Logo

Озарбайжонда «яшил» энергия улуши кескин ошди

Бугун 17:172 дақиқа

Озарбайжонда май ойида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 33 фоизи қайта тикланувчи манбалар ҳиссасига тўғри келди. Мамлакат 2032 йилгача қуёш ва шамол энергетикаси қувватини 8 gWга етказишни режалаштирмоқда.

Озарбайжонда «яшил» энергия улуши кескин ошди

Озарбайжонда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши жадал суръатларда ўсмоқда. Мамлакат Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 2026 йил май ойида ишлаб чиқарилган 2 млрд 83,4 млн kWh электр энергиясининг 689 млн kWhи қайта тикланувчи манбалар ҳиссасига тўғри келган.

Бу кўрсаткич мамлакат умумий электр ишлаб чиқаришининг 33 фоизини ташкил этди. Шунингдек, Нахчивон Автоном Республикасида май ойида электр энергиясига бўлган эҳтиёж тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қоплангани қайд этилди.

Шамол энергетикаси бум қилди

Озарбайжон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–апрел ойларида мамлакат шамол электр станцияларида 327,5 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 321,9 млн kWhга ёки 58,5 бараварга кўп демакдир. Бироқ қуёш электр станцияларида ишлаб чиқариш ҳажми 121,8 миллион kWhни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 6 фоизга камайган.

Мазкур даврда электр энергияси, газ ва буғ ишлаб чиқариш ҳамда тақсимлаш соҳасида 1 млрд 322,7 млн манатлик маҳсулот ва хизматлар яратилган. Сув таъминоти ва чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида эса ишлаб чиқариш ҳажми 201 миллион манатга етган.

Экспорт имкониятлари кенгаяди

Озарбайжон ҳукумати қайта тикланувчи энергетика салоҳиятини босқичма-босқич оширишни режалаштирмоқда. Режага кўра, мамлакатда қуёш ва шамол энергетикаси қуввати 2027 йил охиригача 2 gWга, 2032 йил охиригача эса 8 gWтга етказилади.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари давлат агентлиги директори Жавид Абдуллаевнинг таъкидлашича, 2030 йилгача умумий қуввати 6 gW бўлган лойиҳалар, 2033 йилгача эса 8 gWлик лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда. Ҳосил бўладиган ортиқча электр энергияси ҳозирда ишлаб чиқилаётган тўртта халқаро интерконнектор орқали экспорт қилиниши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

Озарбайжонда «яшил» энергия улуши кескин ошди | Vaqt.uz