Logo

Ўзбекистон ва Туркманистон тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклаши мумкин

Кеча 21:551 дақиқа

Транспорт вазирлигида бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклаш ҳамда юк ташувчи ҳайдовчилар учун электрон визалар жорий этиш ва Фарап–Олот чегара ўтиш жараёнларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва Туркманистон тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклаши мумкин

Жорий йил 13 август куни Ўзбекистон транспорт-логистика соҳаси вакиллари иштирокида Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Шадурди Мередов билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси вакиллари, миллий ташувчилар ҳамда транспорт-экспедиторлик компаниялари раҳбарлари иштирок этган.

Чегарада енгилликлар кутилмоқда

Қайд этилишича, музокаралар давомида ҳайдовчилар учун визаларни электрон тарзда расмийлаштириш ва тўловларни оптималлаштириш, Фарап–Олот чегара ўтиш жараёнларини такомиллаштириш, навбат ва кутиш муддатларини қисқартириш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, тез бузиладиган юклар учун алоҳида коридор ташкил этиш, нейтрал ҳудудда иккинчи кўприк қуриш, Туркманбоши порти орқали автомобиль ва темир йўл ташувларини жадаллаштириш, вазн-габарит чекловларини қайта кўриб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳамкорлик давом эттирилади

Туркман томони билдирилган таклифларни кўриб чиқиш ва тегишли давлат органларига етказишга тайёрлигини билдирган.

«Учрашув якунида икки давлат ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларини янада ривожлантириш ва ташувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди», — дейилади хабарда.

Теглар

Мавзуга оид