни камайтириш, лойиҳаларни шаффоф ва назорат қилинадиган тарзда амалга оширишни таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 октябр ҳолатида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 43 млрд 969 млн долларга етди. Қарзнинг 36,7 млрд доллари — ташқи, 7,2 млрд доллари эса ички қарздан иборат.

Теглар

Мавзуга оид