Ўзбекистон ва Озарбойжон пенсия тайинлашда иш стажини ўзаро ҳисобга олади
Икки давлат ўртасида янги имзоланган битимга кўра, бир давлатдаги иш стажи пенсия учун етарли бўлмаса, иккинчи мамлакатда орттирилган стаж ҳам ҳисобга олинади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистон ва Озарбойжон фуқароларига пенсия тайинлашда икки давлат ҳудудида орттирилган иш стажини ўзаро ҳисобга олиш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўртасидаги музокаралар якунида имзоланган пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида маълум қилинди.
Пенсия жамғармасининг таъкидлашича, ҳужжат икки давлатда меҳнат фаолиятини амалга оширган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган. Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Озарбойжонда орттирилган иш стажи пенсия олиш ҳуқуқини аниқлашда инобатга олинади.
Агар фуқаронинг бир давлатдаги иш стажи пенсия тайинлаш учун етарли бўлмаса, иккинчи давлатда орттирилган тегишли иш стажи ҳам қўшиб ҳисобланиши мумкин.
Ҳар бир давлат ўзиникини тўлайди
Битимга кўра, ҳар бир давлат фуқаронинг ўз ҳудудида орттирган иш стажи учун алоҳида жавобгар бўлади.
Яъни, умумий иш стажи пенсия ҳуқуқини юзага келтириш учун қўшиб ҳисобланиши мумкин, аммо пенсия миқдори ҳар бир давлатда алоҳида ҳисобланади. Давлатлар фақат ўз ҳудудида орттирилган меҳнат стажига мутаносиб равишда пенсия тайинлайди.
Янги тартиб фуқароларнинг икки мамлакатда ишлаган даврларини пенсия масаласида йўқотмаслик имконини беради.
Шунингдек, фуқаро бошқа давлатга ёки учинчи мамлакатга кўчиб ўтган тақдирда ҳам тайинланган пенсия камайтирилмайди, тўхтатилмайди ёки бекор қилинмайди.
Фуқаронинг аризасига кўра, пенсия уни тайинлаган давлатда тўланиши ёки иккинчи давлат ҳудудига ўтказилиши мумкин.
Мурожаатлар соддалаштирилади
Пенсия тайинлаш, қайта ҳисоблаш ёки тўлаш билан боғлиқ мурожаатни фуқаро ўзи яшаётган давлатдаги тегишли муассасага топшириши мумкин.
Битимда назарда тутилган ҳолатларда бундай мурожаат иккинчи давлатга ҳам берилган деб ҳисобланади. Зарур маълумотлар ва ҳужжатлар эса икки давлатнинг ваколатли муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри юборилади.
Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг масъул органлари пенсия тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ масалалар бўйича ахборот алмашади ҳамда ўзаро амалий ёрдам кўрсатади.
Битим тегишли ички тартиб-таомиллар якунланганидан кейин кучга киради. Уни амалда қўллашнинг ташкилий ва техник механизмлари алоҳида Маъмурий келишув орқали белгиланади.





