
«Ўзбекистон-2030» стратегиясидан шиорлар олиб ташланади
Янги таҳрирдаги «Ўзбекистон-2030» стратегиясидан ўлчаб бўлмайдиган 130 та шиор ва топшириқ чиқарилиб, аниқ рақамли мақсадлар белгиланди.

2026–2030 йилларга мўлжалланган «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг қайта кўриб чиқилган лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Бу ҳақда 30 декабр куни Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги маълум қилди. Янги таҳрирда стратегиядан топшириқ ва шиор кўринишидаги, ўлчаш имкони бўлмаган 130 та мақсадли кўрсаткич чиқариб ташланди.
Амалдаги «Ўзбекистон-2030» стратегияси 2023 йил кузида Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган бўлиб, у бешта устувор йўналишни қамраб олган эди. Давлат раҳбари 26 декабр куни парламент ва халққа қилган мурожаатида дунё ва мамлакатдаги чуқур ўзгаришлар ушбу стратегияни қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини таъкидлаганди.
Президент мурожаатида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилгача 160 миллиард долларга етказиш режаси аввал белгиланганини, бироқ бу маррага 2026 йилдаёқ эришиш мумкинлигини қайд этди. Шунингдек, кейинги беш йил ичида ЯИМ ҳажми 240 миллиард долларгача ўсиши эҳтимоли мавжудлиги билдирилди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази матбуот анжуманида таъкидланганидек, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар, иқлим муаммолари, энергия бозорларининг трансформацияси, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши янги ёндашувларни талаб қилмоқда. Шунингдек, аҳоли сони ўсиши билан боғлиқ ижтимоий эҳтиёжлар ҳам ҳисобга олинган.
Янгиланган лойиҳа 350 дан ортиқ давлат органлари ва илмий марказлар иштирокида ишлаб чиқилган. Уларда амалдаги стратегиядаги 444 та самарадорлик кўрсаткичи ҳар томонлама баҳоланган. Натижада барча мақсадлар аниқ ўлчовли, йилма-йил бажарилиши белгиланган ва молиялаштириш манбалари кўрсатилган шаклга келтирилди.
Янги стратегияда ҳар бир вазирлик ва идора учун алоҳида самарадорлик кўрсаткичлари белгиланиб, тармоқ, соҳа ва ҳудудий ривожланишга оид барча концепциялар «Ўзбекистон-2030» билан мувофиқлаштирилиши назарда тутилмоқда.





