Осиёда демографик инқироз : келгусида аҳоли икки баробарга қисқариши мумкин
Айрим Осиё мамлакатларида бир аёлга ўртача биттадан ҳам кам фарзанд тўғри келмоқда. Vaqt.uz демографик инқироз сабаблари, унинг иқтисодий оқибатлари ва Ўзбекистондаги вазиятни таҳлил қилди.

Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиёда туғилиш даражаси кескин пасайиб, Макоада бир аёлга 0,47 нафар фарзанд тоғри келган. Жанубий Кореяда эса туғилиш даражаси ижобий томонга ўзгармоқда.
Узоқ йиллар давомида Жанубий Корея дунёда туғилиш даражаси энг паст давлат сифатида тилга олиниб келинади. Бироқ маълумотларга кўра, демографик инқироз энди фақат битта мамлакат муаммоси эмас, балки бутун Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё бўйлаб кузатилаётган минтақавий тенденцияга айланиб улгурди.
Шарқий Осиёда демографик вазият қандай?
2025 йил якунига кўра, Жанубий Кореяда жами туғилиш коэффициенти (ЖТК) 0,80 ни ташкил этган. Шу билан бирга, Тайванда бу кўрсаткич 0,70, Гонконгда эса 0,73 бўлиб, ҳар икки ҳудудда туғилиш даражаси Жанубий Кореядагидан ҳам пастроқ.

Jadval MoreBirth ma’lumotlari asosida tayyorlandi
2026 йил бўйича прогнозлар ҳам бу тенденция давом этаётганини кўрсатади. Хусусан, Таиландда ҳар бир аёлга ўртача 0,77 нафар, Сингапурда 0,82 нафар, Хитойда эса 0,90 нафар фарзанд тўғри келиши кутилмоқда. Бу кўрсаткичлар Жанубий Корея учун прогноз қилинаётган 0,93 даражасидан ҳам паст ҳисобланади. Шу билан бирга, Макаода туғилиш коэффициенти энг паст – атиги 0,46 нафар бўлиши мумкин. Бу сўнгги 10 йил ичида туғилиш коэффициенти қарийб 60 фоизга камайиб, минтақада демографик ўсиш сезиларли даражада пасайган.
Бироқ минтақадаги барча мамлакатларда ҳам вазият бир хил эмас. Масалан, Монголияда 2026 йил учун туғилиш коэффициенти 2,38 деб баҳоланган. Бу нафақат жадвалдаги энг юқори кўрсаткич, балки аҳоли сонининг табиий ўсишини сақлаб қолиш учун зарур бўлган 2,1 даражадан ҳам юқори. Бундан ташқари, Монголияда сўнгги ўн йилда туғилиш даражаси пасайган бўлса-да, у ҳали ҳам авлодлар алмашинувини таъминлай оладиган мамлакатлар қаторида қолмоқда.
2,1 кўрсаткич нега муҳим?
Демографик таҳлилларда энг муҳим кўрсаткичлардан бири — жами туғилиш коэффициенти (ЖТК) ҳисобланади. У бир аёл ҳаёти давомида ўртача нечта фарзанд дунёга келтиришини ифодалайди. Мутахассислар фикрича, аҳоли сонининг табиий равишда сақланиб қолиши учун бу кўрсаткич камида 2,1 бўлиши лозим. Бу даража демографияда «авлодни алмаштириш коэффициенти» деб аталади.
Бугун аксарият мамлакатларда ЖТК 1 нафардан ҳам паст бўлгани учун ҳозирги авлод сони кейинги авлодга тўлиқ алмашмайди. Оддий қилиб айтганда, ҳар икки нафар катта ёшли инсон ўрнига биттадан кам бола тўғри келмоқда. Ҳолат шу суръатда давом этса, туғилиш сони олдинги авлодга қараганда 2 баробарга камайиши мумкин. Хўш, бу кўрсаткич Шарқий Осиё давлатларидагидек 1 нафардан ҳам пастга тушиб кетса, бу иқтисодиётга қандай таъсир қилади?
Биринчи навбатда, туғилиш даражасининг пасайиши меҳнат бозори ҳолатини ўзгартиради. Чунки ҳар қандай иқтисодиётнинг энг муҳим ресурси — инсон капитали ҳисобланади. Туғилаётган болалар сони камайгани сайин, 20–25 йилдан кейин меҳнат бозорига кириб келадиган ёшлар ҳам қисқаради. Бу эса ишчи кучи танқислигини кучайтириб, иқтисодий ўсишни секинлаштиради.
Меҳнатга лаёқатли аҳоли улушининг қисқариши билан бир вақтда қариялар сони ортиб боради. Бу эса давлат бюджетига қўшимча босим юклайди дегани. Пенсия тўловлари, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя учун ажратиладиган харажатлар кўпайса, уларни молиялаштирадиган солиқ тўловчилар сони аксинча камайиб боради. Натижада давлат молиясига тушадиган юк ошиб, иқтисодий барқарорликка таъсир кўрсатади.
Бу жараёнларнинг амалий натижалари айрим мамлакатларда аллақачон кузатилмоқда. Масалан, Японияда аҳолининг қариши меҳнат ресурслари етишмаслиги ва ижтимоий таъминот харажатларининг ортишига сабаб бўлса, Жанубий Корея ишчи кучи танқислигини юмшатиш учун хорижлик меҳнат мигрантларини жалб қилишга мажбур бўляпти. Хитой ҳукумати эса аҳоли сонининг 2022 йилдан бери қисқариб бораётганидан, меҳнат ресурслари ва иқтисодий муаммолар келиб чиқишидан хавотирда.
Ўзбекистондаги вазият қандай?
Шарқий Осиё мамлакатларида туғилиш даражасининг кескин пасайиши аллақачон иқтисодиёт ва ижтимоий тизимларга таъсир кўрсата бошлаган бўлса, Ўзбекистонда вазият ҳозирча нисбатан барқарор.
2025 йилда Ўзбекистонда бир аёлга тўғри келадиган ўртача фарзандлар сони 3,23 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилда 3,35 ни ташкил қилганди. Туғилишларнинг камайишини энди фақат авлодлар алмашинуви билан изоҳлаб бўлмайди. Чунки нафақат фарзанд кўриш ёшидаги аёллар сони, балки аёлларнинг ўртача нечта фарзанд кўраётгани ҳам ўзгариб бормоқда.
Шунга қарамай, Ўзбекистон туғилиш даражаси бўйича Шарқий Осиёнинг аксарият давлатларидан сезиларли даражада юқори. Масалан, 2024 йил бошида Жанубий Корея аҳолиси 51,7 млн кишини ташкил этиб, Ўзбекистон аҳолисидан қарийб 40 фоизга кўп эди. Бироқ бугунги кунда Ўзбекистонда бир аёлга ўртача 3,23 нафар, Жанубий Кореяда эса 1 нафардан кам фарзанд тўғри келмоқда. Қуйидаги графикда БМТ прогнозлари асосида Ўзбекистон ва Жанубий Корея аҳолиси сонининг кутилаётган динамикаси акс эттирилган.

