Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди
Йиғилиш доирасида янги кооперация лойиҳаларини бажаришга старт берилади. Бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшма инвестиция компанияси маблағларини фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Икки давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбайжон етакчиси шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олиб, шоҳсупага таклиф қилди. Шундан сўнг, икки давлат мадҳиялари янгради.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади. Биргаликда суратга тушилгандан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.
Шундан сўнг, Кўксарой қароргоҳида икки президент тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди. Музокараларда Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Мирзиёев Алиевнинг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.
«Саммит якунида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бунинг тасдиғи бўлади. Энг муҳими, стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизнинг ҳар бир банди аниқ натижалар ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Етакчилар икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини қайд этди. Парламентлар, ҳукуматлар ва тармоқлар ўртасида мунтазам мулоқот йўлга қўйилган. Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилгани айтилди.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ортди. Энергетика, кимё, кончилик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган дастур қабул қилинаётгани мазкур муҳим маррага эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
Йиғилиш доирасида янги кооперация лойиҳаларини бажаришга старт берилади. Бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшма инвестиция компанияси маблағларини фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Етакчилар маданият, таълим, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олди. Бугун Низомий Ганжавий номидаги Миллий педагогика университетининг янги биноси очилади ҳамда Янги Тошкентда «Озарбайжон» боғини барпо этиш ишлари бошланади. Икки халқни янада яқинлаштириш мақсадида «Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ўртасидаги адабий кўприк» мавзусида қўшма кинофилм яратиш таклиф этилди. Жорий йилнинг кузида Озарбайжонда етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтади.
2027-йилда мамлакатларда муҳим спорт воқеаси — футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бу борада қўшма спорт, маданият ва ёшларга оид тадбирларни ўтказишни назарда тутувчи кенг кўламли «Икки мамлакат — бир чемпионат» дастури ишлаб чиқилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. Йиғилишда Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг ахборотлари тингланди. Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга қаратилган «йўл харитаси»ни қабул қилишга қарор қилинди. Якунда банк-молия, қурилиш материаллари, таълим, нефт-газ, туризм, уй-жой қурилиши, тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга старт берилди.





