
Ўзбекистон элчиси Дания қиролига ишонч ёрлиқларини топширди
Ўзбекистон ва Дания 1992 йил 25 январдан буён дипломатик муносабатлар ўрнатган.

Ўзбекистоннинг Даниядаги янги элчиси (қароргоҳи Стокҳолм шаҳрида) Раҳматулла Нуримбетов Дания Қироли Фредерик Х га ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Қайд этилишича, тантанали маросимдан сўнг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва маданий-гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон–Дания муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Шу билан бирга, мулоқот чоғида тоғ-кон саноати, «яшил» энергетика, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларини ривожлантириш, иқлим барқарорлигини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби муҳим йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Дания 1992 йил 25 январда дипломатик муносабатлар ўрнатган. Раҳматулла Нуримбетов 2024 йил 4 декабрда Ўзбекистоннинг Швециядаги элчиси сифатида Қирол Карл XVI Густавга, 2025 йил 15 майда эса Норвегиядаги элчиси сифатида Қирол Харальд Vга ишонч ёрлиқларини топширган.





