
Ўзбекистон асосан қайси давлатлардан маҳсулот сотиб олмоқда?
2025 йилнинг ўн ойида Ўзбекистон 177 давлатдан маҳсулот сотиб олди ва импорт асосан Хитой, Россия ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келди.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йил январ–октябр ойларида Ўзбекистоннинг импорт ҳажми 37,5 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,9 фоизлик ўсишни кўрсатади.
Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон 177 та давлатдан товар ва хизматлар импорт қилган. Импорт манбалари ичида Хитой мутлақ етакчиликни сақлаб қолди. Хитойдан олиб келинган маҳсулотлар ҳажми 11,5 млрд долларга етди.
Россия 7 млрд долларлик импорт ҳажми билан иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Қозоғистондан 2,7 млрд долларлик маҳсулотлар олиб келингани қайд этилди. Туркия (1,5 млрд доллар), Корея Республикаси (1,4 млрд доллар) ва Германия (953,9 млн доллар) ҳам Ўзбекистоннинг йирик савдо шериклари сифатида қайд этилди.
Импорт ҳажми бўйича кейинги ўринларда Ҳиндистон — 941,7 млн доллар, Туркманистон — 753,2 млн доллар, Беларус — 632,5 млн доллар ва АҚШ — 614,4 млн доллар турибди. Бошқа давлатлардан келган маҳсулотлар йиғиндиси эса 9,6 млрд долларни ташкил этди.
Аввалроқ Ўзбекистон асосан қайси маҳсулотларни чет эл мамлакатларидан сотиб олаётгани ҳақида хабар берилганди.