БМТ маълумотларига кўра, туғилиш даражасидаги ушбу фарқ натижасида 2041 йилга бориб Ўзбекистон аҳоли сони бўйича Жанубий Кореяни ортда қолдириши кутилмоқда. Аср охирига келиб эса Ўзбекистон аҳолиси 77,7 млн кишига етиши, Жанубий Корея аҳолиси эса 22 млн кишигача қисқариши прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам туғилиш кўрсаткичлари ҳудудлар кесимида бир хил эмас. Айниқса, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги тафовут турлича шаклланган. 2025 йилда шаҳарларда бир аёлга тўғри келадиган фарзандлар сони 3,23 тадан 3,03 тага камайган бўлса, қишлоқларда бу кўрсаткич деярли ўзгармаган — 3,47 тадан 3,44 тага тушган. Бу эса урбанизация, яшаш харажатларининг ошиши ва шаҳар турмуш тарзининг оилавий қарорларга таъсири кучаётганини кўрсатади.
Айниқса, Тошкент шаҳрида туғилиш даражасининг пасайиши сезиларли дарaжада бўлди. Пойтахтда фертиллик кўрсаткичи бир йил ичида 3,14 дан 2,88 гача тушган.
Шу билан бирга, туғилиш камайишининг асосий сабаби фақатгина аёлларда фертиллик даражасининг пастлиги билан изоҳлаб бўлмайди. Бу ҳолат мустақилликнинг илк йиллари ва 2000 йиллар бошидаги иқтисодий қийинчиликлар даврида туғилишлар сонининг пасайгани билан боғланади. Ўша йилларда туғилган нисбатан кам сонли авлод ҳозир айнан турмуш қуриш ва фарзанд кўриш ёшига етган. Бу эса туғилишлар сонининг пасайишига таъсир қилаётган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
«Мамлакатимизда дунёнинг кўплаб ривожланган, шунингдек, улар қаторига қўшилаётган ривожланаётган давлатлардаги каби демографик муаммолар ҳозирча мавжуд эмас. Яъни биздаги туғилишлар пасайишини Япония, Корея, Хитой, Тайван каби давлатлардаги ҳолатлар билан таққослаб бўлмайди. Улар анча қийин ва чуқур демографик муаммоларга дуч келиб бўлишган» , – деб баҳолаган эди, иқтисодчи Миркомил Холбоев.
Умуман олганда, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё тажрибаси туғилиш даражасининг узоқ муддат давомида пасайиши нафақат демографик, балки иқтисодий муаммоларни ҳам келтириб чиқаришини кўрсатмоқда. Ўзбекистон ҳозирча бундай босқичга етиб келмаган бўлса-да, бугунги ўзгаришлар келажакда меҳнат бозори ва иқтисодий ривожланишга таъсир қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 6 июл куни Андижон шаҳридаги 2-сонли туғуруқ мажмуасида 5 нафар эгизак дунёга келгани ҳақида хабар бергандик. Она ва чақалоқлар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалига ўтказилган.
Теглар






