Logo

Ўзбекистон ChatGPT, Gemini ва Claude’ни янги алифбога мослаштириш бўйича расмий мурожаат юборишни режалаштирмоқда

Ҳукумат қарори лойиҳасида ChatGPT, Gemini, Claude, Grok, DeepSeek ва MetaAI тизимларининг янги ўзбек алифбосида мулоқот қилишини йўлга қўйиш, миллий рақамли ёзув ва ягона клавиатура стандартларини жорий этиш ҳамда сунъий интеллект асосидаги бепул имло текширувчи дастурлар яратиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон ChatGPT, Gemini ва Claude’ни янги алифбога мослаштириш бўйича расмий мурожаат юборишни режалаштирмоқда © Sun'iy intelekt

Ўзбекистон халқаро сунъий интеллект платформаларининг такомиллаштирилган ўзбек алифбоси ва имло қоидалари асосида мулоқот қилиши учун OpenAI, Google, Anthropic, xAI, DeepSeek ва Meta каби компанияларга расмий мурожаат юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек алифбосига киритилган ўзгаришларни жамиятнинг барча соҳаларида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида маълум қилинди.

Ҳужжат лойиҳаси 2026 йил 21 октябрдаги ЎРҚ–1184-сон Қонун ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги 4 та ҳарф «O‘ o‘ – Ö ö», «G‘ g‘ – Ğ ğ», «Sh sh – Ş ş», «Ch ch – Ç ç» тарзида ўзгартирилган.

Чора-тадбирлар дастури лойиҳасига кўра, 2026–2027 йилларда ChatGPT, Gemini, Claude, Grok, DeepSeek, MetaAI каби сунъий интеллект тизимларининг такомиллаштирилган ўзбек алифбоси ва имло қоидалари асосида ишлашини йўлга қўйиш чоралари кўзда тутилмоқда. Хусусан, Рақамли технологиялар вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда Фанлар академияси томонидан мазкур халқаро компанияларга расмий мурожаат юбориш ва платформаларни янги алифбога мослаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Бепул AI-имло текширувчи ва ягона клавиатура стандарти

Қарор лойиҳасида сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган миллий дастурий маҳсулотларни яратиш ҳам таклиф этилмоқда. Жумладан, 2026 йил декабрда соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш, 2027 йилда эса матн муҳаррирлари, давлат ахборот тизимлари ва мобил иловалар учун сунъий интеллект ёрдамида автоматик имло текширувчи, таҳрирловчи ҳамда электрон матнлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва адабиётлар базасини такомиллаштирилган алифбога хатосиз ўгирувчи бепул ва очиқ дастурларни ишлаб чиқиш белгиланмоқда.

Шунингдек, 2026–2027 йилларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўзбек тилининг рақамли ёзув стандартини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Унда такомиллаштирилган алифбодаги ҳарфларнинг Unicode стандартида ифодаланиши, матнларни қидириш ва қайта ишлаш, маълумотлар базаларида сақлаш ҳамда сунъий интеллект тизимларида қўллашга доир ягона техник талаблар белгиланиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада Android, iOS, macOS ва Windows каби операцион тизимлар учун «ö», «ğ», «ş», «ç» ҳарфларини қулай киритишга мўлжалланган ягона клавиатура стандартини жорий этиш таклиф этилмоқда. Режага кўра, 2027 йил февралда ягона техник талаблар тасдиқланиши, март ойида тегишли халқаро компанияларга расман тақдим этилиб синовдан ўтказилиши, апрелда эса давлат органларига жорий этилиши ва аҳоли орасида оммалаштирилиши мумкин.

Маълумот учун, ўзбек тилининг лотин ёзувига ўтиши 1993 йилда бошланган ва 1995 йилда алифбо сезиларли ўзгартирилган. Алифбони янгилаш тўғрисидаги амалдаги қонун 2026 йил 7 июлда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 10 сентябрда Сенат томонидан маъқулланган ва 21 октябрда президент томонидан имзоланган.

Теглар

Мавзуга оид