Logo

Ўзбекистон Президенти Сербиянинг олий давлат мукофоти билан тақдирланди

Кеча 22:352 дақиқа

Мукофотни давлат раҳбарига Сербия Президенти Александр Вучич икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашдаги улкан ҳиссаси учун топширган.

Ўзбекистон Президенти Сербиянинг олий давлат мукофоти билан тақдирланди © Foto: president.uz

Белград шаҳридаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Сербиянинг олий давлат мукофоти – Катта занжирли Сербия Республикаси ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон етакчисига ушбу орденни Сербия Президенти Александр Вучич топширган.

«Давлатимиз раҳбари юксак мукофот учун чуқур миннатдорлик билдириб, уни Сербия халқининг Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурмати, мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга қатъий интилиш рамзи деб билишини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Сербия Республикаси ордени хорижий давлатларнинг таниқли арбобларига халқлар ўртасида тинчлик, ҳамкорлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда республика билан дўстона алоқаларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.

Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Белградга илк ташрифи доирасида Сербия Президенти Александр Вучич билан учрашуви бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Музокаралар давомида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, ўзаро дипломатик ваколатхоналар очиш ва Эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, транспорт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилиб, 2026–2028 йилларга мўлжалланган саноатда шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинган.

Томонлар ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари (шунингдек, Самарқанд вилояти ва Воеводина) ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатилганини қайд этган.

Ташриф якунлари бўйича таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги келишувлар билан бир қаторда, тартибли миграцияни йўлга қўйиш мақсадида Меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисидаги битим имзоланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон келаси йили Белградда ўтказиладиган «EXPO-2027» халқаро кўргазмасида миллий павилон билан иштирок этиши ва эришилган барча келишувлар ижроси бўйича кенг қамровли «йўл харитаси» ишлаб чиқилиши белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон Президенти Сербиянинг олий давлат мукофоти билан тақдирланди | Vaqt.uz